«Қандай етиб келдингиз»?

Фото: Кремл расмий сайти

КХДР лидери россиялик ҳамкасби билан Амур областидаги Восточний космодромида учрашди. Унинг зирҳли поезди тонг соат 07:00 да космодром темирйўл станциясига етиб борди. У ердан Кимнинг кортежи Восточнийнинг синов-монтаж корпусига йўл олди. Икки давлат раҳбарлари айнан мана шу ерда учрашди. Улар охирги марта 4 йил аввал, ўшанда ҳам Россия шарқида учрашганди.

Шимол етакчисини кутиб олган Путин биринчи бўлиб салом берди ва «Қандай етиб келдингиз?» деб сўради. Россия президенти бундай деб сўраганида мантиқ ҳам бор, чунки Ким Пхеняндан Россия шарқигача секин юрадиган поездда борган. Бу эса ҳар қанча қулай шароитдаги поезд бўлса ҳам узоқ йўл дегани.

Путин меҳмонга «Ангара» ракета ташувчисининг териш жараёни ва унинг учиши учун қурилаётган старт комплексини кўрсатди. Ким «Союз-2» старт комплексини ҳам кўрди. Шунингдек, Путин ҳамкасбига ўзи юрадиган Aurus машинасини кўрсатди. Икки давлат раҳбари машинага ўтириб ҳам кўришди.

Россия ва КХДР кенгайтирилган делегациялари ўртасидаги учрашув бир соат давом этди. Дмитрий Песковнинг аниқлик киритишича, бу ташриф доирасида ҳеч қандай ҳужжат имзоланиши кутилмаяпти. Шунингдек, томонлар учрашув якунларига кўра қўшма декларация ҳам имзоламайди.

Россия томонидан кенгайтирилган музокараларда Путиндан ташқари мудофаа вазири Сергей Шойгу, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук ҳамда ишлаб чиқариш вазири Денис Мантуров қатнашган. Ким Чен Ин гуруҳидан эса унинг синглиси, мамлакатдаги ҳукмрон Меҳнат партияси мулозими Ким Ё Чон ва ташқи ишлар вазири Чой Сон Ҳи ўрин олди.

Фото: Кремл расмий сайти

Тушликка чучвара

Кейинроқ учрашувнинг ОАВ учун ёпиқ қисми бошланиб, Путин ва Ким яккама-якка гаплашди. Бу суҳбат 4 соат давом этган ва унинг тафсилотлари аниқ эмас. Фақат баъзи нашрлар учрашув якунларига кўра Путин Шимолий Кореяга ташриф билан боришга рози бўлгани ҳақида ёзишди.

Кун ярмигача давом этган турли даражадаги учрашувлардан кейин Путин Шимол етакчисини тушликка таклиф қилди. Рус нашрларининг ёзишича, Россия томони меҳмонни камчатка қисқичбақасидан тайёрланган чучвара ҳамда оқ амур балиғи билан сийлаган. Икки сиёсатчи бир-бирининг шарафига қадаҳ сўзи айтиб ичкилик ҳам ичишди.