АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Уруш учун фақат Россия жавобгар. Фақат Россия уни дарҳол тугатишга қодир ва фақат Россия тинчлик йўлида тўғоноқ бўлиб турибди. Чунки Россия тинчлик учун сўраётган нарх бу — Украинанинг таслим бўлиши, Украина ҳудудлари ва болалари. Россия дунё чарчаб қолишига ва Украинага шафқатсизларча муносабатда бўлишига йўл қўйилишига ишонади. Лекин мен бир савол бераман: агар биз тажовузкорни тинчлантириш учун БМТ Низомининг асосий тамойилларидан воз кечсак, ҳар қандай давлат ўзини ҳимоялангандек ҳис қиладими? Агар биз Украинанинг парчаланишига йўл қўйсак, бирорта давлатнинг мустақиллиги таъминланадими? Жавоб: йўқ. Биз келажакдаги эҳтимолий тажовузкорларни тийиб туриш учун ҳозирданоқ бу тажовузга қарши туришимиз керак», деди Байден.

Бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида АҚШ Конгресси Украинага 110 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам пакетини тасдиқлаган. Бунга қуйидагилар киради:

  • 49,6 миллиард доллар ҳарбий ёрдам;
  • 28,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам;
  • 13,2 миллиард доллар ҳуманитар ёрдам;
  • 18,4 млрд доллар – АҚШ мудофаа саноати салоҳиятини ошириш учун.

Жорий йилнинг 9 август ҳолатига кўра, Оқ уй томонидан ажратилган маблағнинг 91 фоизи сарфлаб бўлинган. Айни пайтда Байден маъмурияти Конгрессдан қўшимча 24 миллиард доллар, жумладан, ҳарбий ёрдам учун 14 миллиард доллар пул ажратишни сўрамоқда. Бироқ америкаликлар, айниқса консерваторлар орасида кейинги харажатларни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайган.

BBC статистик рақамлар орқали АҚШ эмас, балки Норвегия Украинани энг кўп даражада қўллаб-қувватлаётган давлат эканини таҳлил қилди.

Ким Украинани қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Украинага кўрсатилган ёрдам бўйича охирги статистик рақамлар июль ойининг охирида эълон қилинган. Ўша пайтда алоҳида давлатлар кесимида олинганда, Қўшма Штатлар энг кўп маблағ ажратганини кўриш мумкин – 80 млрд доллар.

Рэнд корпорациясининг мудофаа тизими бўйича халқаро тадқиқотчиси Алисса Демуснинг сўзларига кўра, АҚШнинг қўшимча ёрдамисиз Украинанинг ёзда бошланган қарши ҳужуми бир неча ҳафта ичида тўхтаб қолиши мумкин.