21:05 / 08.08.2023
11541

Cиёсатшунос Марказий Осиё интеграцияси ҳақида: “Ягона куч бўлишимиз керак”

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Kun.uz'нинг Марказий Осиё интеграцияси мавзусидаги интервюсида минтақанинг бешта давлати нафақат иқтисодий, балки ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлаши зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

“Марказий Осиёда ҳозирги айтилаётган иқтисодий интеграция – ҳали интеграциянинг ярим даражаси. Умумий пировард мақсад – кучли сиёсий бирлик бўлиши ва унинг замирида хавфсизлик масаласи туриши керак.

Марказий Осиё давлатларининг иккита энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари – қудратли Россия ва Хитой Халқ Республикаси, улар эса туркий давлатларга тажовуз қилган давлатлардир. Биз иқтисодий томондан дунёдан узилолмаймиз ва бу бизнинг манфаатимизга тўғри келмайди, яъни иқтисодий масалалар ва геосиёсий мустақиллик, ўзлик ўртасида маълум бир зиддиятлар бор.

Фикримча, интеграциядан асосий мақсад умумий мудофаа бўлиши керак. Биз – бешта республика шу даражага келишимиз керакки, ўртада яширин интригалар минимум даражага тушиб, ўртадаги бирлик, ҳамжиҳатлик нафақат давлатлар ва ҳукуматлар, балки жамиятлар даражасида ҳам бўлиши лозим. Лекин бугун зиддиятлар мавжуд. Жамиятлар ўртасида ишончсизлик ҳам бор, бу борада социологик тадқиқотлар олиб борилиши керак. 2010 йил воқеалари, Тожикистон ва Қирғизистон муносабатларини олиб қарасак, биз ҳали жамиятлар даражасидаги интеграциядан узоқмиз.

Минтақани бирлаштирувчи ахборот майдони мавжуд эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё учун умумий тадқиқотлар, институтлар ҳам йўқ. Биз кеча бирга бўлганимизни биламиз, лекин миллатчилик каби муаммоларни ҳам кўриб турибмиз. Марказий Осиё давлатларининг Украина урушига нисбатан позициялари ҳам бироз фарқ қилади. Яқин келажакда дунёнинг энг қудратли иқтисодиётига айланувчи Хитойга нисбатан қандай позицияда бўлишимиз бўйича на жамиятларда, на давлатларда аниқ бир ёндашув йўқ”, – дейди сиёсатшунос.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўз олдиларига аср охирига бориб умумий платформада, ягона ўзлик асосида, ягона кучга айланиш вазифасини қўйиши керак.

Top