Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга қилган сафарида мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Ушбу учрашувда иқтисодчилар Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ҳамда Висконсин университети катта илмий ходими Беҳзод Ҳошимов ҳам қатнашди ва президент билан суҳбатда бўлди. Улар навбатдаги подкастида давлат раҳбари билан бўлган суҳбат тафсилотларини маълум қилди.
Ботир Қобилов: — Ташриф доирасида АҚШда яшовчи ўзбекистонликлар билан учрашув бўлиб ўтди ва бизни ҳам чақиришди. Бундан мамнун бўлдик, албатта. Таассуротлар кўп. Йиғилганлар ва президентимиз ўртасида суҳбат анча яқин ва самимий бўлди.
Беҳзод Ҳошимов: — Учрашув бўлишини эшитиб, ўзим учун нутқ тайёрладим, анча узун бўлди. Бунча гапни гапиришга имкон бўладими, йўқми деб иккиланиб бордик.
Учрашув аввалида президент барча билан қўл бериб сўрашиб чиқди. Мен билан ҳам кўришиб, кузатиб, ўқиб боришларини айтди. Мен учун сюрприз бўлди бу. Қисқа маърузадан кейин ватандошларимизнинг фикрлари эшитилди. Менга ҳам сўз берилди. Иқтисодчи бўлганим учун иқтисодиёт ҳақида гапирдим. Мени кўп ўйлантирадиган нарса Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлиги. Иқтисодий ривожланиш бошқа ижтимоий муаммоларни ечишнинг биринчи йўли.
Нутқимда Ўзбекистон 1991 йилда киши бошига 654 доллар ўртача даромад тўғри келган бўлса, ҳозир 2200 доллар тўғри келишини айтдим. 30 йил ичида биз қанчалик ривожланишга эришдик ва бошқа давлатлар, жумладан, Хитой, Ветнам, Полша каби давлатлар муваффақиятлироқ иқтисодий кўрсаткичлар тарихи ҳақида гаплашдик. Бу ўсишларнинг сабаблари, йўналишлари келтирилди. Бу маълумотлардан кейин Ўзбекистонда ислоҳот қилинаётган ва чуқурроқ ислоҳот қилиниши керак бўлган 5 та соҳа ҳақида гапирдим. Биринчиси — ҳуқуқий муҳит, яъни адолатли ва шаффоф бўлган суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими, бу — энг муҳим нарса. Иккинчиси — Ўзбекистон дунё бозорига кириш учун эркин савдо муҳитига эга бўлиши, ЖСТга аъзо бўлиш, бюрократик ва бошқа тўсиқлар олиниши керак. Учинчиси — эркин капитал мавжуд бўлиши, корхоналарни капитал таъминлаш керак ва бу ҳам ҳуқуқий муҳитга бориб тақалади. Тўртинчиси — инфратузилма, яъни сув, электр, газ каби биринчи даражали ифратузилма барқарорлиги, бунинг учун эса хусусийлаштириш, инвестиция киритиш керак бўлади. Бешинчиси — илм-фанга давлат томонидан инвестиция киритиш.
Президентнинг ўзи ҳам ЯИМнинг 1 фоиздан ҳам ками илм-фанга йўналтирилишини айтди. Фикрларимнинг ҳар бир бандига президентимиз ўз муносабатларини билдирди. Қайси пунктларда прогресс кам ёки кўплигини сўради, иқтисодий ўсишга тўсиқлар ҳақида айтилди. Чуқур ва бафуржа фикр алмашдик. Нутқим давомида президентимиз муҳим жойларини ўринларидан туриб, яқинроқ келиб эшитди. Шунча узун нутқдаги рақамларни эслаб қолиб, муҳокама қилди. Мана шундай мулоқот менга некбин ҳислар берди. Эксперт-олим дўстларимиз билан қўлдан келганча ёрдам беришизни айтиб ўтдим. Ватанимизга хизмат қилиш — шараф ва мажбурият.















