Жаҳон | 19:46 / 03.10.2023
10693
2 дақиқада ўқилади

Покистонда одамларнинг буйрагини кесиб олиб, бойларга кўчириш билан шуғулланган шифокор ушланди 

Бадавлат мижозларга трансплантация қилиш учун одамларнинг буйрагини ноқонуний равишда кесиб олган шифокор бошчилигидаги саккиз кишидан иборат жиноий гуруҳ ҳибсга олинган.  

Фото: Getty Images

Покистоннинг Панжоб вилояти маъмурияти раҳбари Муҳсин Нақвий хабарига кўра, доктор Фавад Мухтор бошчилигидаги жиноий гуруҳ қўлга олинган. У одамларнинг буйрагини жарроҳлик йўли билан, кўпинча беморларнинг розилигисиз кесиб олган ва бадавлат одамларга кўчириб ўтказган. 

Шифокорга операциялар вақтида ёрдамчи сифатида асли касби автомеханик бўлган шахс ёрдам берган. Шунингдек, у шифохонадаги беморларни жарроҳлик амалиётига жалб қилишга кўмаклашган. 

Қайд қилинишича, улар камида 328 та жарроҳлик операциясини бажарган, оқибатда камида уч нафар бемор вафот этган. 

Тергов маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар буйракларини хорижлик беморларга 10 миллион рупийга (120 минг доллар), покистонлик беморларга эса уч миллион рупийга сотган. 

Муҳсин Нақвий сўзларига кўра, Мухтор аввал беш марта ҳибсга олинган, аммо ҳар сафар порахўр полициячилар ёрдамида озод қилинган. 

Буйрак савдогарлари гуруҳи асосан 13 миллионлик Лаҳор шаҳрида, пойтахт Исломобод яқинидаги Тахила шаҳрида, шунингдек, Кашмирнинг Покистон қисмида фаолият юритган. 

«Аслида ноқонуний жарроҳлик хоналари ва трансплантациялар сони жуда кўп. Биздаги маълумот фақат тасдиқланганлари», деди Нақвий. 

Покистонда 2010 йилги қонун билан инсон аъзолари савдоси тақиқланган эди. Донорлар, шифокорлар ва воситачилар томонидан аъзоларни чет элга оммавий сотишни тўхтатиш умидида ҳукумат қаттиқ жазоларни жорий қилди: ўн йиллик қамоқ ва катта жарималар. Аммо бу ёрдам бермади: аҳоли камбағаллиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари коррупциялашган Покистонда одам аъзолари савдоси ҳамон ривожланиб бормоқда. 

Январ ойида Панжоб полицияси йўқолган 14 ёшли болани буйраги олиб ташланган ҳолда махфий операция хонасидан топиб, одам аъзоси савдоси билан шуғулланувчи яна бир гуруҳни қўлга олган эди. 

Мавзуга оид