Спорт | 16:57 / 14.09.2023
22651
16 дақиқада ўқилади

«Ўхшамай қолса, отам каби таксичи бўлиш режасини тузиб қўйгандим». Бруно Гимараэш оғир ўтган болалиги, 39-рақам сири ва «Ньюкасл» ҳақида

«Ньюкасл» ўз етакчиси Бруно Гимараэш билан янги шартнома тузгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қисқа муддатда Англия Премьер-лигасининг энг яхши яримҳимоячиларидан бирига айланиб, «Барселона», «Бавария» каби Европанинг топ-клублари назарига тушган футболчининг аввалроқ машҳур лойиҳага сўзлаб берган ҳикоясини ўқисангиз, унинг ҳали бери «Ньюкасл»дан кетмоқчи эмаслигини сезасиз. Бруно шу билан бирга ўзининг болалиги, каламушлар кезиб юрадиган ётоқхонаси ҳамда нега айнан 39-рақамни танлагани ҳақида ҳам айтиб берган.

Фото: Getty Images

«Баъзида сонлар сўзлардан кўра аниқроқ мазмун ифодалайди. Биламан, кўпчилик учун 39 рақами бироз ғалати. Аммо мен учун бу ўзига хос, каттароқ маънога эга. Бунда бир сеҳр бордек. 39 сони ҳаётимдаги барчасини тақдим этган. Айнан шу сон мени бу ерга, Ньюкаслга олиб келди. У мени боқди, кийинтирди, орзум йўлидаги автобус чипталари учун тўлади. 39 – бу Рио де-Жанейрода отам минган таксининг рақами.

Ҳаётим... Бошида ҳаммаси оддий эди. Аксарият бразилиялик болакайлар каби дунёга келдим. Беш ёшимда тўпни яхши кўрдим. Дарахтдан тушган мевалар ёки тошларни қўйиб футбол ўйнардик. Бор кучимизни берардик. Соврин оддий «Coca-Cola» бўладими, янаям кичикроқми, фарқи йўқ, ғалаба учун жонимизни берардик.

Вила-Изабелда, ўша кўҳна ва гўзал «Маракана»нинг соясида улғайдим. Илгари ўн икки ёшдан кичиклар учун кириш текин бўлгани учун райондаги барча болалар йиғилиб, ким ўйнашидан қатъи назар борардик. «Фламенго» бўладими, «Ботафого», «Васко» ёки «Флуминенсе». Ким ўйнашининг фарқи йўқ эди. Шунчаки, у ерда бўлишнинг ўзи биз учун эртак, футболчилар эса маъбудлардек эди. Эсимда, бир куни футзал жамоамиз Сан-Жануариода ўйнашга борди ва у ерда «Васко» футболчилари машғулот ўтказаётган экан. Даҳшат! Албатта, у пайтларда менда телефон йўқ, қоғоз ҳам топа олмай, салфетка кўтариб ҳар биридан автограф сўраб ялинганман:

«Худо ҳаққи, илтимос, автограф беринг. Футболчимас, оддий ишчимисиз? Бераверинг, фарқи йўқ, шу салфеткага ёзиб беринг...»

Ҳозир кулгили, лекин ўша пайтларда ҳаммаси мен учун жиддий эди. Онам ҳалиям ўша кир салфеткаларни сақлаб қўйган.

Қачондир улардан бири бўлиш менинг ягона орзум эди. Қизиғи, онам бошидан бунга қарши бўлган. Отам футбол жинниси эди ва мени мини-футболга боришимни истаганда онам кескин қарши бўлган. Унинг айтишича, оиламизда битта тентак етарли эмиш ва мен сузувчи бўлишим лозим. Бу то мен бир куни сузиш тўгарагидан келибоқ йиғини бошлаганимгача давом этган:

«Ойи, шу сузишми? Ростан? Бу умуман мен хоҳлаган нарса эмас. Кечирасиз, мен тўп ўйнамоқчиман!»

Кумирим Роналдиньо бўлган. Жуда озғин бўлганим учун бошида ҳужумда тўп сурардим. Шанба кунлари спорт залида шуғуллланар, эрталабдан кечгача футбол ўйнаб, ойимдан гамбургер олиб беришни илтимос қилардим. У рад қиларди, кейин билишимча қулоғимизгача қарзга ботган эканмиз. Ой охирида рўзғорни эплашнинг иложи бўлмай қоларди.

Онам мотомагазинда ишлар, отам эса айтганимдек, такси ҳайдовчиси эди. Бразилияда, айниқса, Риода яшаш оғир. Деярли бутун сутка ишлашга мажбурсан. Лекин ўша сариқ такси орзумни сақлаб қолган. Отамни ҳафтада бир марта, шанба куни футбол ўйинимни томоша қилгани келганида кўрардим.

Ростини айтсам, унинг олдида бироз асабийлашардим. У мен учун қаҳрамон, ҳафсаласини пир қилгим келмасди. Бошида у ҳам менга нисбатан анча қатъиятли бўлган. Ҳатто бир куни доим ютқазишимиздан зерикканини ва агар ғалаба қозонсамгина ортиқча гамбургерга пул беришини айтганди.

Бошқа футболчилардан ҳеч эшитмаганман, аммо шахсан мен ҳақиқий жамоада ўйнашни бошлаганимда ўзимни жуда ёмон футболчи деб билардим. Ўйиндан олдинги оқшомда шунақанги асабийлашардимки, қорним оғриб, қусишни бошлардим. Баъзида бошим оғриб, иситмам кўтариларди, ухлай олмасдим.

Ўн бир ёшда эдим шекилли, спортзалдаги оддий ўйин, табиийки, ўзимни енгил ҳис қиламан. Бирортаси кузатиб тургани ҳақидаги хаёл ҳам бўлмайди. Шунчаки, дўстларим билан дам олиш учун ўйнаётганим учун мени тўхтатиб бўлмайди. Аслида эса мураббийимиз Марио Хорхе бир четда катта боллар билан ҳаммасини кузатиб ўтирган экан.

Ўйиндан кейин майдонга тушди ва мендан сўради:

«Бруну, сенга савол, нега чемпионатдаги ўйинларда бунақа ўйнамайсан?»

«Билмадим, мураббий, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Тушунтирим қийин»

«Менга қара, бундан хавотир олма. Шунчаки, завқ учун ўйнаётгандек ҳаракат қил, шунда нима бўлишини кўрасан» – деди у.

Бу ҳақда отамга айтдим. Унинг менга бўлган талабчанлиги қийнаб қўяётганини ҳам тушунтирдим. Худога шукрки, отам буни тушунди ва шундан сўнг ҳаммаси яхши томонга ўзгара бошлади.

Лекин барибир, менинг саргузаштим суперюлдузлар каби бошланмаётганди. 11-12 ёшларда «Ботафого»да ҳам, «Флуминенсе»да ҳам синовдан ўта олмадим. «Ботафого»да атиги 3-4 машғулотдан сўнг рад жавобини беришди. «Флуминенсе»да эса қарийб бир йил 2 соатлик йўлда машғулотларга қатнадим. Болаликда «йўқ» жавоби қаттиқ таъсир қилади, осонгина синдириб қўйиши ҳам мумкин. Аммо ҳар доим, таслим бўлишимга сал қолганида онам ёрдам беради. У менга деярли ҳамма клубдан рад жавобини олган Кафунинг ҳикоясини айтиб беришни яхши кўрар ва охирида орзуинг нима эканини биласан, деб қўярди. Онам менга доим ишонган.

Айнан Марио Хорхе туфайли, 13 ёшимда таянч яримҳимоясига ўтказилдим. 15 ёшимда Сан-Паулуга кўчиб ўтишга тўғри келди. Ота-онам сариқ таксида беш соат йўл юриб, ягона фарзандини бегона шаҳарга, ўн саккиз кишилик хонада бегона болалар билан қолдириб кетаётганида нималарни ҳис қилишганини тасаввур этишим қийин. Биринчи куни мен ҳам йиғладим. Кейин ҳар куни йиғладим.

Ростини айтсам, кўп болалар йиғларди. Ҳар тунда, чироқ ўчгач, болаларнинг деворга ўгирилиб, йиғлай бошлашини кўрардим. Бу ёшда итингни, ўз ётоғингни, ўз уйингдаги ҳидни соғинасан. Умуман шароит ҳам унақа зўр эмасди.

Бир воқеани ўлгунимча унутмасам керак. Уйдан кетаётганимда ота-онам арзон телефон олиб беришганди. Машғулотга кетаётиб уни ёстиқ тагига қўяр, қайтганимда кимдир қўнғироқ қилганми, йўқми, олиб қарардим. Хуллас, бир куни машғулотдан кеч қайтдим ва уйқу олдидан қўлимни ёстиқ тагига тиқдим. Негадир пластик телефон ўрнига қўлимга қанақадир силлиқ нарса илашди. Йўқ, оғайни, совун эмас. Юмшоқ. Кейин қўлим думга етиб борди. Эҳ, қанақа бақирганимда кўрмагансан-да...

Кичкинагина семиз каламуш «эй, менинг жойимда нима қиляпсан» деб қараб турганди.

Ўрнимдан тезликда туриб, бошимни ҳам уриб олдим. Каламуш хонада уёқдан буёққа югура бошлади. Кимдир стулга чиқиб олган, жасурроқлари ботинкасини қўлга олиб каламушни қувлай бошлади. Каламуш шкаф орқасига ўтиб кетгач, ҳамма бироз хотиржам тортди. Мен эса краватимнинг бурчагида ўтирганча, бу ерда ухлай олмайман, дея бошладим. Шундан кейин хонага жиддий тус билан ким кириб келди, биласизми?

Яна иккита каламуш. Аааааааа!

Улар худди ўз уйларига кириб келгандек алфозда эди. Ҳатто қўрқишни хаёлларига ҳам келтирмаётганди. Ха-ха-ха!

Дўзахнинг ўзгинаси, деб ўйладим. Кейин бир ҳафтача ёстиғимга бош қўйишга ҳам қўрқиб қолгандим.

Алдамайман, бир неча бор нарсаларимни йиғиштириб, кетишга чоғланганман ҳам. Бир марта онамга телефон қилиб, қайтишга пул юборишларини сўраганман. Табиийки, сабр қилишимни уқтиришган. Улар дам олиш кунлари отамнинг ўша таксисида мени кўргани келар, ҳа, отам дам олиш кунлари ҳам ўша сариқ машинасидан қутула олмасди.

Шу тариқа уч йил ўтди. Мен ўн етти ёшимда ҳалиям профессионал шартномага эга эмасман. Винисиус ёки Эндрикларни ўйласанг, улар бу ёшда аллақачон юлдузга айланиб бўлган. Мен эса мабодо ўхшамай қолса деб, отам каби таксичи бўлиш режаларини ҳам тузиб қўярдим. Ойига тахминан 40 реал пул топар, телефонимнинг ўзига 100 реал атрофида пул кетарди. Агар ўн саккиз ёшгача ҳам шартномам бўлмаса, ҳаммасини тўғри тушуниш лозим бўлади. Ҳайдовчилик учун имтиҳон топшираётганимда ота-онамга «VW Beetle» автомобилини олишни орзу қилишимни айтдим, аслида эса ҳаётимнинг захира вариантини режалаштираётгандим. Буни қандай айтасан уларга...

Уёғини қандай тушунтириб беришни ҳам билмайман. Худдики ҳаммаси бир кечада содир бўлди. Буюк Фернандо Динис мураббий сифатида ҳаётимга кириб келди.

«Бруниньо, биласанми» – деди у мавсумолди машғулотларнинг бирида, - «ҳаётда ким бўлишни танласанг ҳам, энг яхшилардан бири бўласан, қатъиятинг бунга етади».

Нима демоқчи? Ахир профессионал шартномам ҳам йўқ-ку? Ростан футбол ҳақида гапиряптими? Ёки энг зўр таксичи бўлармикинман?

«Сенда буюк футболчиларнинг қалби бор»

Ғалати? Нималар деяпти? У шунчаки, суҳбатлашиш учун айтяпти ёки тентак бўлиб қолган. Бу ҳақда ўйлаш учун ҳам чарчаган эдим. Келаси мавсумда тахминларим тўғри чиқди. У мени биринчи жамоага олмади. Тавба, буюк футболчи қалбимиш... Эҳ.

Менимча, мен кўра олмаган ниманидир сезган бўлиши керак. Ниҳоят, 19 ёшга тўлганимда орзумни тақдим қилди. Уёғига ортга қарамадим. Қандайдир тўрт йил ичида такси ҳайдовчиси бўлиш режаларидан «Атлетико Паранаэнсе» клуби ижарасига, Жанубий Америка турнири ғалабаси, кейин «Лион», Чемпионлар лигаси яримфинали, кейин «Ньюкасл»да Премьер-лигада тўп суришгача етиб келдим. Даҳшат. Буни мен биргина сўз, йўқ, рақам билан изоҳлашим мумкин – «39».

Бу сонда сеҳр бор. Ҳозир исботлаб бераман.

«Атлетико Паранаэнсе»га ўтганимда отам билан телефонда гаплашаётиб, қандай рақам олишни сўрадим. Аввалига 97-рақам ёқаётганди, чунки шу йили туғилганман.

«39ни олсанг-чи, Бруну?» – деди у.

Фото: Getty Images 

«Бу шунчаки рақам эмас. 039 бизга нимаики эга бўлсак, ҳаммасини берди. Уйимиз, овқатимиз, мебелимиз, сенинг футбол бутсаларинг. Ҳаммаси шу таксимиз туфайли»

«Тўғри айтасан, зўр бўларди. Бандмасмикин, сўраб кўраман».

Тиббий марказга бориб, керакли дориларни олгач, ечиниш хонасига олиб боришди. У ерда кийимларим тайёрлаб ҳам қўйилган экан. Ходимдан рақамим ҳақида сўрадим.

«Рақам? Менимча улар сенга қандайдир рақам беришганди». Сумкани очиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, хоҳ ишонинг ё ишонманг, 39-рақам турарди.

«Агар ёқмаган бўлса, алмаштиришимиз мумкин».

- Тавба, устимдан куляпсизми? Ё агентим билан гаплашдингизми?

«Нима? Йўқ, ҳеч ким билан гаплашмадик. Бу бепул. Истасангиз, ҳар қандай рақамга алмаштириб беришимиз мумкин».

- Йўқ, йўқ. Ҳаммаси зўр.

Дарҳол отамга қўнғироқ қиламан.

 - Дада, қанақадир ҳазилми бу? Клубдагилар билан менинг рақамим ҳақида гаплашдингми?

«Йўқ, нималар деяпсан?».

- Менга рақам танлаб қўйишибди. Шунчаки тасодифан. 39-рақамни.

Отам йиғлаб юборди. Тавба, мен ҳам йиғладим.

Бу менинг фаолиятимдаги энг яхши даврнинг бошланиши эди. Бу ҳозиргача давом этмоқда. Каламушлар билан ухлаганимда бу кунларни хаёл ҳам қилмагандим. «Атлетико» мухлислари ўз афсоналари билан бир қаторда менинг исмимни қўшиқ қилиб куйлаши етти ухлаб тушимга кирмаганди. Ўша буюк Жуниньо мени «Лион»га таклиф қилишини ўйлаб ҳам кўрмаганман. Жаҳон чемпионатида сариқ либосда майдонга тушишим хаёлимнинг етти кўчасига ҳам кирмаганди. 

Қизиқ томони, «Ньюкасл»га ўтиш варианти пайдо бўлганида, кўпчилик эътироз қилганди.

«Тентакмисан? Бу сен учун пасайиш бўлиши мумкин, ахир улар қўйи лигага тушиб кетиши мумкин. У ҳолда сен ҳеч қачон жаҳон чемпионатига бора олмайсан».

У пайтларда «Ньюкасл» пастдан учинчи ўринни эгаллаб турарди. Лекин ўн беш ёшимдан бери ким менда орзум ҳақида сўраса, Премьер-лигада тўп суришни айтардим. Шунинг учун ҳам «Ньюкасл»га бордим. Бошида мендан ҳимояга эътибор қаратиш талаб этиларди. Эсимда, ютавердик, ютавердик, лекин ҳеч 18-ўриндан кўтарила олмасдик. Гўё кимдир бизни тубга елимлаб қўйгандек эди.

«Лестер» билан ўйинда, менимча, ўша куни «Ньюкасл»га ошиқ бўлдим. Ўша ўйинда иккита гол урдим. Бир-бирига ўхшамайдиган голлар. Биринчиси, Рио кўчаларидаги голларимга ўхшайди. Дарвозабон тўпни ушламоқчи бўлиб отилди, мен ҳакам хуштак чалмагани учун то тўп дарвозага кирмагунча тепавердим. Иккинчи гол эса 90+5-дақиқада бўлди. Ўз томонимизда тўпни эгаллаб олдик ва мен бутун майдонни югуриб ўтдим. Бир пайт юқорилаб келаётган тўпни кўрганимда, ўша онамнинг сузиш тўгаракларидаги ўрганганларим қўл келди. Худди дельфин каби ҳавога сакрадим, оғайни.

Мухлисларнинг қийқириғи ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Футболкамни йиртиб юбордим ва ана шунда ҳақиқатан ҳам Премьер-лигада эканимни тўлиқ ҳис қилдим. Бу муҳитни ҳеч қачон, ҳатто Бразилияда ҳам кўрмаганман. Ўйин тугагач, майдонда ётганча шу кунларга етказгани учун Худога беадад шукур айтганимни унутмайман.

Фото: Getty Images 

Шундан сўнг, умуман ютқазмоқчи эмаслигимизни ҳис қилдик. Мавсумни 11-ўринда тугатганимиз, кейин «Манчестер Юнайтед» билан Лига кубогида ўйнаганимиз, бу ишончнинг ҳаммаси ўша оқшом пайдо бўлган, назаримда.

Мен бу ерда афсона бўлмоқчиман. Клуб катта топ-жамоага айланмоқчи эканини билиб турибман. Бу ерга узоқ йўлни босиб келганим, жуда кўп муваффақиятсизликларни бошдан кечирганим ҳаммасини қадрлашим кераклигини ўргатади. Ньюкасл кўчаларида 39-рақамли либосни кийиб олган болакайларни, қизалоқларни кўрганимда, табиийки, ғурур туяман. Бу менга салфеткани кўтариб, «Васка» футболчиларидан дастхат сўраб юрган пайтларимни эслатади.

Сўнгги пайтларда кўчада кўп оналар олдимга келиб, бир нарсани илтимос қилишяпти:

«Бруну, илтимос, соч турмагингни ўзгартиришнинг иложи борми? Сенга қараб, менинг қизим ҳам сочини оқ рангга бўямоқчи бўляпти»

Буни эшитганда мен ўз болалигимни, 2002 йилги мундиал пайтида онамга сочимни Роналдо каби учбурчак қилиб олдиришни ялинганимни ёдга солади. Фарқи, мен улғайиб тушуниб етган ҳақиқат ҳам бор – футболчилар даҳо эмаслар. Биз ҳам бошқа инсонлар каби асабийлашамиз. Биз ҳам бошқалар каби хато қиламиз, муваффақиятсизликка учраймиз.

Аммо ҳамон футбол мен учун сеҳрли ўйинлигича қолаверади. Онам оддий дўконда ишларди, менинг ўсишим учун жуда кўп азият чеккан. Отам ҳар куни, ҳар туни сариқ таксида юриб, ягона ўғлининг сэндвич ёки пишлоқ ейиши учун меҳнат қилган. Ҳозир эса уни Ньюкасл кўчаларида тўхтатиб, бирга расмга тушишади.

У бу ерда машҳур. Афсонавий 039.

Ҳақиқий 39»

Бруну Гимараэш
ThePlayersTribune учун.

Мавзуга оид