Жаҳон | 20:00 / 16.08.2023
23393
10 дақиқада ўқилади

Эрон, Кувайт ва Саудия Арабистони ўртасидаги газ кони бўйича баҳс қайта жонланди

Сўнгги ойлар ичида Форс кўрфазида жойлашган ҳамда Эрон, Кувайт ва Саудия Арабистони ўртасида талаш бўлаётган йирик газ кони бўйича азалий баҳс яна қалқиб чиқди. Араб давлатлари газ кони учун «танҳо ҳуқуқ»қа даъвогарлик қилишмоқда. Эрон, табиийки, бундан норози.

Фото: Getty Images

Эронликлар Ораш, Кувайт ва Саудия Арабистони Дурра деб атовчи мазкур кон 1960-йиллардан буён даъвогар томонларнинг бир неча эътирозлари ва қарши даъволари билан машҳур бўлган ва Форс кўрфазидаги уч қўшни давлатнинг ўзаро муносабатларига рахна солиб келмоқда.

Можароларнинг сўнгги цикли 2022 йилда бошланган. Ўшанда Саудия Арабистони ва Кувайт Эроннинг чегараларни демаркациялар ва баҳсни тугатиш бўйича мулоқотлар ўтказиш бўйича чақирувларини эътиборсиз қолдириб, кондан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув имзолашди.

Ўтган ойдан бошлаб Кувайт ва Саудия Арабистонининг расмий шахслари денгиздаги газ конига «танҳо ҳуқуқ»қа эга эканликларини бот-бот такрорлашди, Эрон эса томонларга уларнинг юридик мажбуриятини эслатиш билан банд бўлди.

Ҳаммаси Кувайт ташқи ишлар вазирлигининг газ конига «танҳо ҳуқуқ»қа эга эканини тасдиқлаши билан бошланди, шундан сўнг Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги ҳам шундай баёнот билан чиқиш қилди.

Кувайт нефт вазири Саъд ал-Баррак «Ал-Ахбория»да чиқиш қилиб, унинг мамлакати Эрон билан чегараларни демаркация қилишни кутиб ўтирмаслиги, конда «бурғилаш ва газ қазиб олиш»да давом этишини билдирган.

Ўтган пайшанба куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги Кувайт билан биргаликда Дурра конидаги табиий ресурсларга «танҳо ҳуқуқ»қа эгаликлари борасида яна бир баёнот билан чиқиш қилган.

Бунга жавобан Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний Кувайт ва Саудия Арабистонини бу масаладаги ихтилофни ошкора муҳокама қилишдан қайтарган ва бу амалиётни «бефойда» деб атаган, деб ёзади Parstoday.

Канонийнинг огоҳлантиришича, агар бошқа томонлар кондан биргаликда фойдаланишга интилмаса Эрон қўл қовуштириб қараб ўтирмайди ва бу соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Унинг эътирозлари Эрон нефт вазири Жавод Оужийнинг Кувайт ва Саудия Арабистони «ҳамкорликка хоҳиш билдирмаса» Эрон шак-шубҳасиз ўз «ҳуқуқ ва манфаатлари»ни ҳимоя қилиши тўғрисидаги баёнотларидан бир кун ўтиб янгради.

Ўн йиллик баҳс

Форс кўрфазидаги кон япон фирмаси томонидан 1967 йилда очилган. Ўшанда Эрон British Petroleum ўрнига пайдо бўлган Anglo-Iranian Oil Company’га конни ўзлаштириш ҳуқуқини топширган, Кувайт эса ўз ҳуқуқлари улушини Royal Dutch Shell компаниясига берган.

Бу ён беришлар коннинг шимолий қисмида кесишган, ўша вақтда музокараларда ҳеч қандай олға силжиш кузатилмаган.

Эрон 2001 йилда Кувайт ва Саудия Арабистони форсларсиз конни ўзлаштиришни бошлаганда конда бурғилаш ускуналарини ўрнатишга киришган. Бироқ, Теҳрон ва Ал-Кувайт бир муддат ўтгач ўз лойиҳаларини тўхтатишган.

Ўтган йили Кувайт ва Саудия Арабистони келишув имзолаган, Эрон уни «ноқонуний» деб атаган ва бу келишув аввалги, кондан ҳар уч давлат маслаҳатлашиб фойдаланиши тўғрисидаги келишувга зид эканини таъкидлаган. Теҳрон ҳаттоки 2001 йилда тўхтатиб қўйилган бурғилаш ишларини қайтадан бошлашини ваъда қилган.

Ораш/Дурра газ кони чегаралари кўрсатилган харита

Эрон ва Кувайт баҳс бўйича музокараларнинг сўнгги босқичини март ойида ўтказишди, бироқ натижасиз.

Ўтган пайшанба куни Эрон ташқи ишлар вазирлиги унинг Кувайтдаги қандайдир янги вакили араб давлати ташқи ишлар вазири Салим Абдуллоҳ ал-Жобир ас-Сабоҳ билан учрашгани ва уни Теҳронга таклиф этганини хабар берди.

Бу ташриф давомида баҳсли газ кони икки томон ўртасидаги мулоқотларда тилга олиниши эҳтимоли катта.

Эрон парламентининг энергетика комиссияси раиси ўринбосари Аҳмад Муродий Press TV каналига берган интервюсида Кувайт Эроннинг яхши ниятдаги ҳаракатларига ўзаро ҳурмат маъносида жавоб қайтариши лозимлигини таъкидлаган.

«Ораш кони борасидаги баҳс икки давлат ўртасидаги муносабатларга рахна солмаслиги керак, — деган Муродий. — Кувайт босиқлик билан, аксилэрон пропагандага учмасдан, газ қазиб олишдек заруриятни қўлга киритиши учун адолатли тақсимотга эга бўлган жиддий музокаралар ўтказиши керак».

Депутат нисбатан кам харажатлар билан конни биртомонлама ўзлаштиришга ҳам қодирлигини таъкидлади ва Сўруш ва Абузар конларидаги ишларга ишора қилди.

Бир-бирига зид талқинлар

Эрон денгиз нефт компанияси томонидан ўтказилган сейсмик разведка газ конининг 40 фоизга яқини Эроннинг ҳудудий сувлари остида жойлашганини кўрсатади ва бу бошқа томонларнинг баёнотларини инобатдан соқит этади.

Бироқ Кувайт Эрон баёнотларини рад этиб, Британиянинг Royal Dutch Shell компанияси томонидан ўтказилган сейсмик разведка Эрон кондаги ишларга аралашишга ҳақи йўқлигини кўрсатаётганини таъкидламоқда.

Энди икки араб давлати бу кон фақат уларга тегишли эканини таъкидлаб, Эронни нейтрал зона деб аталаётган шарқий чегарани демаркация қилиш бўйича музокара ўтказишгагина таклиф этишмоқда.

Кон Британия империалистлари томонидан белгилаб берилган, Саудия Арабистони ва Кувайт томонидан бўлиб олинган нейтрал зонанинг денгиз қисмида қисман жойлашган.

Саудия Арабистони ва Кувайт ўртасидаги нейтрал ҳудуд

Кейинроқ икки давлат бу нейтрал ҳудудни бўлиб олишган ва ишлаб чиқаришдан келадиган даромадларни тенг бўлиб олиш борасида келишиб олишган.

Эрон шу пайтгача фақат Кувайт билан музокаралар олиб борган, чунки Эрон-Саудия денгиз чегараси фақат 1968 йилга келиб белгиланган.

1968 йилги келишувга асосан Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида ўрнатилган денгиз чегараси

Теҳрон университетининг геосиёсат бўйича профессори Заҳро Пешгоҳи Фард Press TV сайтига интервю берар экан, Кувайтнинг Эрон билан чегараси борасидаги расмий позицияси Кувайт аъзо бўлган 1982 йилги денгиз ҳуқуқи конвенциясига тўғри келмаслигини таъкидлайди.

Пешгоҳи Фардга кўра, Кувайтнинг 2014 йилда қабул қилинган денгиз зоналари тўғрисидаги қонунида фойдаланилган харита конвенцияга зид равишда мамлакат ҳудудий сувларини ўрта чизиқдан чиқариб, кенгайтиради.

Профессорга кўра, бу Кувайт зонасининг Эрон денгиз зонаси ичига сезиларли тарзда кириб кетишини таъминлаётган ягона муаммо эмас экан.

Кувайтнинг 2014 йилги денгиз зоналари тўғрисидаги қонунида фойдаланилаётган харита (БМТ харитаси)

«Кувайт қонунчилигида Кувайт қўлтиғидаги қуйилиш жойидан чиқаётган тўғри чизиқлардан нотўғри фойдаланилмоқда, чунки келишувга кўра ўрнатилиши лозим бўлган бошланғич чизиқлар узунлиги 24 денгиз милясидан узунроқ, — деган Пешгоҳи Фард. — Бундан ташқари, Кувайтдан чиқаётган бошланғич чизиқлар материкдан жуда узоққа чўзилган ва учбурчак шаклга эга. Конвенцияга кўра чиқарилаётган бошланғич чизиқлар қирғоқнинг умумий йўналишидан бирор томонга сезиларли оғмаслиги лозим».

Профессорга кўра, Кувайт Уҳа оролини «ички сувлар ва бошланғич чизиқлардан ташқарида» жойлаштирган.

«1982 йилги конвенцияга кўра, бу орол мамлакат ҳудудий сувлари ичида бўлиши керак, чунки унинг материкдан узоқлиги 12 денгиз милясидан узоқ», — дейди Пешгоҳи Фард.

Ҳамкорлик учун йўналиш

Денгиз соҳаси узоқ вақтлардан буён Эрон ва Кувайт ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви манбайи бўлиб келган. Бироқ, экспертларга кўра бу майдон «ҳамкорлик ва биргаликда кучайиш соҳаси»га ҳам айланиши мумкин.

Кувайт тарихан Эрон билан илиқ муносабатларда бўлиб келган, эндиликда Саудия Арабистони ҳам Теҳрон билан муносабатларидаги кескинликни юмшатиш томон ҳаракат қилаётганида уларда баҳсга бутунлай нуқта қўйиш учун катта имконият бор, дейишмоқда улар.

Бу орада Кувайт ва Ироқ ҳам ўз денгиз чегаралари борасида худди шундай баҳсга якун ясаш учун август ойида музокаралар режалаштиришаётганини эълон қилишди. Бу музокаралар Эрон ва Кувайт ўртасидаги музокараларга ҳам йўл очиши мумкин.

Баҳсга қандай якун ясаш мумкин, деб савол берилганда профессор Пешгоҳи Фард учтомонлама консорциум ташкил қилиб, ҳар бир томонга адолатли улуш ажратиш лозимлигини таклиф қилган.

«Биринчи навбатда Эрон-Кувайт чегараси ҳамда нейтрал зонада Эрон-Саудия чегараси демаркациясини ўтказиш керак. Шундан сўнг уч мамлакат иштирокида 1982 йилги конвенцияга асосан конда ҳар бир давлат улушини ажратиб берувчи консорциум ташкил қилиш мумкин», — деган профессор Press TV сайтига берган интервюсида.

Агар демаркация тўғрисидаги баҳс тартибга солинса, мамлакатлар миллиардлаб доллар инвестиция киритиб, конни ривожлантириш бўйича олдинга катта қадам ташлаган бўлишади.

Умумий газ конларида биргаликда газ қазиб олишнинг ҳуқуқий механизмлари аллақачон яхши йўлга қўйилган, бу конларни самарали ва тез ишлатишни таъминлайди.

Уч мамлакат шунингдек энергетик ҳамкорликнинг бошқа турли шаклларида иштирок этиш имкониятини ҳам кўриб чиқишмоқда. Эрон аллақачон Ўмон билан энергетик ҳамкорлик бошлаган. Унга кўра Эрон газини Ўмонга етказиш учун денгиз остидан ўтувчи қувур қуриш, шунингдек танкерларда суюлтирилган табиий газ етказиш бўйича ишлар бошланган.

Агар бу уч давлат бир-бири билан ҳамкорлик қилишнинг йўлини топа олса, бу Форс кўрфазидаги яна бир тарангликни юмшатиш жараёнини мустаҳкамлайди ва қўшничилик бўйича жиддийроқ баҳсларни ҳам тартибга солишга йўл очади, дейишмоқда экспертлар.

Мавзуга оид