12:45 / 04.08.2023
7169

“Минтақамизнинг кейинги тараққиёти ҳеч шубҳасиз сув омилига боғлиқ” – Сенат раиси

Сенатнинг бугун ўз ишини бошлаган қирқ учинчи ялпи мажлисида сувни асраб-авайлаш, уни тежаш ва самарали фойдаланиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.  

Фото: Senat.uz

Муҳокамалар жараёнида Сенат раиси Танзила Норбоева минтақанинг кейинги тараққиёти ҳеч шубҳасиз сув омилига боғлиқ эканини таъкидлаб ўтган.

Бизга жамият ва давлат имкониятларини тўлиқ сафарбар қиладиган, барча учун бирдек мақбул, манфаатли ва масъулиятли сув сиёсати керак. Бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш – биринчи галдаги вазифа.

Рақамли ва илмий жиҳатдан асосланган тежамкор технологияларни кенг жорий этмасдан туриб сув муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.

Сувни асраб-авайлаш ахлоқий тарбиямизнинг ажралмас қисмига айланиши шарт. Биринчи навбатда, инсонларимиз, айниқса ёш авлоднинг экологик маданиятини тўғри шакллантиришимиз зарур.

Лекин ташаббус Сенат томонидан илгари сурилгани билан ушбу масалада Ҳукумат, вазирлик, идоралар ва илмий ҳамжамиятнинг ўзаро ўйғун ҳаракати таъминланмаса, кутилган натижага эришиш қийин”, дея ўз фикрларини билдириб ўтган Сенат раиси.

Сенаторлар сув масаласи билан боғлиқ бўлган “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунни ҳам кўриб чиқишди.  Таъкидланишича, бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилмоқда.

Қонун билан гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачи ташкилотларнинг, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари белгиланмоқда.

Муҳокамалардан сўнг ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Top