Жаҳон | 19:47 / 30.09.2023
24761
6 дақиқада ўқилади

«Биз қиролга эмас, конституцияга онт ичамиз» – генерал Милли истеъфога чиқди

АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси бошлиғи генерал Марк Милли истеъфога чиқди. Арлингтондаги Майер ҳарбий базасида генерални истеъфога кузатиш маросими ўтказилиб, унда президент Жо Байден, мудофаа вазири Ллойд Остин ва Миллининг ўрнини эгаллаган янги раҳбар Чарлз Браун иштирок этди.

Фото: AP

АҚШ ҳарбий ҳаво-кучлари штаб бошлиғи Чарлз Браун 30 сентябрдан бошлаб генерал Миллининг ўрнини эгаллади. Милли 2019 йил, ҳали Трамп президент бўлган вақтдан буён Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасини бошқариб келаётганди. Унинг номзодини айнан Трамп тавсия қилган.

Милли мамлакатдаги энг юқори лавозимли генерал бўлган даврида АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқди, махсус кучлар Сурияда ҳарбий амалиётлар олиб борди, энг асосийчи, АҚШ Россия босқинига қарши турган Украинага ёрдам берди.

«У қўрқмас генерал эди»

Генерал Миллини кузатиш маросимида сўзга чиққан АҚШ президенти Жо Байден уни «хавф-хатардан қўрқмайдиган мард инсон» деб таърифлади: «Генерал Милли фаолияти давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашди ва бу учун берилиши мумкин бўлган барча медалларни олди. У бир марта яраланган ҳарбийларни эвакуация қилаётган танк билмай ўтиб кетмаслиги учун миналаштирилган кўприкка югуриб бориб, уларни тўхтатган. Марк, сиз билан ишлаш мен учун бебаҳо тажриба бўлди», деди Байден маросимда.

Пентагон раҳбари Ллойд Остин эса Марк Милли билан Ироқда бирга хизмат қилган вақтида уларнинг машинасига Боғдодда қўлбола портловчи восита билан зарар етказишганини эслади. «Ўшанда ярадор аскар олдига бораётгандик», деди Остин. Генерал Милли эса уни беш марта портлатиб юбормоқчи бўлишганини айтди.

«Биз қиролга онт ичмаймиз»

Хайрлашув маросимида генерал Марк Миллининг ўзи ҳам сўзга чиқди: «Биз қирол ёки қироличага, золим ёки диктаторга, диктатор бўлишга интилаётган одамга содиқ бўлишга онт ичмаймиз. Биз алоҳида инсонга эмас, АҚШ конституциясига содиқ бўлишга онт ичамиз. 44 йил давомида АҚШ конституциясига содиқ бўлдим», деди генерал Милли.

Фото: AFP

Трампнинг «таҳдидомуз» ишораси

Марк Милли штаб бошлиғи бўлиб ишлаган вақтдаги энг муваффақиятли операциялардан бири ИШИД етакчиси Абубакр ал Боғдодийнинг америкалик аскарлар томонидан 2019 йилда ўлдирилиши бўлганди. Бу операция билан ўз вақтида собиқ президент Трамп кўп марта мақтанган.

Собиқ президент Доналд Трамп генерал Миллини штаб бошлиғи лавозимига ўзи таклиф қилган бўлса-да, кейинчалик у билан муносабатлари совуқлашиб қолди. 2020 йил Милли намойишлар вақтида Трампга қўшилгани учун оммавий тарзда кечирим сўраб чиққанди. Ўшанда Трамп намойишчиларни тарқатиш учун тозалаб, кўзлан ёш чиқарадиган газ ишлаилтган йўлдан юриб борганди.

2021 йил 6 январ куни Трамп тарафдорлари намойиши чўққисига чиққан бир вақтда Милли хитойлик хамкасбига қўнғироқ қилиб, Пекинни АҚШда вазият тинч эканига ишонтиришга уринади. Генерал америкаликларда Хитойга ҳужум қилиш режаси йўқлигини айтади. Бу шов-шувли эпизод ҳақида журналист Боб Вудворднинг «Хавф» номли китобида айтилади.

Собиқ президент сентябр ойида ўзининг имжтимой тармоқдаги саҳифасида «бир вақтлар Миллини бу иши учун ўлимга ҳукм қилган бўлишларини» ёзди. Трамп генерал Миллини Хитой билан тил бириктиришда айблади. Қизиғи, Трампнинг ўзи ҳам бундай гаплар фейк хабарларда тарқалаётганини ёзган: «Фейк хабарларга ишониладиган бўлса, бу йигит Хитой билан тил бириктириб, уларга АҚШ президенти нималарни ўйлаётганини айтиб берган. Шундай вақтлар бўлганки, бу иш учун ўлим жазоси берилган», деди АҚШ 45-президенти. У Миллини америкалик аскарларнинг АҚШдан олиб чиқилишида ҳам айблади. Аммо ҳеч бир гапига исбот келтирмади.

Фото: AP

Собиқ президентнинг бу иддаосига АҚШ президенти Жо Байден тезда муносабат билдириб, Трампнинг гапини «кўнгилни айнитадиган» деб атади. Байден, шунингдек, Трампнинг гапига қарши ҳеч нима дея олмаётган республикачиларни танқид қилди.

Генерал Милли АҚШ президентлигига яна ўз номзодини қўйган Доналд Трампнинг ўз манзилига айтилган танқидидан кейин оиласи хавфсизлигини таъминлашга мажбур бўлишини айтди. «Нима ҳам дердим, афсуски бу гаплар айтилди. Мен эҳтиёт чораларни кўриб қўйдим. Ўзим ва оилам хавфсизлигини таъминлашга мажбурман», деди генарал.

«Исёнкор» ўринбосар

Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг янги раҳбари генерал Чарлз Браун бўлди. Ушбу лавозимни эгаллагунга қадар Браун АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларини бошқараётганди. У Колин Пауэлдан кейин АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига раҳбарлик қиладиган иккинчи афроамерикалик генералга айланди.

Генерал Марк Милли ва генерал Чарлз Браун
Фото: AFP

1984 йил АҚШ ҳарбий ҳаво кучларида оддий офицер сифатида фаолиятини бошлаган Чарлз Браун 3000 соатдан ортиқ парвоз вақтида эга жуда тажрибали учувчи ҳисобланади. Хусусан, 130 соат давомида ҳаводаги жангларда қатнашган. Флоридадаги F-16 қирувчи синов парвозида бир марта катапулта қилишга мажбур бўлган.

Браун ҳозиргача қирувчи самолётлар эскардилияси ва иккита қирувчи учоқлар авиақанотларини, шунингдек, Ҳинд-Тинч океани қўмондонлигининг ҳарбий ҳаво кучларини бошқарган.

2020 йил америкалик полициячилар қора танли Жорж Флойдни ўлдириб қўйгач, генерал Браун ўз саҳифасида Америка армиясидаги ирқчилик ҳақида таъсирли видео жойлаган ва юқори мартабали ҳарбийлар орасида шу кўринишда «исён қилгани» билан ёдда қолганди.

Генерал Миллининг ўрнига тайинланган Браун асосий мақсади ҳар қандай агрессияни тийиш экани, АҚШ қуролли кучлари модернизацияга эътибор қаратиши кераклиги, бу учун янгича йўналишларга эътибор қаратиши зарурлигини айтди.

Мавзуга оид