Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига махсус устама тўланиши назарда тутилган. Бироқ Риштон туманидан бир гуруҳ ўқитувчилар Қирғизистондаги эксклав ҳудуд – Чўнғара қишлоғидаги мактабга қатнаб ишласалар-да, уларга қўшимча устама ҳақи тўланмаяпти. Ўқитувчилар ёрдам сўраб бормаган идора-ю вазирлик қолмаган.

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Риштон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 44-мактабнинг ўқитувчилари номидан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, 12 нафар ўқитувчи Риштон тумани марказидан 35 километр узоқликда қўшни Қирғизистон Республикаси Баткент вилояти ҳудудидаги Чўнғара қишлоғида жойлашган мактабда ишлайди. Ўқитувчилар таълим даргоҳигача 3 та постдан (Риштон-Қайтпас давлат чегара постлари) ўтишади.

Эксклав ҳудуд ҳисобланган Чўнғара қишлоғидаги мактабда олий маълумотли мутахассис етишмаслиги сабабли, ўқитувчилар Риштон ва бошқа туманлардан жалб этилган. Мактабга фақат Қирғизистон транспортлари орқали борилади.

Транспорт харажатининг ўзига ўқитувчилар бир кунда камида 60 минг сўм сарфлайди. Ўқитувчилар учун ажратилган ётоқхона эса авария ҳолатида.

Олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига қўшимча устамалар бериш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг 471-сонли қароридаги устама пуллари берилмаяпти. Чўнғара қишлоғи негадир рўйхатдан тушиб қолган. Ўқитувчилар масала юзасидан туман ва вилоят ҳокимликларига, тегишли вазирлик, идораларга мурожаат қилишган. Лекин натижа бўлмаган.

Ўқитувчилар бири Отабек Абдуллаев қарор ижроси таъминланмаётгани, масала юзасидан эшиги қоқилмаган идора-ю ташкилот қолмагани ҳақида гапирди.

Отабек Абдуллаев

“13 йилдан бери 44-мактабда ўқитувчилик қиламан. Мактабга келиш учун чегарадан ўтишга тўғри келади. Узундан-узоқ навбатда турамиз. 2021 йилгача Чўнғара қишлоғида биз учун ажратилган ётоқхонада турганмиз. Шу ётоқхона бугунги кунда ташландиқ ҳолатга келган.