“Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига жиддий қарамоқда” — Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилоти бош котиби
Марказий Осиёдан ўтган транспорт коридорлари, жумладан Араб давлатларига осонроқ чиқиш бўйича ишлаяпмиз. Самарқандда ўтаётган Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференцияси бизга бу мақсадларимизга эришиш учун яхши имконият бўлди, дейди Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилоти бош котиби Ерлан Байдаулет.
Cамарқандда илк бор Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференцияси ўтказилмоқда. Тадбирда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар қатнашмоқда. Самарқандда бўлиб турган Kun.uz мухбири Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилоти бош котиби Ерлан Байдаулет билан суҳбатлашди.
Аввало, ушбу тадбирга таклиф этишгани ва илиқ кутиб олишгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдираман. Ушбу тадбирнинг аҳамияти жуда катта. Бизнинг ташкилотимиз ҳам шу соҳада иш олиб боради. Ташкилотимиз идораси Олмаота шаҳрида жойлашган. Ташкилотимиз Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 57 давлатни қамраб олади.
Ўзбекистон ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш, озиқ-овқат саноати яхши ривожланган. Шу сабабли Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига жиддий қарамоқда.
Бизнинг ташкилотимиз ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида актив ишламоқда. Бу ерда Қозоғистондан ҳам кўплаб вакиллар, ҳукумат аъзолари иштирок этишяпти.
Энди тадбирга келадиган бўлсак, бу жуда кенг миқёсда ўтказиляпти. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бундай катта тадбир МДҲ республикаларида ўтказилмаган.
Бир пайтлар биз ҳам шундай тадбирни ўтказишни хоҳлаганмиз, лекин етарлича қўллов бўлмагани учун ўтказа олмаганмиз. Бундай тадбирлар ҳар йили ўтказилиши керак.
Ташкилотимиз ҳам шу йўналишда ишламоқда. Масалан, биз Марказий Осиёдан ўтган транспорт коридорлари, жумладан Араб давлатларига осонроқ чиқиш бўйича ишлаяпмиз. Бу тадбирда ҳамкор давлатлар вакиллари билан янги йўналишлар бўйича фикр алмашяпмиз.
Сир эмас, собиқ иттифоқ давридан буён Марказий Осиё республикалари асосан хомашё етиштирган ва асосан марказга (Россияга) юборилган. Бу иш ҳозир ҳам давом этиб келяпти.
Энди ҳар бир республика, шу жумладан Ўзбекистон ҳам ўзига янги бозор топиш учун ҳаракат қиляпти. Маҳсулотларни дунёнинг барча ҳудудларига етказиб бериш йўлларини қидиряпти. Ана шундай шароитда бундай тадбирларнинг аҳамияти жуда катта.
Мен шахсан Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга ҳам келажакда бундай тадбирларни давомли ўтказиш кераклигини айтдим. Агар шундай бўлса бизнинг ташкилот буни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Бугун биз Африка давлатлари билан ҳам ўзаро ҳамкорликни бошлаганмиз. Умид қиламанки, яқин орада Ўзбекистон ҳам бизнинг ташкилотга аъзо бўлади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. Бу ерда ҚҚС билан ишлаш тажрибаси бор. Шунингдек, бу ерда турли солиқ имтиёзлари бор. Шу томондан Ўзбекистон анча муваффақиятли ишлаяпти.
Исомиддин Пўлатов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:10 / 25.11.2024
Аҳолига бирламчи зарур бўлган 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисоб-китоби юритилади
18:40 / 25.07.2024
2023 йилда дунёда ҳар ўн биринчи киши оч қолди — БМТ
18:17 / 07.03.2024
Экспортбоп ва сердаромад экинлар учун ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади
18:41 / 16.02.2024