Россия президенти Владимир Путин ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко 15 сентябр, жума куни Сочида бўлиб ўтган учрашувда Украинадаги уруш, иқтисодий ҳамкорлик ва бир кун аввал Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан музокараларни муҳокама қилди.
Ушбу учрашув Украина уруши фонида бўлиб ўтди, унинг давомида, БМТ маълумотларига кўра, 9,6 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 17,5 мингдан ортиқ одам яраланган; 16 миллиондан ортиқ украиналиклар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, улардан 6 миллионга яқини бошқа мамлакатларга чиқиб кетди.
Лукашенко Путинга: «Сизни Ким Чен Ин билан кўрганимдан хурсанд бўлдим»
«Сиз ва Ким Чен Инни Восточний космодромида кўриш жуда ёқимли бўлди. Ўйлайманки, биз уч давлат – Шимолий Корея, Россия ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида ўйлашимиз мумкин», — деди Лукашенко Путин билан учрашувда. Кремл раҳбари, ўз навбатида, Лукашенкога Шимолий Корея етакчиси билан музокаралар ҳақида маълумот берди ҳамда Россия ва КХДР «ҳеч кимга таҳдид солмаслигини» таъкидлади. Путиннинг сўзларига кўра, Россия КХДР билан муносабатларни ўрнатишда ҳеч қандай халқаро меъёр ва келишувларни «ҳеч қачон бузмайди ва бузиш ниятида ҳам эмас».
Ғарб экспертларининг фикрича, Путин ва Ким Чен Ин ҳарбий ҳамкорлик, хусусан, Украинадаги урушни давом эттириш учун Шимолий Корея қурол-яроғи ва ўқ-дориларини Россияга етказиб бериш масалаларини муҳокама қилган. Агар бундай етказиб бериш бошланса, бу «халқаро ҳуқуқнинг очиқдан очиқ бузилиши бўлади», деди аввалроқ Стокҳолм тинчлик тадқиқот институти эксперти Саймон Веземан. Ўз навбатида, Қўшма Штатлар Шимолий Корея қурол-яроғ етказиб бергани учун «юқори нарх тўлаши» билан таҳдид қилди.
Путин 300 минг янги аскар ҳақида гапирди
Путин Лукашенкога Украинага қарши урушга россиялик аскарларни ёллашдаги муваффақият ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, 300 мингга яқин киши Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ёки кўнгилли бўлган. Путин, шунингдек, бир неча кун олдин эълон қилган 270 минг аскар ҳақидаги маълумотлар «аллақачон эскирганини» таъкидлади.
Лукашенко, ўз навбатида, Путинга Украинада «ўз мунтазам ҳарбий қисмларини кўришни хоҳлайдиган» Ғарб давлатлари ҳақида гапирди. Беларус етакчисининг сўзларига кўра, Полшада чегара яқинида аллақачон Украинага киришга тайёр бўлган ҳарбий қисмлар тузилган.
Бунга Путин: «биз (Украинада) ҳам жанг майдонида, ҳам машғулотлар олиб бориладиган бўлинмаларда хорижлик ёлланма аскарларни, чет эллик инструкторларни аниқлаяпмиз», деди. Шу билан бирга, Россия, унинг сўзларига кўра, «ҳарбий ҳаракатларга ташқаридан одамларни таклиф қилишга бундай эҳтиёжга эга эмас».















