Challenger танки тарихда илк бор душман ўқи билан йўқ қилинди. Бу Украина жанубида рўй берган
Интернетда Британиянинг Challenger 2 асосий жанговар танки ёнаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Бу танклар август ойи охиридан бошлаб Запорижжя областидаги қарши ҳужум амалиётларида қатнашаётган Украина қуролли кучлари 82-алоҳида десант-штурмчи бригадаси сафида хизмат қилаётганди.
Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Sky News телеканали эфирида Украинада йўқ қилинган Challenger 2 танки ҳақида бир кун аввал пайдо бўлган маълумотни тасдиқлади.
«Бу, эҳтимол, биз билган биринчи йўқотиш», деган Шэппс. Унинг сўзларига кўра, танк Россия артиллерияси зарбасига учраган. «Challenger 2 экипажининг барча олти аъзоси тирик қолди», дея қўшимча қилган у.
Запорижжя областининг Работине қишлоғи ҳудудида Challenger 2 ёнаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда 5 сентябр куни тарқалганди.
Destroyed Ukrainian Challenger 2 outside of Robotyne, most likely from the 82nd Air Assault Brigade. pic.twitter.com/KInjnmfs4F
— OSINTtechnical (@Osinttechnical) September 5, 2023
The Guardian нашри Ғарб разведка идоралари маълумотларига таяниб, танк аввалига минага тушиб қолган ва унинг орқа ёнилғи баки ёниб кетган, экипаж танкни тарк этгани, кейин эса Россия дрони бўш Challenger 2’га зарба бергани ҳақида ёзди.
Зирҳли техникалар соҳасидаги украиналик эксперт Андрей Тарасенко BBC учун берган интервюсида айтишича эса, интернетда тарқалган видеони олган оператор ичида бўлган автомобил ҳаракатланган йўл съёмка вақтида ўқлар ёмғири остида бўлган ва машина бошқа ҳаракатсиз Т-64БВ (Россия ва Украина армиялари томонидан ишлатиладиган, советлар иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган танк) ёнидан ҳам ўтган. Демак, бу танклар гуруҳи, катта эҳтимол билан Россия артиллерияси ўқлари остига тушиб қолган.
«У ерга, масалан, машиналарни юқоридан йўқ қилиши мумкин бўлган инфрақизил нурли ва суб ўқ-дорили снарядлар учиб келган бўлиши мумкин», деб қўшимча қилган эксперт.
Суб ўқ-дорилар — кассетали ўқ-дориларнинг таркибий қисми бўлиб, портлаш пайтида улар сочилиб, йўқ қилиш майдонини кенгайтиради. Кассетали бомба турларидан бири зирҳли транспорт воситаларини йўқ қилувчи, танкка қарши ўқ-дорилар билан жиҳозланган.
Мутахассис, шунингдек, видеода кўринган бундай ёнғиндан сўнг, танкни сафга қайтариш имконсизлигини ҳам таъкидлаган, чунки металл юқори ҳарорат сабаб ўз хусусиятларини ўзгартиради.
Танк экипажи омон қолгани бу танк жуда яхши ҳимоялангани билан изоҳланади. Видеода ҳам танк ёнаётгани акс этган бўлса-да, у тўлиқ яксон бўлмаган ва ичкарида портлаш рўй бергани аломатлари йўқ.
Замонавий танк
Challenger 2 — дунёдаги энг замонавий танклардан биридир. У 1994 йилдан бери Британия армиясида хизмат қилмоқда. Чорак аср давомида у «зарар етказиб бўлмас» танк сифатида довруғ қозонганди.
Шу пайтга қадар бирорта ҳам Challenger танки жангда душман ўқи натижасида йўқ қилинмаган. Ягона йўқ қилинган Challenger танки 2003 йилда Ироқда «ўзиникилар отиши» қурбони бўлган.
Аммо, бундай репутация жанговар транспорт воситасининг баъзи ажойиб хусусиятлари натижаси эмас. Гап шундаки, улар бор-йўғи 450 тага яқин миқдорда ишлаб чиқарилган. Challenger 2 танклари Югославия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган бўлса-да, соф статистик маълумотларга кўра, улар камдан кам ҳолларда жангларда қатнашган.
Танкнинг асосий афзалликларидан бири сифатида унинг керамик плиталардан фойдаланиладиган Chobham типидаги кўп қатламли зирҳи айтилади.
Бундай зирҳлар камулятив ўқ-дориларга қарши ҳам (камулятив снарядлар — портлаш маҳсулотлари ва эритилган металлдан ташкил топган, зирҳни жуда кичик йўналишда тешадиган танкка қарши ракеталар ёки граната отиш мосламалари), субкалибрли ўқларга қарши ҳам анча самарали.
Танк олд томондан жуда яхши ҳимояланган, ён ва орқа томонлар эса камроқ ҳимояга эга.
Замонавий ёки эскирган?
Андрей Тарасенконинг қайд этишича, Challenger 2 буткул замонавий танк бўлишига қарамай, унинг нафақат афзалликлари, балки камчиликлари ҳам бор. Тарасенко бу камчиликларни британияликлар ушбу танкни ишлаб чиқишда жанг майдонидаги янги таҳдидларни ҳисобга олмаган ҳолда, ўтган урушлар, шу жумладан Иккинчи жаҳон уруши тажрибаларига асосланган консерватив ёндашувни қўллагани билан изоҳлайди.
«Challenger олдинги миноранинг жуда кучли ҳимояси каби ўзининг ижобий фазилатларига эга. Аммо у ҳали ҳам ХХ асрнинг 60-йилларида амалда бўлган концепция ва қарашларни акс эттиради ва ундан қандайдир мўъжиза кутмаслик керак. Артиллерия унга ҳатто Т-64’га қараганда кўпроқ зарар етказади», дейди эксперт.
Олд томоннинг кучайтирилган ҳимояси — танклар таран вазифасини бажариб, душман позицияларига ҳужум қилган ва кўпинча олд томондан ўққа тутилиш хавфи остида бўлган урушлар тажрибасининг натижасидир.
1980 ва 1990-йилларда Challenger ва Challenger 2 танклари ҳақиқатан ҳам олд томондан энг қаттиқ ҳимояланган танклар эди. Аммо ушбу «олд тараф зирҳ ўлчовлари», биз ҳозир кўриб турганимиздек, замонавий воқеликда ўз аҳамиятини қисман йўқотди. Ҳозир Иккинчи жаҳон уруши ва Араб-Исроил урушлари бўйича тадқиқотлар натижалари асосида яратилган ўтган аср концепцияларига ўрин йўқ», дейди эксперт.
Сойли тўп
Challenger 2’нинг яна бир алоҳида хусусияти Л30А1 номли 120 миллиметрлик сойли (нарезкали) тўпдир.
Бурама қуролларда снаряд (ёки ўқ) махсус винтли бурама туфайли стволда гирдоб шаклида айланади, шундан сўнг снаряд нисбатан барқарор учади.
Бу аниқликни оширади, бу эса афзалликдир. Дарҳақиқат, Challenger дунёдаги энг аниқ танклардан бири ҳисобланади.
Бироқ, силлиқ стволли қуроллар ҳам замонавий танкларда юқори қадрланувчи ўз афзалликларига эга.
Стволдаги газ босими юқори бўлгани сабабли, силлиқ стволли қурол снарядни сойли стволли қуролдан юқорироқ тезликда отади. Бундай тўпдан отилган снарядлар анча қалин зирҳларни тешиб ўтиши мумкин.
Шу сабабли, Challenger 2 тўпи аксарият Россия ва Ғарбдаги бошқа танкларнинг силлиқ стволли қуроллари фонида ўтмиш ёдгорлигига ўхшайди. У ҳақиқатан ҳам жуда аниқ, аммо бу хислат учун бошқа муҳим хусусиятлардан воз кечиш даражасида аниқ эмас.
Британия танкининг барча афзалликлари ва камчиликлари Украинадаги уруш бошланишидан олдин ҳам маълум эди. 2020 йил бошларида Британия Германия билан биргаликда янги танкни ишлаб чиқишни бошлади. У Challenger 3 деб номланади ва эҳтимол Challenger 2 хатоларини тузатади.
Ўзгартиришлар орасида Германиянинг Rheinmetall Л55А1 силлиқ стволли қуроли ҳам бор. Бундай тўплардан Leopard 2 ва М1 Abrams танклари фойдаланади.
Украинага етказиб бериш
Британия 2023 йил январ ойида, Украинага асосий жанговар танклар етказиб бериш режасини эълон қилган биринчи давлат бўлганди. Умумий ҳисобда, Украинага 14 та Challenger 2 танки етказиб бериш ваъда қилинганди.
Ўша пайтда Германия Украина қуролли кучларига ўз Leopard’ларини етказиб беришга ёки бу танклар қуролли кучларида мавжуд бўлган мамлакатларга уларни украиналикларга топширишга рухсат беришга журъат эта олмай, ҳали ҳам иккиланаётганди.
Challenger’лар бу деворни бузди — Лондондан сўнг дастлаб Вашингтон ўзининг Abrams танкларини Украинага юборишини эълон қилди, кейинроқ Берлин ҳам Leopard’ларни Киевга топширишга рози бўлди.
Бироқ, агар немис ва инглиз танклари аллақачон жангларда қатнашаётган ва йўқотишларга учраётган бўлса, Америка танклари ҳали фронтга етиб келмаган.
АҚШнинг Politico нашри хабарига кўра, 200 нафар украиналик ҳарбий хизматчи Германияда Abrams танклари бўйича машғулотларни аллақачон якунлаган ва бу машиналар Украинага сентябр ойи ўрталарида етказиб берилади. Ҳаммаси бўлиб, АҚШ Украина қуролли кучларига 31 та танк топширади.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024