Ўзбекистон | 21:04 / 25.07.2023
21416
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда Ширин шаҳарчаси қурилишига 100 млн доллар ажратилади

Шаҳарча Ширин массиви ҳудудида, 665 гектар майдонда қурилади. 85 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг тоифаси ўзгартирилади. Давлат банклари лойиҳага 100 млн доллар эквивалентида кредит ажратади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарқанд шаҳри Ширин массиви ҳудудида 2023-2030 йилларда Ширин замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплекси қурилади. Бу борада президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан шаҳарчани қуриш бўйича дирекция тузилди. Дирекция директори бош вазир билан келишган ҳолда Самарқанд вилояти ҳокими томонидан лавозимга тайинланади. Дирекциянинг ҳуқуқлари қуйидагилар деб белгиланди:

  • шаҳарчани барпо этиш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • давлат шериги сифатида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим талабларини ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда белгилаш;
  • коммунал бошқариш, инвестицион фаолият, маркетинг, баҳолаш, геология қидирув, топографик суратга олиш, бино ва иншоотлар техник ҳолатини текшириш хизматларини кўрсатиш;
  • шаҳарча ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифларини Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгилаш;
  • шаҳарчани барпо этиш даврида инвесторларга шартнома асосида сервис, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматларини кўрсатиш, уларни транспорт инфратузилмаси объектлари ва ёрдамчи иншоотлар билан таъминлашни ташкил қилиш;
  • объектларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этиш, муаллифлик назорати ва техник назоратни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассис ва консультантларни тўғридан тўғри шартнома асосида жалб қилиш.

Ширин шаҳарчаси қурилишини мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳам ташкил этилиб, унга бош вазир Абдулла Арипов раис этиб тайинланди. Кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

  • лойиҳачилар, пудратчилар ва бошқаларни танлашнинг электрон шаклига амал қилмаган ҳолда жалб қилиш;
  • қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда амалга оширишга рухсат бериш.

Ширин массиви ҳудудида бузилаётган объектларнинг компенсация тўловларини амалга ошириш мақсадида Агробанк томонидан ажратилган 100 млрд сўм кредит ва унга ҳисобланган фоизлар амалдаги шартнома шартлари асосида 1 йил имтиёзли давр билан 3 йил муддатга дирекцияга қайта расмийлаштирилади.

2023 йил 1 сентябрга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ўзининг Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварағига тушган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3 йил муддатга дирекцияга 150 млрд сўм фоизсиз қарз ажратади. Бу маблағлар жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга, шаҳарча учун зарур инфратузилма объектларини барпо этишга, ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилади. 150 млрд сўмлик маблағ Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 2025 йилдан бошлаб ҳар чорак охирида тенг улушларда “Маҳалла” фондига қайтарилади.

Миллийбанк, Саноатқурилишбанк ва Асакабанк 2023 йил 1 октябрга қадар дирекцияга лойиҳани амалга оширишнинг узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан пул оқимларидаги вақтинчалик узилишларни қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтириладиган жами 100 млн доллар эквивалентида миллий валютада 7 йил муддатга револьвер кредитлар ажратади. Бу кредитлар фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, лекин асосий ставканинг 50 фоизидан кўп бўлмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация берилади.

ИССВга 2024 йил 1 апрелга қадар автомобиль йўллари, ичимлик ва оқова сув таъминоти, электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш мақсадида халқаро молия институтлари кредитлари ва ДХШ асосида инвесторлар маблағларини жалб этиш юклатилди.

Шаҳарчани барпо этиш режалаштирилаётган 665,15 гектар ер майдонидан жами 84,8 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари аҳоли пунктларининг ерлари тоифасига ўтказилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлигига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида 2031 йил 1 январга қадар ҳар йил якунида тенг улушларда бу қарор билан тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонининг 5 баравари миқдорида янги ерлар ўзлаштирилишини ва суғориладиган ерлар тоифасига ўтказилишини таъминлаш юклатилди.

Қарорга асосан, Самарқанд шаҳри Қорасув массиви ва Самарқанд тумани Қорасув маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши М-37 автомобиль йўли ҳамда М-37а Самарқанд ҳалқа йўлини туташтирувчи 2-тоифали автомобиль йўли қурилади. Йўл қурилиши билан боғлиқ харажатлар Автомобил йўллари қўмитасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 2026 йил 1 июлга қадар дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинди.

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев 5 июн куни Самарқандга ташрифи доирасида Ширин массивининг мастер режаси тақдимоти билан танишган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери