Ливанлик сиёсатчилар 73 ёшли Саламeнинг ўрнига ким номзод бўлиши борасида келишувга эриша олмади, бу эса ҳали ҳам президентсиз яшаётган ва муваққат ҳукумат фаолият юритаётган мамлакатда яна бир ҳокимият бўшлиғини юзага келтирди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ливаннинг молиявий йўқотишлари 72 миллиард доллардан ошди — бу мамлакатнинг 2021 йилдаги ЯИМидан уч баравар кўпроқ.

Риёз Саламе 30 йиллик фаолиятдан сўнг ўз лавозимини тарк этди. Кўпчилик уни 2019 йилги қулашгача Ливан молия тизимининг асоси деб ҳисоблаган. Шундан кейин Франция, Германия ва Ливаннинг ўзида унга нисбатан коррупция айбловлари пайдо бўлди. У айбдорлигини инкор қилади ва ўзини «гуноҳ эчкиси» (қадимги яҳудий афсонасига кўра, бутун халқ гуноҳлари юкланган эчки) қилишганини таъкидлайди.

Саламе мамлакатдаги иқтисодий инқироз, сўнгра миллий валюта қулаши ва қашшоқлик даражаси тезлик билан ўсиши учун жавобгар бўлган Ливан сиёсий элитасининг асосий фигураларидан бири эди. Ливан банкларининг аксарият омонатчилари бир вақтлар гуллаб-яшнаган банк секторидаги депозитларидан маҳрум бўлди.

Ливан ҳукмрон элитасидаги ҳал қилиб бўлмайдиган можаролар туфайли бир йилдан ортиқ вақтдан бери президентни тайинлаш ва вазирлар маҳкамасини тўлиқ шакллантиришнинг имкони бўлгани йўқ.

Молиявий инқироз 2019-йилдан буён давом этмоқда. Жаҳон банки бу инқирозни замонавий тарихдаги энг оғирларидан бири деб атайди.

Ливандаги энг муҳим давлат лавозимлари мусулмон ёки насроний бўлган 18 та тан олинган диний жамоалар вакилларига тақсимланган.

Бир йилдан ортиқ вақтдан бери Ливанни чекланган ваколатларга эга муваққат ҳукумат бошқармоқда, тўққиз ойдан буён мамлакатда президент йўқ.

Вақтинча бош вазир Нажиб Микати ва парламент спикери Набиҳ Берри бир неча ой Саламенинг ўрнига ўринбосар қидирди ва 30 июл куни улар яна эҳтимолий номзод борасида келишиб олишга уринди.

Ливан қонунчилигига кўра, Саламенинг ўрнини вақтинча унинг биринчи ўринбосари Вассим Мансурий эгаллаши керак.

Мансурий ва яна уч ўринбосар, июн ойида агар зарур ваколатлар берилмасдан туриб, улар бу масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур қилинса, истеъфога чиқиш билан таҳдид қилган эди.

Бироқ, шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» партияси ва унинг иттифоқчиси, ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи насронийларнинг «Эркин ватанпарварлик ҳаракати» бу талабларни рад этиб, муваққат ҳукумат Марказий банкнинг доимий раҳбарини тайинлаш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди.