19:01 / 04.08.2023
32789

Блогер Абдуқодир Мўминовга суд ҳукми ўқилди

Товламачилик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланган Абдуқодир Мўминовга 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Фото: Олий суд

Бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида блогер, «Oynaga qarang» МЧЖ раҳбари Абдуқодир Мўминовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов эълон қилган ҳукмга кўра Абдуқодир Мўминов фуқаролар Л. М., Ф. К. ва Э. Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.

Мўминов Жиноят кодексининг 141−1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а» банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга Жиноят кодексининг 45-(муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57-(енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда Жиноят кодексининг 59-(бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-(жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, Абдуқодир Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.

Биринчи инстанция ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжудлиги маълум қилинади.

Top