Украина ва Полша ғалла масаласида зиддиятга борди, Кремл бундан фойда олиши мумкин
21 сентябр куни Украина қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўз ғалласи транзити бўйича Полша расмийлари билан музокара олиб бораётганини эълон қилди. Бу ғалла кучли сиёсий можарога сабаб бўлганди. Уруш туфайли Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти чекланган. 15 октябрда парламент сайловлари бўлиб ўтадиган Полша эса ўз фермерлари манфаатларини ҳимоя қилмоқда.
21 сентябр куни Украина қишлоқ хўжалиги вазири Николай Солский ва унинг полшалик ҳамкасби Роберт Телус ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида пресс-релиз эълон қилинди. У «томонлар яқин ва конструктив муносабатларни тасдиқлагани» ҳақидаги имкон қадар эҳтиёткор сўзлардан иборат. Улар «экспорт масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик варианти»ни муҳокама қилган ва Украина ғалласини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олган.
Ушбу эҳтиёткор иборалар ортида нафақат Россия-Украина уруши бошланганидан бери, балки сўнгги йилларда Украина ва Полша ўртасидаги энг жиддий можарога барҳам беришга уриниш турибди.
Уруш бошланганидан бери Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари кескин чекланиб қолди. Оқибатда Украинадан Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтувчи транспорт йўлакларига юклама ортди. Бу эса Полша, Венгрия ва Словакия фермерлари ғалласи арзонлашишига олиб келди.
Бу биринчи навбатда фермерлар норозилигига сабаб бўлди. Сўнгра ҳукуматлар ўз фермерларини қўллаб-қувватлади – 2023 йил 16 апрелдан бошлаб Украина ғалласини Европа Иттифоқига олиб кириш тақиқланди. Бу қарор Украинанинг Европа Иттифоқидаги қўшнилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Аммо Еврокомиссия 15 сентябрдан бошлаб, тақиқни узайтирмасликка қарор қилди. Полша расмийлари бунга жавобан Украина ғалласи импортини тақиқлашда давом этишини айтишди.
Юзага келган тажанглик икки давлат сиёсатчилари ўртасида кескин мулоҳазалар янграшига олиб келди. Ҳатто бу БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ҳам, унинг мажлисида ҳам содир бўлди.
Полша президенти Анжей Дуда Украинани чўкиб кетаётган одамга қиёслади. «Ким чўкаётган одамни қутқаришда қатнашган бўлса, бундай одам хавфли эканини билади, чунки у сизни чуқурликка тортиб кетиши мумкин», деди у.
Володимир Зеленскийнинг жавоби бир неча соат ичида келди: «Айни пайтда Европада баъзилар қандай қилиб бирдамликни бузаётгани ва сиёсий театр яратаётгани, ғалладан триллер ясаётганини кўриш даҳшатли. Улар ўз ролини ўйнаётгандек туюлиши мумкин, аммо улар москвалик актёр учун саҳна яратишда ёрдам бермоқда».
Полша томони бунга норозилик билдирди ва ҳар икки давлат сиёсатчилари ўртасида танқидий фикр алмашиш давом этди. Шу фонда Полша бош вазири Матеуш Моравецкий баёноти ажралиб турди. У ўз мамлакати энди ўзини қуроллантираётгани ва Украинага қурол-яроғ етказиб бермаётганини айтди.
Сўнгра, Моравецкий оҳангни юмшатди ва Варшава Украина хавфсизлигини хатар остига қўйиш ниятида эмаслигини айтди. Полша ҳукумати вакили Пётр Мюллернинг қўшимча қилишича, Полша аввал тузилган шартномалар бўйича қурол етказиб беришни амалга оширмоқда.
Украиналик сиёсатчилар ва шарҳловчилар полшалик сиёсатчиларнинг кескин баёнотларини муҳокама қилар экан, ҳамма гап 2023 йил 15 октябрда Полшада бўлиб ўтадиган парламент сайловларида деган умумий хулосага келмоқда.
Сўровларга кўра, ҳозирда ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси етакчилик қилмоқда, сайловчиларнинг 38 фоизи унга овоз беришга тайёр, мухолифатдаги «Фуқаролик платформаси» эса 29 фоиз рейтинг билан кейинги ўринда турибди.
Қолганлар орасида ўта ўнгчи «Эркинлик ва мустақиллик конфедерацияси»ни эътиборга олиш мумкин (10 фоиз овоз). У ҳукмрон партия билан электорат учун рақобатлашади, деб ҳисобланмоқда. У нафақат полшалик фермерлар учун имтиёз беришни, балки Украинага ёрдамни умуман камайтиришни ҳам ёқламоқда.
«Европа Иттифоқи бюджетининг ярмидан кўпи фермерлар учун субсидияларга йўналтирилади. Полша эса йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси сифатида субсидияланган пирогнинг салмоқли улушига даъво қилади», деди BBC Украина хизмати журналисти Анастасия Зануда.
«Полшада аҳолининг 12 фоизи қишлоқ хўжалигида банд, анъанавий равишда улар фаол сайловчилардир. Бу йилги кампания шиддатли ва овоз бериш натижалари мамлакатдаги сиёсий манзарани ўзгартириши мумкин. Ҳар бир овоз олтин билан баҳоланади», деб қўшимча қилди у.
Украиналик сиёсатшунос, Киев ва Варшава ўртасидаги муносабатлар бўйича эксперт Станислав Желиховский ушбу можародан асосий фойда олувчи Москва бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди:
«Агар муносабатлардаги вазият ёмонлашишда давом этса, бу, биринчи навбатда, биз (Украина) учун Россия билан кураш контекстида қийин бўлади. Аммо бу Беларуснинг гибрид ҳужумларидан азият чекаётган Полша учун ҳам фойдасиз бўлади. Полша Украинасиз хавфсиз келажакка эга бўлолмайди. Бу фақат Кремлни қувонтиради», деди у.
Мавзуга оид
23:43 / 05.11.2024
Полшада АҚШ ва Канада рейсларида теракт уюштиришни режа қилган «ГРУ» агентлари қўлга олинди
21:09 / 05.11.2024
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
15:30 / 05.11.2024
Зеленский: Октябрда Украинага 2 мингдан ортиқ дрон ҳужум қилди
14:50 / 05.11.2024