Ўзбекистон | 19:30 / 31.08.2023
4237
3 дақиқада ўқилади

Мораторий эълон қилингандан буён дарахтлар кесилиши натижасида табиатга етказилган зарар 36 млрд сўмдан ошган

Дарахтлар ва буталарни кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 44 мингга яқин, шундан 9,5 мингга яқин қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши натижасида табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Фото: Getty Images

Бундан ташқари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда чорва моллари назоратсиз ва тизимсиз боқилиши ҳолатларининг ортиб бориши, ер ости сувларидан илмий асосларсиз фойдаланиш экотизимларнинг бузилишига, катта ер майдонлари деградациясининг ортишига ҳамда уларнинг чўлланишига олиб келмоқда, оқибатда иқлим ўзгаришининг таъсири кучаймоқда, инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилмоқда. Қизил китобга киритилган балиқларни қонуний овланиш ҳолатлари сони ошган. Хусусан, бу кўрсаткич, 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 66 фоизга ошган.

Бироқ, 2022 йилда экологик ҳуқуқбузарликлар юзасидан 27 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича енгил молиявий жарима жазоси қўлланилган холос. Ваҳоланки, экология соҳасидаги жиноятлар натижасида етказилган зарар бошқа оғир ва ўта оғир жиноятлар натижасида етказилган зарар ҳажмидан каррасига кўп бўлиши ҳам мумкин. Ўзбекистон жиноят қонунчилигига кўра экология соҳасидаги жиноий қилмишлар учун назарда тутилган жиноий санкциялар миқдори содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда келиб чиқадиган оқибат миқдорига мутаносиб эмас. Масалан, Жиноят кодекснинг 193-204-моддаларида содир этилган қилмиш учун назарда тутилган санкция максимал 5 йилга озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Хориж тажрибасига эътибор қаратилса бундай жиноятлар учун Беларус ва Қозоғистонда 7 йилгача, Россия, Озарбайжон ва Литвада 8 йилгача, Германия, Финландия, Украина, Хитой ва Японияда 10 йилгача, Арманистон ва Латвияда 12 йилгача, Сингапурда эса 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганлигини кўрсатади.

Шу билан бирга, уларнинг аксариятида, масалан, Испания, Финландия, Россия, Украина, Беларус, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистонда озодликдан маҳрум қилиш билан бирга қўшимча жазо чораси сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳам белгиланган.

Қолаверса, Президентимизнинг юқорида назарда тутилган фармонида ҳам “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2023 йил 31 майдаги ПҚ–171-сон Қарорида ҳам ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш ва улардан фойдаланиш бўйича алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш, ўрмон фонди ерларида ноқонуний бино-иншоотлар ва иморатларни қуриш бўйича алоҳида жиноят таркибини киритиш ҳамда унинг санкцияларини суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун белгиланган санкцияларга тенглаштириш ҳамда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жарималар миқдорини 10 бараварга оширишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан экология соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда жавобгарликнинг оғирлаштирилиши жиноят-ҳуқуқий нормалар воситасида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Зайниддин ШАМСИДИНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси катта ўқитувчиси, (PhD)

Мавзуга оид