Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарё вилояти бош солиқчиси Марғилонга ҳоким бўлди
Шукуруллохон Нисбатхонов Марғилон шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
Бугун, 11 август куни Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимидан озод этилган Адҳамжон Зиёвуддинов ўрнига янги шаҳар ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Шукуруллохон Холматхонович Нисбатхонов номзоди Марғилон шаҳар депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
Шукуруллохон Нисбатхонов 1969 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 1988 йили Марғилон режа-иқтисод техникумини, 1997 йилда эса Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи.
Меҳнат фаолиятини 1992 йилда Ёзёвон тумани давлат солиқ инспекциясида давлат солиқ инспектори лавозимида бошлаган. Кейинроқ Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасида ишлаган, 2019 йилда бошқарма бошлиғи ўринбосари, 2020 йилда бошқарма бошлиғи бўлган.
2022 йил апрелида эса Қашқадарё вилояти ДСБ бошлиғи лавозимига ўтказилганди. 2023 йил 10 август куни Шуҳратали Имомов Нисбатхонов ўрнига Қашқадарё вилояти ДСБ бошлиғи этиб тайинланди.
- Адҳамжон Зиёвуддинов Марғилон шаҳрига 2020 йил апрелидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. У 2023 йил июл ойи охирида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда ишдан олинганди.
- Бундан олдинроқ Баҳодир Холиқов Риштон тумани ҳокими этиб тайинлангани хабар қилинганди.