Жанубий Корея ва Япония АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги муҳим иттифоқчиларидир, аммо бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар, айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан кейин анча мураккаблашган.
АҚШ ҳар икки давлат билан муносабатларда «янги давр» бошлашга ваъда берди ва таҳлилчилар бу ишни имкон қадар тезроқ қилиш кераклигини таъкидламоқда. Иттифоқчиларга минтақадаги яна бир йирик ўйинчи — Хитойнинг ҳарбий қудрати ошиб бораётгани ва Шимолий Корея ядровий дастурининг ривожланиши таҳдид солмоқда.
Саммитни ташкил қилишда Байден Япония ва Жанубий Корея яқинда баъзи тарихий келишмовчиликларни бартараф эта олганидан фойдаланди.
Аввалроқ Оқ уйнинг Ҳинд-Тинч океани масалалари бўйича координатори Курт Кэмпбелл Вашингтоннинг Токио ва Сеул билан алоқалари «XXI асрда уч томонлама муносабатларни белгиловчи» бўлишини айтган эди.
«18 август куни кўрган нарсангиз, ҳозир ҳам, келажакда ҳам уч томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга йўналтирилган жуда амбицияли ташаббуслар тўплами», дейди Кэмпбелл.
«Эҳтимолий ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун реал вақт режимида разведка маълумотларини алмашиш Япония ва Жанубий Кореяни бир-бирига яқинлаштиришга ёрдам беради», дейди Стенфорд университетидаги Гувер институти ходими Майкл Ослин.
«Ахборот алмашинуви ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Биз олдин бунақасини кўрмаганмиз», дея қўшимча қилган у.
Пекиннинг қораланиши ва КХДРнинг Россия билан дўстлиги
АҚШнинг аввалги маъмуриятлари Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги мудофаа алоқаларини мустаҳкамлашга бир неча бор уриниб кўрди, аммо улар бу борада сезиларли муваффақиятга эриша олмади.
Бироқ, Байден маъмурияти Кэмп-Дэвид учрашуви иштирокчилари ўз лавозимларини тарк этгандан кейин ҳам давом этадиган муносабатларни ўрнатишга дов тикди.
Пекин, кутилганидек, саммит ўтказилишини қоралаб, «тегишли давлатлар томонидан турли гуруҳлар шакллантирилишига ва уларнинг қарама-қаршиликни кучайтириш ва бошқа мамлакатларнинг стратегик хавфсизлигига хавф туғдириш амалиётига қарши экани»ни маълум қилди.
«Хитой ‘минтақавий хавфсизликʼ деб аталмиш нарсани таъминлаш учун тўпланган баъзи бир-бирини истисно қилувчи гуруҳлар фақат душманликни кучайтираётгани ва бошқа мамлакатларнинг стратегик хавфсизлигига путур етказаётганига эътибор қаратди. Хитой бу амалиётга кескин қарши», деган Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пенюй.









