Ўзбекистон | 23:30 / 27.07.2023
43946
2 дақиқада ўқилади

Азизбек Икрамов Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди

У бунга қадар ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида бир қатор ташкилий масалаларни кўриб чиқди.

Жумладан, Икрамов Азизбек Исроилович Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. У бунга қадар ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Азиз Икромов 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техника билим юртида таълим олган. 2000-2017 йилларда Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасида турли лавозимларда – бош мутахассисдан бош бошқарма бошлиғи ўринбосаригача ишлаган.

Янги лавозимга тайинлангунга қадар, 2019 йилнинг ноябрь ойидан буён ички ишлар вазири ўринбосари – Маънавий-маърифий тарбия ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У бир муддат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари (2020-2021), шунингдек, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари (2019-2021), Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган (2017-2019).

Аввалроқ, Мирзиёев Фарғонада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилиб, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраевни лавозимидан озод этган эди.

Мавзуга оид