Ўзбекистон | 11:41 / 11.08.2023
13556
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида ҳарорат пасайиши кутилмоқда

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво тарқала бошлайди ва ҳарорат фони республика бўйича аста-секин пасаяди. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, кундузи ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +33...+36 даража атрофида бўлади, ҳатто жанубий ҳудудларда ҳам +38...+40 даражадан юқори бўлмайди.

Дам олиш кунлари ҳароратнинг аста-секин пасайиши давом этади. Якшанба куни кундузги ҳарорат +30...+32 даражадан, жанубда +35 даражадан ошмайди.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятлари тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

12-13 август кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги чанг-тўзон билан 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлигининг кучайиши баъзида 20-22 м/с га етиши мумкин.

Кейинги ҳафтанинг ўртасида кундузги ҳаво ҳарорати +27...+30 даражагача янада пасаяди. Айниқса, кечаси ва эрталаб ҳавонинг салқинлашиши сезиларли бўлади, бунда ҳарорат +13...+16 даражагача тушади.

Пойтахтда 11-13 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ҳарорат кундузи +34...+36 даража, шанба куни +32...+34 даража, якшанба куни +30...+32 даража бўлади. Шамол шарқий йўналишда эсади, кечалари 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.

Мавзуга оид