2023 йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистонда 4,7 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаларида 1,1 минг киши вафот этди. Оғир оқибатларга олиб келаётган ЙТҲларнинг кўпайишига нималар сабаб бўлмоқда: қоидабузарликми ёки йўллардаги ёмон шароитлар? Уларни камайтириш борасида нималар қилиняпти? Kun.uz мухбири ИИВнинг йўл ҳаракатига масъул идораси вакили ва соҳа эксперти билан шу масалада суҳбатлашди.

Яқинда эълон қилинган статистикада 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар натижасида 1115 киши вафот этгани ҳамда 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани очиқланди. Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда ҳайдовчиларга қулайлик яратиш тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтилди. Kun.uz жамиятимиз учун долзарб бўлиб турган ушбу масала юзасидан масъуллар билан суҳбат уюштирди.

— Нима учун ўлим билан боғлиқ бундай ЙТҲлар ошиб бормоқда?

Эрали Бозоров, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари, полковник:

— Жиддий масала бу. Президент томонидан назоратга олинган. 2022 йил 11 апрель куни хавфсиз ва равон йўл тамойили асосида инсон хавфсизлиги масаласида устувор йўналишлар белгилаб берилди. Президентимиз томонидан 4 апрелда қабул қилинган қарорда ЙТҲлар оқибатларини камайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Умуман, 2 йил давомида 18 та ҳукумат, 5 та президент қарори қабул қилинди. Маъмурий кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Президент қарори билан Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссияси иш бошлади. Комиссиянинг вазифаси — ҳолатларни ўрганиб, вазирлик ва идоралар вазифаларини белгилаб, мувофиқлаштириш.

Юқорида статистика келтирилди, лекин ўлим ҳолатларининг камайишига эришдик биз. Ҳар бир ЙТҲ таҳлил қилинади. Объектив сабаблар 48 фоизни ташкил қилса, субъектив сабаблар 51,4 фоизни ташкил этади. 16,9 фоиз ҳолатда тезликни ошириш сабаб бўлган. Энди шаҳарларда тезлик 70 дан 60 га туширилди, бу ҳам оқибатларни камайтиришга олиб келади.