Жаҳон | 19:49 / 28.09.2023
40061
10 дақиқада ўқилади

Қодиров атрофида янги можаро: унинг ўғли Қуръонни ёққан россияликни тергов қамоқхонасида калтаклаган

Чеченистон раҳбари ўғли билан фахрланишини айтди, россияликлар эса ундан норози.

Фото: Адам Қодировнинг Instagram саҳифаси

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 25 сентябр куни телеграм-каналида ўз ўғли Адам Қодиров Қуръони карим нусхасини ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклагани тасвирланган видео жойлади. Қодиров видеодаги ўз ўғли эканини тасдиқлаб, унинг бу ҳаракатларидан фахрланишини айтган. Бу видео ортидан Қодиров атрофида янги можаро авж олди.

«Ўғлим билан фахрланаман»

Қодиров ўғли Журавелни тергов қамоқхонасида ураётгани акс этган видеони каналига жойлар экан, постга қуйидаги матнни ҳам илова қилган: «Тармоқда ўғлим Адам Қодиров муқаддас Қуръон китобини ёққан Никита Журавелни ургани ҳақида мавзу муҳокама қилиниб, видеодаги чиндан Адам Қодировми, деган савол ўртага чиқмоқда. Ноаниқликни ёмон кўраман ва шу сабаб аниқлик киритмоқчиман.

Ҳа, у чиндан ўғлим Адам Қодиров. Урган ва тўғри қилган. Мен ҳар қандай муқаддас ёзувларга ҳурматсизлик қиладиган, уларни ёқадиганлар жазоланиши керак деб ҳисоблайман. Юртимизда муқаддас ёзувларни ҳимоя қилувчи президент Владимир Путин томонидан имзоланган қонун амалда. Диний қадриятлар юқори даражада ҳимоя қилинади. Ва буни провокаторлар тортиб ололмайди.

Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиманки, Адамнинг қилган ишидан фахрланаман. У доим катталар орасида ўсишга ҳаракат қиларди. Шу сабаб ғурури, фикрлари ва динини ҳимоя қилиш истаги ҳам катталарникидек. Унинг танловини ҳурмат қиламан».

Бу пост Қодировнинг телеграм-каналида 1,5 миллион марта кўрилган. У эълон қилиниши билан бошқа пабликларда ҳам тезда тарқалди. Россияда жамоатчилик Адам Қодировнинг ҳаракатлари ва Чеченистон етакчисининг гапларини фаол муҳокама қилмоқда. Рус нашрларида Қодировнинг ўғли тергов ҳибсхонасидаги Журавелни урган бўлиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ ҳам хабарлар тарқалганди. Аммо ҳолат видеоси Рамзан Қодировнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар фонида унинг каналида биринчи марта пайдо бўлди.

Кремл муносабат билдира олмади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 25 сентябр куни журналистлар билан навбатдаги конференс-колл (телефон мулоқоти шаклидаги матбуот анжумани) ўтказган. Сўзи аввалида Песков олдиндан Қодировнинг ўғли билан боғлиқ видеони муҳокама қилмаслигини айтган. Журналистлар бунинг сабабини сўраганда эса шунчаки, “хоҳламайман”, деб жавоб қайтарган.

Рус нашрлари Қодиров эълон қилган бу видеога мамлакат юқори мартабали сиёсатчиларидан ҳеч бири муносабат билдирмаганига эътибор қаратган. Чиндан ҳам бу ҳолат бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам ҳеч қандай иш очмаган. Россияда юқори мартабали сиёсатчилар орасида фақат бир киши айнан Адам Қодировнинг исмини айтиб, унинг қилган иши қонунга зид бўлса, жазосини олиши лозимлигини айтди. Бу – Рамзан Қодировнинг ўзи. Бу ҳақда Қодиров россиялик журналист Ксения Собчак билан интервюда айтган.

«Нега менинг оиламга ёпишиб олдинг?»

Қодиров ўғли Қуръонни ёққан провокатор Никита Журавелни ургани акс этган видеони эълон қилганидан кейин россиялик журналист Ксения Собчак айниқса фаол тарзда бу ишни қоралаб чиқди. У ўзига тегишли «Кровавая барыня» телеграм-каналида деярли онлайн тарзда россиялик сиёсатчилар Қодировга қарши гапира олмаётгани ҳақида постлар жойлаб борди.

25 сентябр тунги соат 02:00 га яқин Собчак ўз каналида унга Рамзан Қодиров видеоалоқа орқали қўнғироқ қилганини ёзиб, буни исботловчи скриншот ҳам эълон қилди. Ярим соат ўтиб Собчак суҳбат тафсилотларини баён этди.

«Демак, Қодиров билан 40 дақиқа телефонда гаплашдим ва бу жуда қизиқ тажриба бўлди. Нималарни гаплашганимизни қисқача айтиб бераман:

– Нега мени ўлди деб юрибсан?

– Бунақа деганим йўқ, манбаларга таяндим холос.

– Нега оиламга бурнингни тиқяпсан?

– Бундай қилганим йўқ.

– Нега ўғлимни муҳокама қиляпсан?

– Ахир ўзингиз видеони каналингизга жойлаб у билан фахрланишингизни айтдингиз. Нега жойладингиз бўлмаса?

– Буни яширишни истамайман, у ерда яширадиган ҳеч нарса йўқ.»

– Қилган иши учун уни жазоладингизми?

– Йўқ, у ажойиб йигит, ўзини ҳақиқий эркак каби тутган.

Давоми янада қизиқ, диққат қилинг:

1. Биз тергов ҳибсхонасига бордик. Журавел мен билан шахсан гаплашмоқчилиги, исломни қабул қилмоқчи эканини айтибди. Мен эса унга шайтон экани, шунчаки жонини сақлашга ҳаракат қилаётгани, бунақа мусулмонлар бизга керак эмаслигини айтдим.

2. Мен унга ҳеч нима қилганим йўқ, қонунларга амал қиладиган одамман ахир. Кабинетдан чиқиб кетганимдан кейин Адам у ерда қолибди, буни пайқамай қолдим. Кейин бақирган овоз эшитдим, кўриқчимни уларни ажратишга юбордим. Адам мустақил, қизиққон йигит.

3. Адам 15 ёшда эканини ўйлаганим йўқ, бу эсимда ҳам йўқ. Катта ўғилларим уч нафар, доим уларнинг ёшини адаштираман (қўшимча қиламан: Адам Қодиров 15 ёшда, Али 16 ёшда, Ахмат 17 ёшда).

4. Агар бу тўлқинни бошлаган бўлсанг, эрталаб туриб ариза ёз, пикетга чиқ, сўз бераман, сенга ҳеч нарса бўлмайди.

5. Агар суд Адамни айбдор деб топса, у қонунда кўрсатилган жазони олади.

Ҳа, дарвоқе, яна баъзи гаплар бўлди.

Қодиров менга интервю бермаслигини айтди. У мени журналист эмас, блогер деб ҳисобларкан. Чеченистонга эса исталган вақтда бемалол бора олишим мумкин, менга ҳеч нима бўлмас экан. У ҳақида исталган гапни ёзиш мумкин, лекин оиласига тил теккизмаслигим керак экан. Бу огоҳлантириш эканини айтди. Қодиров шунча ҳудуд раҳбарлари турганда нега айнан у ҳақида ёзишимни ҳам тушунмаслигини айтиб эътироз билдирди.

Суҳбатимизни эълон қилишимга рухсат берди, мен бу ҳақда бир неча марта сўраб олдим. Скриншотни эълон қилишга ҳам рухсат берди, буни ҳам бир неча марта сўраб олдим. Тирик, дадил, [суҳбат давомида] ёнғоқ еб ўтирди.

Таҳририятни ҳозирча Россиядан олиб чиқиб кетмайман, лекин ҳамма хорижга чиқиш паспортларини тайёрлаб қўйди. Йўл-йўлакай ариза ёзаман. ОАВда эълон қилинган маълумот бўйича иш очишса, очишди, бўлмаса ўзим бораман. Нима бўлса бўлар», деб ёзди Собчак.

Кейинчалик журналист ўз канали сторисида Қодиров билан суҳбат ҳақида видео қолдирди: «Кеча куннинг биринчи қисмида таҳририятда жаҳл ва адреналин билан ишладик. Куннинг иккинчи қисмида ҳам бизни адреналин тарк этмади, аммо жаҳл ўрнини қўрқув эгаллади. Умуман олганда, кун якунида телефони экранида Рамзан Қодировни кўришни бу ҳаммаси уюштирилган, ҳеч қандай суҳбат бўлмаган, дейдиганларгагина тилашим мумкин. Тўғриси, уларга ҳам буни тилаш қийин, чунки чиндан қўрқинчли бўлди.

Ҳозир эса бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари текширув бошлагани ҳақида оммавий чиқиш кутяпман. Чунки ИИВ бу фактни рад қила олмайди. Вазиятни диққат билан кузатиб борамиз», деди Собчак сторисдаги видеода.

Кимлар Қодировга қарши гапирди?

Россиялик юқори мартабали сиёсатчилар бу ҳолатга муносабат билдиргани йўқ. Депутатлар, фаоллар орасида эса Қодировнинг ўғли жазоланиши керак деган россияликлар бўлди.

Масалан, Россиянинг Украинага босқинини фаол қўлловчи «Комсомолская правда» ҳарбий мухбири Александр Коц ўз каналида «Қонун амалда бўлган давлатларда Журавел қилган жинояти учун қамоқ кўринишида жазоланади, тергов ҳибсхонасидаги кабинетда калтакланиб эмас», деб ёзди. Коц Россия Тергов қўмитаси раиси Бастрикин ва Россия адлия вазири Константин Чуйченкони вазиятга муносабат билдиришга чақирди.

Россия президенти қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлган Марина Аҳмедова урушдаги иштироки учун Қодировдан миннатдор эканини унутмаган ҳолда ҳимоясиз одамни уришга қарши эканини айтди: «Биз ўрта аср феодали эмасмиз», деди у.

«Россия 1» телекалидаги «60 дақиқа» кўрсатуви бошловчиси, «Единая Россия» партияси депутати, янада аниқроғи Олга Скабееванинг эри Евгений Попов ўз каналида қисқа қилиб «Бу қонунбузарлик. Жиноятчилар учун жазони суд белгилайди, фақат суд», деб ёзди.

Сиёсатчи Аббас Галлямовнинг фикрича, Қодиров бу видео орқали Путин учун жиддий муаммо туғдирди: «Қодиров ўз яхши кўрадиган контекстни яна ўртага ташламоқда. Яъни, у истаган ишини қилади, ҳамманинг жаҳли чиқади, лекин ҳеч ким ҳеч нима қила олмайди. Аммо бу иши орқали у Путинга жиддий муаммо туғдирмоқда. Ахир волгоградлик ўша бола қанчалик аҳмоқ бўлмасин миллати рус. Бундан «Путин этник русларни чеченларга ейиш учун беришга тайёр» деган хулоса келиб чиқади. Бу эса урушни қўлловчиларнинг аксар қисмини ташкил қиладиган «россиялик патриотлар»га ёқадиган нарса эмас», деган у.

Мавзуга оид