Сахаров мукофоти эронлик Маҳса Аминийга берилди
Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти 2022 йилда вафот этган Маҳса Аминий ва унинг ўлимидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари иштирокчиларига берилди.
Европарламент Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофоти эронлик Маҳса Аминийга берилганини эълон қилди. Аёл 2022 йил сентябрида рўмолни «нотўғри ўрагани» учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган эди. Мукофот унинг ўлимидан сўнг «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори остида бошланган оммавий намойишларда қатнашган эронликларга ҳам топширилди.
«Европа парламенти Эронда тенглик, қадр-қиммат ва эркинлик учун курашни давом эттираётган жасур ва мард одамларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади. Биз ҳатто қамоқда бўлса ҳам «Аёл, ҳаёт, эркинлик» [ҳаракатини] қўллаб-қувватлашда давом этаётганларни қўллаб-қувватлаймиз. Уларни Сахаров мукофоти лауреати сифатида танлаб, уларнинг курашини эслаймиз ва озодлик учун энг юқори нархни тўлаган барчани ҳурмат қилишда давом этамиз», деди парламент раҳбари Роберта Метсола.
«Андрей Сахаров» мукофоти Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофотидир. У 1988 йилдан бери топширилади, мукофот жамғармаси 50 минг еврони ташкил қилади.
2020 йилда «Андрей Сахаров» мукофоти Беларус мухолифатига топширилди. 2021 йилда унинг лауреати сиёсатчи Алексей Навалний бўлди. 2022 йилда мукофот Украина халқига топширилди.
Мукофот совет назариётчи физик олими, СССР Фанлар академияси академиги, жамоат арбоби, диссидент ва ҳуқуқ фаоли Андрей Дмитриевич Сахаров (1921—1989) номи билан аталади. У биринчи совет водород бомбасининг яратувчиларидан бири. 1975 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати. Совет қўшинларининг Афғонистонга киришини қоралаган баёнотлардан сўнг, у барча совет мукофотларидан маҳрум қилинди ва 1980 йил январ ойида мамлакатдан чиқариб юборилди. 1986 йилда КПСС Марказий Комитети бош котиби М.С.Горбачёв унга сургундан Москвага қайтишга рухсат берди.
Мавзуга оид
11:45 / 21.12.2024
Европарламентда Ўзбекистонга бағишланган фотокўргазма очилди
15:51 / 29.11.2024
Европарламент Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
13:28 / 21.11.2024
Европарламент 27 ноябр куни еврокомиссарликка номзодларни тасдиқлайди
09:10 / 05.11.2024