Германия ўнлаб немислар Россия-Украина урушида жанг қилаётганини тан олди
Уларнинг бир қисми Россия тарафида, бошқа қисми Украина тарафида урушда қатнашмоқда.
Бир неча ўнлаб немис экстремистлари Украинадаги жангларда иштирок этмоқда, уларнинг аксарияти Россия томонида. Бу ҳақда Welt нашри сўровига кўра Германия Федерал ички ишлар вазирлиги маълумот берди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери немис ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Германиядан «экстремизм ёки сиёсий мотивли жиноятларга алоқадор» 61 кишининг чиқиб кетганини қайд этди. Улар орасида ўнг қанот ҳам, сўл экстремистлар ҳам бор.
Улардан камида 39 нафари «ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш ниятида» Германияни тарк этган: 27 нафари Россия томонида, 12 нафари Украина томонида. Берлин уларнинг ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки ҳақида аниқ маълумотларга эга.
Welt нашрининг қайд этишича, Украинада жанг қилаётган немисларнинг ҳақиқий сони анча кўп. Масалан, Бундесвернинг кўплаб собиқ аскарлари Украина армияси таркибидаги халқаро легионга қўшилган. Бироқ, Германия расмийлари фақат экстремизм билан боғлиқ одамлар ҳақида маълумот тўплайди.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш фактининг ўзи Германия қонунлари билан жазоланмайди, чунки бу мунтазам армияларда хизмат қилиш масаласидир. Бироқ, «кўнгилли отрядлар» ёки «партизанлар» билан боғлиқ вазият бошқача, чунки уларда иштирок этиш «ёлланиш» деб таснифланиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги вакили хабар берган.
Аммо немис депутати Родерих Кизеветтер бу ҳолатни танқид қилмоқда.
«Украинага ҳужумда иштирок этиш учун Россия қуролли кучлари ёки террористик гуруҳларига ихтиёрий равишда қўшилган одамлар ёки экстремистлар Германияга қайтганларидан кейин жиноий жавобгарликка тортилиши керак», деди у. Депутат сўзларига кўра, Россия томонида урушда қатнашишнинг ўзи «уруш жиноятлари ва инсон ҳуқуқлари бузилишида тизимли иштирок этиш»ни назарда тутади.
Украина ва Россия қонунчилиги бошқа давлат фуқароларининг армияда хизмат қилиши ва жанговар ҳаракатларда қатнашиш имкониятини назарда тутади. Халқаро ҳуқуқ ҳам бундай имкониятга йўл қўяди, лекин алоҳида давлатлар ўз фуқароларига бошқа давлат армиясида хизмат қилишни, ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тақиқлаши мумкин.