Кимдир айнан шу ичимлик сувида сигирига юмшатиб бериш учун сомон ивитиб қўйган, баъзи хонадонларда эса ҳатто икки алоҳида қувурда сув оқиб ётибди. Қишлоқни сув билан таъминлаб бераётган миноралар, тармоқ қувурлари ҳар жойидан тешилиб, сув исроф бўляпти.

Қаҳат қишлоғининг Обод, Чилангар, Қардошлар кўчасидаги бир неча хонадонларга кириб, вазиятни ўргандик. Ҳолат чиндан-да ачинарли. Йиллар давомида ичимлик суви ариқларга оқиб исроф бўлган ва ҳозир ҳам исроф бўляпти.

Қишлоқнинг Обод кўчасидаги хонадонлардан бирида бир эмас, икки қувурдан тоза ичимлик суви оқиб ётибди. Хонадон соҳибаси ҳолатни қўйилган “вентил”лар тез орада бузилиб қолаётгани билан изоҳлади.

“Ичимлик сувини ўчириш учун “вентил” ўрнатилмаган. Сабаби бу ҳовлига яқинда сув қувури тордик. Энди эса “вентил” ўрнатмоқчимиз. Қўшнилар кўчадаги сув тармоғидан уйларига тортиб олишган. Улар мотор ёрдамида сувни тортиб олишса, бизга тушмай қолади.

Сув исроф бўлаётганини биламиз. Бошқалар қатори бизники ҳам исроф бўляпти. 20 йилдан бери шу сувдан фойдаланяпмиз. “Вентил” қўйилган эди, болалар ўйнаб синдириб қўйишди”, – дейди Обод маҳалласи фуқароларидан бири.

Яна бир хонадонда эса ичимлик суви сомон устига оқиб ётгани гувоҳи бўлдик. Ачинарлиси, ташқари ариқда ичишга яроқсиз сув бўла туриб, хонадонда чорва ҳайвонларига сомонни юмшатиб бериш учун айнан тоза сувдан фойдаланишар экан.

Қишлоқ кўчаларини ораладик. Ичимлик суви ариқларга оқиб ётибди. Энг ачинарлиси, аҳоли ҳолатга бефарқ. Қайсидир қувурга сув беркитгич умуман қўйилмаган, бошқасида бўлгани билан ишдан чиққан.