Жаҳон | 19:29 / 08.10.2023
61000
7 дақиқада ўқилади

Исроилга 50 йил ичидаги энг йирик ҳужум. Сўнгги маълумотлар

Юзлаб кишилар ўлдирилган, минглаб кишилар яраланган. Исроил армияси Ғазони ўз назоратига олишни мақсад қилган. ОАВ Исроил нима учун ҳужумга тайёр бўлмагани борасида савол бермоқда.

Ғазо секторини назорат қилиб келаётган ҲАМАС ҳаракати 7 октябр тонгида Исроилга ҳужум уюштирди. Гуруҳ вакиллари Исроил шаҳарлари бўйлаб беш мингдан ортиқ ракета учирилганини маълум қилган (Исроил ҳукумати мамлакат ҳудудига икки мингдан ортиқ ракета кириб келганини тасдиқлаган). Бундан ташқари, ҲАМАСнинг қуролланган гуруҳлари Исроилнинг Ғазо билан чегарадаги аҳоли яшаш манзилларига кириб, тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчиларни гаровга олган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилган. Исроил авиацияси Ғазо сектори бўйлаб ҳужум бошлаб, ҲАМАСнинг ҳарбий объектлари сифатида кўп қаватли биноларни нишонга олди. 7 октябр куни кечқурун Исроил армиясининг оғир техникалари Ғазо сектори билан чегара ҳудудига келтирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Нетаняҳу Ғазо бўлгасида яшовчи аҳолини «зудлик билан» у ердан кетишга чақирган. Исроил, шунингдек, Ғазо билан чегарага яқин жойлашган аҳоли яшаш манзиллари аҳолисини эвакуация қилиш режасини эълон қилган.

8 октябрга ўтар кечаси икки томон ҳам отишмаларни давом эттирди. Хусусан, ҲАМАС Ғазога энг яқин жойлашган йирик Ашкелон шаҳридаги шифохонага зарба берган; олти киши яраланган. Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 400 дан ортиқ объектларига ҳужум қилганини маълум қилган. Шунингдек, Исроил армияси мамлакат жанубида ҲАМАС аъзолари кириб келган ҳудудларнинг катта қисми устидан назорат қайтарилганини тасдиқлаган.

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи 8 октябрга ўтар кечаси ҲАМАСнинг ҳаракатлари билан «бирдамлик рамзи» сифатида Исроил ҳудудини ўққа тутди. Бунга жавобан Исроил армияси Ливан бўйлаб артиллерия зарбалари йўллади. Исроилнинг Haaretz газетаси журналисти Гидеон Леви Al-Jazeera телеканали эфирида агар «Ҳизбуллоҳ» можарога тўлақонли равишда қўшилса, Исроил армияси икки фронтда жанг қилишига тўғри келиб, инқироз ҳолатига тушиб қолиши мумкинлигини айтган. Сўнгги хабарларга кўра, мамлакат армияси шимолий чегаралар томон оғир техникаларини юбормоқда, бу ҳудудга ташланган техникалар сони Ғазо билан чегарага ташланганидан кўпроқ. Ҳудуд аҳолисига эвакуация бўлиш тавсия этилган.

ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония Ғазодан бошланган юриш Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Қуддусга қадар ёйилишини айтди; у ҳужумни «душманимиз учун мағлубият ва таҳқир тонги» деб атади. Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 8 октябрга ўтар кечаси «Исроил ҳудудига кириб келган жангариларнинг катта қисми ўлдирилгани», Исроил эса ўз юриш амалиётини «ҲАМАСнинг имкониятлари тўлиқ йўқ қилинмагунига қадар» давом эттиришини билдирганди.

Исроил мудофаа армияси Ғазо секторини тўлиқ назоратга олишни мақсад қилганини билдирган. «Бизда яқин 12 соат учун мақсад бор: Ғазо анклави мавжудлигига барҳам бериш. Бутун анклавни назорат остига олиш ва ҳудудимиздаги барча террорчиларни йўқ қилиш», деган ЦАҲАЛ расмий вакили подполковник Ричард Хехт. У Ғазонинг маълум ҳудудларидаги аҳоли кўчирилишига тўғри келиши мумкинлиги ва армия бошқа фронтлардан бўладиган эҳтимолий ҳужумларга тайёрлигини маълум қилган.

Исроил расман уруш ҳолатини эълон қилди ва 40-алиф пунктини ҳаракатга келтирди. Бу пункт сўнгги марта 1973 йилда қўлланганди. Энди Исроил мудофаа армияси — ЦАҲАЛда ўзидан келиб чиқиб тўлиқ ҳаракат қилиш эркинлиги бор. Фақат, қилаётган ҳаракатлари тўғрисида сиёсий раҳбариятини хабардор қилиб туриши керак.

ЦАҲАЛ «томни тақиллатиш» жараёнидан воз кечган. Бунгача тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлмаслиги учун улар яшаётган уйга ракета зарбаси берилиши ҳақида телефон билдиришномаси жўнатилар, сўнгра йўқ қилиниши лозим бўлган уйга сохта ракета келиб урилиб, портламасдан ният жиддий эканини билдирарди. Шундан сўнг ракета зарбаси бериларди. Энди Исроил ҳарбий ҳаво кучлари биноларни огоҳлантирмасдан йўқ қилишмоқда.

Исроилда камида 600 киши ҳалок бўлиб, 2 мингдан ортиқ киши яраланган. Бундан ташқари, The Jerusalem Post маълумотига кўра, 750 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, 100 дан ортиқ киши ўғирлаб кетилган. ҲАМАС 7 октябр куни Исроил ҳудудида 35 дан ортиқ киши — тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар гаровга олинганини маълум қилганди. Исроил армияси ҳам буни тасдиқлаган, аммо гаровдагилар сонига аниқлик киритилмаган. Кейин Исроил томони уларнинг бир қисми озод этилгани ҳақида хабар берди. Гаровга олинганлар ва ҳалок бўлганлар орасида чегарадаги мусиқа фестивалига келган хорижий мамлакат фуқаролари ҳам бор. The Wall Street Journal хабарига кўра, Исроил ҳукумати ҲАМАС қўлида гаровда бўлиб турганларни озод этиш бўйича музокараларда воситачилик қилиши учун Мисрга мурожаат қилган, аммо Мисрдан бўлган музокарачилар фаластинликларни бунга кўндира олмаган.

Ўз навбатида, Ғазо секторида Исроилнинг жавоб зарбаларидан кейин камида 370 киши ҳалок бўлган; улар орасида камида 20 бола бор. 1990 га яқин киши жароҳатланган. БМТ маълумотига кўра, Ғазодаги 20 минг атрофидаги киши отишмалар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Исроилга бу сафарги ҳужум қурбонлар сони бўйича 50 йил муқаддам, 1973 йил октябрида бўлиб ўтган ва Маҳшар куни деб ном олган урушдан кейинги энг йириги бўлди. Ўз навбатида, CNN телеканалининг қайд этишича, ҳужум вақтида исроиллик аскарлар асир тушиши ҳолати 17 йилдан буён, Исроил ҳарбий базалари, шаҳар ва коммуналари эгаллаб олиниши 1948 йилги Исроил урушидан буён кузатилмаганди. Бу эса Исроил ҳукуматига мамлакат нима учун бундай ҳужумга тайёр бўлмагани борасида саволларни туғдирмоқда, деб ёзади CNN. Бунга жаҳон ва Исроилдаги бошқа нашрлар ҳам эътибор қаратган.

Исроилга ҳужум АҚШ ва Европанинг кўплаб давлатлари томонидан қораланди. РФ ТИВ бўлаётган воқеаларни «зўравонликнинг ёпиқ доираси» деб атаган ва «бундан тийилиш»га чақирган. Россиялик пропагандачилар Исроилга ҳужумни муҳокама қилар экан, («Агентство» хулосасига кўра) учта асосий тезисни илгари суришмоқда: Ғарбнинг хатолари вазият кескинлашувига олиб келди; урушлар нормага айланди; Россиядан Исроилга кетганлар қайтади. Яқин Шарқ мамлакатлари эса ҲАМАСни тўғридан тўғри қўллаб-қувватламоқда ёки эскалация учун Исроилни айбламоқда.

Европанинг йирик авиакомпаниялари, жумладан, Lufthansa, Turkish Airlines, LOT, Wizz Air, EasyJet ва airBaltic Исроилга парвозларни тўхтатган.

Мавзуга оид