Сентябр охирида “Толибон” расмийлари ва ўнга яқин давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари Москва форматидаги 5-учрашувга йиғилди. Хўш, толиблар билан бу каби мулоқотлардан фойда бўляптими, улар билан нималар гаплашиляпти, Афғонистонда кимнинг қанақа манфаати бор? “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида ўзбек экспертлари шу ҳақда сўз юритди.

Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Сайфиддин Жўраев, Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов.

— Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг устувор кун тартибидан тушиб қолгани қайси омиллар билан боғлиқ?

Сайфиддин Жўраев: Сўнгги 3 йил ичида Афғонистон муаммосига муносабат ўзгаргани йўқ, лекин эътиборнинг пастга тушиши бўлди. Биринчи сабаб, албатта, дунёдаги ўзгаришлар, Украина кризиси, АҚШ-Россия тирашуви, Хитойнинг ўсиб келиши каби масалалар фонида қолиб кетаётгандек. Иккинчи сабаб эса Афғонистоннинг ўзидаги жараёнлар, яъни маълум даражада ўзгаришлар бор: терроризмга қарши кураш, бутун мамлакатни бошқариш. Лекин жаҳон ҳамжамияти қўйган талабларнинг катта қисми бажарилмасдан қолиб кетяпти. Учинчи бир сабаб эса Афғонистондаги бўлаётган ишлар дунёнинг бошқа давлатларига унча таъсир қилмай қўйди. Аммо қўшни давлатлар учун, хусусан, Марказий Осиё давлатлари учун Афғонистон масаласи доимий кун тартибида. Президентимиз ҳам БМТда Афғонистонни ўз муаммолари билан қолдириб бўлмайди, деди. Умуман, Афғонистон Осиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд, кун тартибидан тушмайди барибир.

Дунёда ҳеч қачон бўшлиқ бўлиб қолмайди, ўзаро боғлиқ. Охирги бир неча ой, айниқса сўнгги бир ҳафтада Афғонистон масаласи яна кўтариляпти. АҚШ конгрессида ҳам бу муаммо кўтарилди. Россия томонидан ҳам шундай ҳаракатлар бўляпти, Давлат думасида кўрилди бу масала. Бу дегани ҳар давлат ўз манфаати томонидан яна Афғонистон муаммосини кўтаряпти.

Сайфиддин Жўраев

Камолиддин Раббимов: Афғонистон масаласида дунёда геосиёсий чарчоқ бор. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда 20 йил урушди. Олдига 3 вазифа қўйганди: «Толибон»ни йўқотиш, Ғарбга мойил бўлган сиёсий тизимни ўрнатиш ва дунёвий давлатга айлантириш. Лекин бирортасига ҳам эришилмади.

Афғонистон дейилганда жуда чуқур илдиз отган муаммолар мажмуаси тушунилади бутун дунёда. Шавкат Мирзиёев ҳам шу ҳолича ташлаб бўлмайди, қайтадан фуқаролик уруши бошланса, барчамиз ютқазган бўламиз, деган позицияни билдирмоқда. Яъни вазият жуда мураккаб. «Толибон» сиёсий тизими идеал сиёсий тизим эмас, ўта инжиқ ва мураккаб тизим. Лекин сўнгги 40-50 йил ичида биринчи марта битта куч Афғонистонни назорат қиляпти ва бу – имконият. Лекин Украина уруши фонида Афғонистонга эътибор табиий равишда тушиб кетди.