6 октябр, жума куни Гранадада бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг норасмий саммитида ЕИ етакчилари унинг келажагини муҳокама қилди. Учрашув Европа Иттифоқининг кенгайиш стратегияси бўйича кенг ва мураккаб мунозараларнинг бошланиши бўлди. Гап нафақат номзод давлатлар, жумладан, Украина, Молдова ва Гуржистон Европа Иттифоқига қўшилиш учун нима қилиши кераклиги, балки Европа Иттифоқининг ўзи ҳам кенгайишга қандай тайёрланиши ҳақида борди.

Масалан, қандай ислоҳотларни амалга ошириш керак, қандай янги қонунлар қабул қилиш керак, бу кенгайиш қандай молиялаштирилади, каби саволлар кўриб чиқилди. Хусусан, Германия канцлери Олаф Шолц Европа Иттифоқи ташқи ва солиқ сиёсатида якдиллик тамойилидан воз кечиб, келажакда ҳамма нарсани кўпчилик овоз билан ҳал қилиши керак, деб ҳисоблайди. У, шунингдек, Еврокомиссиянинг келажакдаги ҳолати ва Европарламентда ўринларни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф этяпти, бунда «шунчаки Еврокомиссияни кенгайтириб, янги вазирликлар ихтиро қилиш керак эмаслиги» таъкидланди.

Европа Иттифоқи - «ёпиқ клуб эмас»

Ҳозирча гап кейинги кенгайиш 2030 йилда содир бўлиши кераклиги ҳақида боряпти. Эстония бош вазири Кайя Каллас каби баъзи раҳбарлар буни жуда кеч деб ҳисоблаяпти. «Ўз навбатида, биз 2030 йилгача тайёр бўлишимиз керак. Тезлаштиришимиз керак. Европа Иттифоқига охирги марта янги давлатни қабул қилганимизга кўп йиллар бўлди», - дейди у. Калласнинг сўзларига кўра, Черногория каби кичик давлатлар Европа Иттифоқига деярли сезилмай қўшила олади, йириклари эса кўп меҳнат талаб қилади. Шу тариқа, унинг таклифи кичикроқ мамлакатларни қабул қилишдан бошлаш ва Европа Иттифоқи «ёпиқ клуб эмаслигини» намойиш этишдан иборатдир. Кенгайишнинг сўнгги босқичи Европа Иттифоқида ўн йил олдин, Хорватия унга қабул қилинганда содир бўлган.

Бироқ, Европа Иттифоқига қўшилиш ҳажмга эмас, балки фақат қилинган ишларга кўра баҳоланади, деб таъкидлади Европа кенгаши раиси Шарл Мишел. Муддатлар - зарур шартларни ўз вақтида бажариш учун сабаб, дейди у: «Ҳар ким ўз мажбуриятларини бажариши керак бўлган санани белгилаш тўғри бўлар эди». Шу билан бирга, нафақат номзодлар, балки Европа Иттифоқи ҳам ўз мажбуриятларини бажариши керак, деди у. 

Фото: Reuters