АҚШнинг Ўзбекистон учун аҳамияти ва БМТдаги баёнотлар — сиёсатшунослар билан суҳбат
Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта Ню-Йоркда бўлиб, C5+1 форматида президентлар иштирокидаги илк мулоқотда қатнашди, БМТ Бош Ассамблеясида глобал масалалар бўйича Ўзбекистоннинг позициясини илгари сурди. Сиёсатшунослар Ҳамза Болтаев ва Камолиддин Раббимов “Геосиёсат” дастурида бу ташрифнинг муҳим нуқталари ҳақида сўз юритди.
— Стратегик шериклик мақомидаги Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳозирги вақтда қай даражада?
Ҳамза Болтаев: АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларида 2016 йилдан олдинги ҳолатга нисбатан анча илиқлашувни кўриш мумкин. АҚШ – собиқ иттифоқ тарқагач, Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан.
Икки ўртадаги муносабатларда турли даврлар – илиқлашув, ёмонлашув, ҳатто санкцияларгача бориб кетилган пайтлар бўлди. Ҳозир эса муносабатлар жуда ҳам яхши даражада. Ҳозирда келишилган ва декларатив характердаги баёнотларни амалга ошириш чораларини кўришни бошлаш ҳам мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон ташқи сиёсатида АҚШ 4 та катта геосиёсий векторлардан бири ҳисобланади, булар: Хитой, Россия, глобал жануб ва АҚШ.
Марказий Осиё макроҳудуд бўлиб, 2016 йилдан буён алоҳида субъект бўлишга ҳаракат қилиб келяпти. Марказий Осиё марказидаги давлат эса Ўзбекистон. Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари юқорида айтилган қолган 3 та вектор билан торозига солинади, яъни АҚШ билан муносабатлар ижобий нейтрал позицияда дейиш мумкин. АҚШ ҳозир биз учун оппонент бўлган давлат эмас. Андижон воқеаларидан то 2010 йилга қадар Вашингтон Тошкент учун оппонент эди, бу даврда муносабатлар совуқ бўлди. 90-йиллар ўрталаридан 2004 йилгача эса Ўзбекистон ташқи сиёсатида расмий Вашингтонга йўналиш олган эди, аммо бу ички сиёсатда ўз аксини топмади, яъни инсон ҳуқуқлари, демократияда кўринмади. Ўша даврда Ўзбекистон қаттиқ авторитар давлат бўлиши билан биргаликда, АҚШга йўналиш олган эди.
2016 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати ўзгарди. Унгача Ўзбекистон дихотомия (бир томон билан яқинлашиш ва бошқа томонлар билан узоқлашиш) концепциясида ташқи сиёсат олиб борарди, яъни оқ ва қора. Бирор бир қудратли давлатга йўналиш оларди ва ўша давлат оппонентлари Ўзбекистонга ҳам оппонент бўларди. Бугунги кунда ундай эмас. Ўзбекистон мувозанат сақлашга ҳаракат қиляпти. Россия, Хитой, Туркия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлар билан ижобий муносабатда бўлиб келяпти. Улар ўртасидаги зиддиятлар Ўзбекистонга тааллуқли эмас, деган позиция бор.
Вашингтон билан муносабатлар қолган векторлар билан муносабатларни мувозанатда сақлаш учун жудаям муҳим. Ўзбекистонда ҳокимият алмашганига 7 йил бўлди ва геосиёсий майдонда ўзи учун битта векторни танлагани йўқ. Каримов даврида ҳар томонга юзланиб чиқди ва 2005 йилдан кейин умуман ёпилди, бугун бундай эмас. Вашингтон билан муносабатлар шунинг учун муҳимки, Ўзбекистон Шарқ ва Шимол томондан геосиёсий, геоиқтисодий “ютилиш”ни истамайди. АҚШ билан муносабатлар орқали Ўзбекистон ташқи сиёсатини тақсимлаб, мувозанатни ушлаб туришни истайди.
Ҳамза Болтаев: Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларини таҳлил этишда эътибор қилиш керак бўлган нозик жиҳат бор. АҚШ охирги йиллардаги бошқа давлатлар билан муносабатларини учинчи бир давлатлар билан бўлган муносабат орқали белгилаяпти. Бизнинг минтақа билан муносабатларда ҳам ХХР ва РФ омили бор. Бу ёндашув хато деб биламан, чунки учинчи давлатлар контекстидан қараш узоқ стратегик ёндашув бўлади деёлмайман.
— Шавкат Мирзиёев нутқида Афғонистон масаласини кўтарди. Афғонистонни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдириш хато бўлишини айтиб ўтди. Барчанинг нигоҳи Украинада бўлиб, Афғонистон четда қолиб кетмаяптими, нима деб ўйлайсиз?
Камолиддин Раббимов: Шавкат Мирзиёев Афғонистон масаласида анча кескин гапирди. Афғонистонни иҳоталаш, санкциялар қўллаш ёки умуман эътибор бермаслик жудаям катта хато бўлишини айтди. Марказий Осиёда Афғонистонга нисбатан энг жонкуярлик қилаётган давлат – Ўзбекистон. Президентимизнинг концепцияси оддий. Сўнгги 50 йилда биринчи марта ягона сиёсий куч Афғонистонни тўлиқ назорат қилишга эришди. Тўғри, “Толибон” идеал эмас, унга нисбатан салбий қарашлар етарли. Лекин “Толибон” тафаккурини, сиёсий ва диний қарашларини трансформация қилиш керак. Афғонистонни қайта иҳоталаш у ерда яна фуқаролик урушини келтириб чиқаради. Афғонистон фуқаролари 40 миллионга яқин дейилмоқда. Умуман, Ўзбекистон биргаликда Афғонистонни трансформация қилишни таклиф этяпти.
Биринчидан, Афғонистон билан мулоқотга киришиш керак. У ердаги энг катта муаммо – ижтимоий ва иқтисодий масалалар. Афғонистоннинг маблағлари музлатилган. Афғонистон давлатчилигининг тан олинмаслиги у ердаги муаммоларга ечим эмас. Дунё ҳамжамияти ва Ўзбекистон Афғонистонда нормал давлат бўлишини истайди. Аёллар ва болалар ҳуқуқлари масаласи ҳам бор, лекин бу муаммоларни деб бошқа муаммолар ҳам чуқур илдиз отишига йўл қўймаслик керак, демоқчи Ўзбекистон тарафи.
“Толибон” ҳокимиятга келганига 2 йил бўлган бўлса, Ўзбекистон муаммоларга ечим излашда давом этяпти. “Толибон” ҳокимияти Ўзбекистон учун идеал эмас, ноқулай ва безовта қилаётган масалалар жуда ҳам кўп. Аммо буларни деб бошқа муаммоларни янада чуқурлаштиришга имкон бермаслик керак. Фуқаролик уруши бошланса, “Толибон” яна курашаверади. Ундан кўра, ҳокимиятга келган “Толибон”ни трансформация қилиш арзон ва осонроқ, деб қараляпти.
Ҳамза Болтаев: Афғонистон масаласидан ташқари экологик муаммолар, Марказий Осиё интеграцияси, экстремизм-терроризмга қарши курашишдаги янгича ёндашувлар каби масалалар ҳам кўтарилди. Экстремизм-терроризмга қарши курашишда ҳаддан ошиб, бу кураш исломофобияга айланиб кетмаслиги кераклиги ҳақида ҳам гап борди. Бу фикрлар баъзи бир Европа давлатларида бўлаётган исломофобия кўринишларига қарши қаратилган.
Афғонистон биз учун жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шавкат Мирзиёевнинг таклифлари ва эътирозлари жуда ўринли деб биламан. Бугунги кунда Афғонистон маблағи музлатилган, лекин бу афғон халқининг пули, бериш керак. Қўйилаётган шартларнинг баъзилари иложсиз ҳам, худди пулни бериш нияти йўқдек фикр ҳам уйғотади.
Президентимиз Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш кераклигини таъкидлади. “Толибон” ҳокимиятга келишидан олдинги Доҳа келишувига кўра, бу нарса бўлиши керак эди ўзи. Аммо масала очиқ қолмоқда.
Қўштепа канали муаммоси ҳам бор. Бу канал Ўзбекистондан ташқари дарё қуйи оқимидаги бошқа давлатлар учун ҳам салбий таъсирга эга. Президент таклифига кўра, Қўштепа канали қурилаверади, лекин канал қуришда замонавий технологиялардан фойдаланиш, атрофдаги давлатлар билан маслаҳатлашиш керак; Афғонистон сувдан фойдаланиш билан боғлиқ минтақавий конвенцияга қўшилиши, келишув асосида унга ҳам квоталар ажратилиши керак.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Марказий Осиё, Геосиёсат, АҚШ
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024