Иқтисодиёт | 20:49 / 06.10.2023
29495
2 дақиқада ўқилади

Марказий Банк 6 та тижорат банкини жаримага тортди 

Шунингдек, 1 та тижорат банкининг актив ва пассив операциялари тўхтатилди ҳамда 4 та тўлов ташкилотидан лицензия чақириб олинди. 

Банк назорати қўмитаси томонидан Марказий Банкнинг назоратга доир вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил сентябр ойидаги йиғилишларида, асосий эътибор, тўлов ташкилотлари ва банкларда устав фонди (устав капитали) бўйича қонунчилик талабларининг бажарилиши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга ҳамда пруденциал меъёрларга риоя қилиниши, шунингдек, ўтказилган текширув натижаларида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилди. 

Қайд қилинишича, 1 та тижорат банки ва 1 та тўлов ташкилотининг айрим операцияларини амалга оширишига чеклов ўрнатилган ҳамда 13 та тижорат банки фаолиятида қоидабузарликлар аниқланганлиги сабабли чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган. 

Шунингдек, 6 та тижорат банкига нисбатан жарима чораси қўлланган ҳамда устав капитали қонунчилик талабларига мувофиқ шакллантирилмагани сабабли 1 та тижорат банкининг актив ва пассив операцияларини тўхтатиш ҳамда 4 та тўлов ташкилотидан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 

Марказий Банк хабарида ушбу тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари номи келтирилмаган. 

Бундан ташқари, тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, шунингдек, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатни соғломлаштириш билан боғлиқ талабларга риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилгани ва вазифалар юклатилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид