Жаҳон | 08:56 / 04.10.2023
5839
3 дақиқада ўқилади

Еврокенгаш раҳбари: Украина 2030 йилгача ЕИга аъзо бўлиши мумкин

Украина ва бошқа номзод давлатлар ислоҳотларни амалга ошириб, коррупцияни енгса, Европа Иттифоқига аъзо бўла олади, дейди Шарл Мишел.

Фото: Reuters

Украина 2030 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкин, деди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашрига 3 октябр, сешанба куни берган интервюсида. Шу билан бирга, у «агар иккала томон ҳам уй вазифасини бажарса» бундай сценарий бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Украина ва бошқа аъзоликка номзодлар ислоҳотларни амалга ошириши, коррупцияга қарши курашиши ва қонуний шартларни бажариши керак», - дея тушунтирди у. 

Мишелнинг айтишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар биргаликда нимага эришмоқчи экани, устуворликлари қаерда ва нимага пул сарфлашни хоҳлаши ҳақида «аниқ тушунчага эга бўлиши керак». Шу билан бирга, Европа Иттифоқи қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириши керак, деб ҳисоблайди Мишел. 

Мишел Европа Иттифоқининг геосиёсий таъсири ҳақида 

«Бой ва хавфсиз Украина - манфаатларимизга мос, - деди сиёсатчи кейинроқ интервюда. - Россияга қаршилик кўрсатганидан бери шу нарса маълум бўлдики, Украинанинг ўрни Европа Иттифоқида. Шу билан бирга, қачонлардир эмас, балки яқин вақт ичида. Шу тариқа, Европа Иттифоқи геосиёсий нуқтаи назардан керакли ишларга қодир эканини кўрсатади».

Мишелнинг сўзларига кўра, «бутун дунё ва Владимир Путин ҳам» Европа Иттифоқининг Украинага бостириб кириши учун Россияга қарши қаттиқ санкцияларни қанчалик тез келишиб олганидан ҳайратда қолган. «Украинага биринчи бўлиб қурол етказиб беришимизни ҳеч ким кутмаган бўлса керак», - дея қўшимча қилди у. 

Шу билан бирга, Европа кенгаши раҳбари «геосиёсий таъсир ҳар доим ҳам фақат ҳарбий куч билан ўлчанмаслигини» таъкидлади. «Бирлашган Миллатлар Ташкилотида мен Европа Иттифоқини қоидаларга асосланган, кўп томонлама дунё тартибини ҳимоя қилишда етакчи ўринни эгаллаши тарафдориман. Агар биз бу ролни ўйнамасак, бошқалар бизнинг қадриятларимиз ва қоидаларимизсиз дунё тартибини яратади. Агар бу содир бўлса, биз ҳамма нарсани йўқотишимиз мумкин».

Европа кенгашига раҳбарлик қилган давридаги энг жиддий муваффақиятсизлик нима, деган саволга Мишел шундай жавоб берди: «Биз Россиянинг Украинага ҳужум қилишини тўхтата олмадик. Бунинг оқибатлари даҳшатли». 

Мавзуга оид