Лонгйирбиен Норвегиянинг Свалбард архипелагида жойлашган кичик шаҳар. Ҳудуд кўмир қазиб олишга ихтисослашган. Арктикада жойлашган бу шаҳар ҳақида бир-биридан қизиқ маълумотлар борки, улар ҳақида жуда кам гапирилган.

Тоғ-кон саноати учун очилган шаҳар

Лонгйирбиен Адвентфёрд қирғоғидаги водийда жойлашган бўлиб, тик тоғлар ва бир нечта музликлар билан ўралган. Шаҳар 1990 йилларда тоғ-кон саноати сабаб вужудга келган. 1901 йилда америкалик саноатчи Жоҳн Мунро Лонгйир бу ерга келиб кончилик қидирув ишларини бошлайди. Ва 1906 йилда ҳудуддаги илк конни очади. Шундан кейин шаҳар номи Лонгйирбиен деб атала бошланади. “Long year” – узун йил деган маънони англатади. Ҳозир ҳам бу ҳудуд кончилиги билан машҳур ва одамларнинг асосий қисми ҳам шу соҳа эгаларидир.

Шаҳарда ўтган 40 йил ичида кончиликдан ташқари бошқа бизнеслар ҳам ривожланди. Масалан, эндиликда шаҳар туристлар орқали ҳам бойимоқда. Йилига 100 мингдан ортиқ киши шаҳарга ташриф буюради.

Кундуз куни ҳам фонарда юриш
Лонгйирбиенда энг иссиқ ҳарорат 21 даража, энг совуқ эса – 46,3 даражада қайд этилган. Шаҳарда 53 давлатдан одамлар келиб яшайди. Уларнинг сони эса 2,400 атрофида. Яшашга келадиганлар орасида совуқ Арктика табиатида кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайдиган саргузашт ихлосмандлари ҳам бор.

Лонгйирбиен дунёнинг энг шимолий шаҳри ҳисобланади. Шаҳарда қуёшнинг энг охирги ботиши 25 октябрга тўғри келади. Шундан кейин 4 ой давомида қуёш қайтиб чиқмайди. Қуёшнинг қайта чиқиш куни 8 март бўлиб, одамлар шу куни 12:15 да қуёшнинг расман қайтишини кутиб олиш учун йиғилишади. Бу маросим байрами 1 ҳафта давом этади. Қуёшсиз кунларда одамлар ишга ёки бирор юмуш билан кўчага чиқса, бошда фонар билан юради.

























