07:35 / 11.08.2023
1107

Ўзбекистон ва Озарбойжон энергетика соҳасида ҳукуматлараро битим имзолашни режалаштиряпти

Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбойжон Энергетика вазирликлари қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, унда Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров ва Озарбойжон энергетика вазири ўринбосари Самир Велиев иштирок этди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан 2022 йил август ойида имзоланган «Йўл харитаси» ижроси кўриб чиқилди ҳамда томонлар унинг ҳар бир банди бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

«Йўл харитаси» қайта тикланувчи энергия манбалари ва ДХШ асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, энергия самарадорлиги, электр ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, инвестиция блокларида геология-қидирув ишлари, нефт ва газ кимёси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, институционал ислоҳотлар, кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш кабиларни ўз ичига олади.

Муҳокамалар якуни бўйича «Йўл харитаси» доирасидаги ишларнинг бажарилиши қониқарли деб топилди ва ҳамкорлик йўналишларининг кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар янги «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни келишиб олди.

Шунингдек, учрашув давомида икки давлат Энергетика вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган ҳукуматлараро битим ҳамда «Ўзбекнефтгаз» ва SOСAR ўртасидаги келишувлар бўйича ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Top