6 ойда 335 нафар шахсга нисбатан асоссиз қамоқ эҳтиёт чораси қўлланишининг олди олинган
2022 йилда тергов органларидан судларга қамоқ эҳтиёт чораси қўллаш билан боғлиқ 24 118 та илтимоснома келиб тушган. Шундан 485 таси рад этилган. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 10 714 та илтимосномадан, 335 таси рад қилинган.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахс ушлаб турилган пайтдан эътиборан 48 соат ўтгунига қадар судга ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун олиб борилиши керак. Агар ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, у дарҳол озод этилиши лозим. Мазкур норма биринчи навбатда, шахснинг асоссиз ва муддатсиз ҳибсга олинишига йўл қўймаслик талабини таъминлайди.
Қамоқ эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланиши амалиётини мисол қиладиган бўлсак, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 118 та илтимосномадан 485 таси, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 10 714 та илтимосномадан 335 таси рад этилган. Яъни судлар томонидан 2022 йилда 485 нафар ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 335 нафар шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиши олди олинган.
Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва бундай ҳолатда биринчилардан бўлиб у ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлади. Чунки жиноятда шахснинг айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти тўғридан тўғри тергов органларига юклатилади.
Одамлар кўпинча тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушлангани айтилмаслигидан шикоят қилади. Оқибатда, фуқароларнинг ҳуқуқлари қўлга олинган вақтнинг ўзидаёқ хавф остида қолади. Минг афсуски, фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмагани ва ҳеч ким уларга буни аниқ ва батафсил тушунтирмагани учун тергов жараёнида қонунга зид ҳолатлар кузатилади. Конституцияда жиноий таъқибга олинган шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялашнинг деярли барча усуллари акс эттирилган.
Мамлакатда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгайди. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши кафолатланди.
Яна бир муҳим жиҳати, Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Мазкур норма тўғридан тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбурланмайди. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ноқонуний усуллар қўлланишининг олдини олишга хизмат қилади. Бу норма айбсизлик презумпцияси принципининг муҳим кафолатидир.
Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олгани унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилиши олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахсларни аниқлашга хизмат қилади, дейилади Олий суд томонидан тақдим этилган маълумотда.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024