Фан-техника | 13:05 / 21.10.2023
51564
5 дақиқада ўқилади

Инсон фикрларини ўқийдиган машина, «тўрт оёқли» мотоцикл ва Infiniti QX50 2024 – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

«Тўрт оёқли» мотоцикл

Япониянинг Suzuki компанияси Japanese Mobility Show тадбирида MOQBA деб номланган янги турдаги транспорт воситаси концепциясини тақдим этди

Фото: Suzuki

MOQBA’нинг максимал тезлиги 32 км/с бўлиб, аккумулятори тўлиқ қувватлантирилганда 80 км масофани босиб ўтиш имконига эга.

Инновацион қурилма фақат битта одамни кўтара олади. Мотоциклнинг афзаллиги шундаки, уни доимий бошқариши шарт эмас, фақат йўналишни белгилашнинг ўзи кифоя. Бу ҳаракатланиши чекланган инсонлар ёки жароҳатланганларни ташишда қулай.

MOQBA текис юзада ҳаракатланадиган ғилдираклар билан ҳам жиҳозланган, бироқ у нотекис жойларда ҳам юра олади. 

Инсон фикрларини ўқийдиган машина

Nissan компанияси инсон онгини ўқиш функциясига эга бўлган келажак электр минивенининг концепциясини намойиш қилди. Hyper Tourer деб номланган автомобилнинг ичида 360 даража айлана оладиган 4 та ўриндиқ бўлади.

Фото: Nissan

Минивен автопилот ёрдамида бошқарилади. Креслолардан бирида рул бор, лекин уни ишлатиш шарт эмас.

Фото: Nissan

Hyper Tourer’нинг асосий хусусияти сунъий интеллект асосида қурилган ақлли тизимдир. Салонга ўрнатилган датчиклар ёрдамида автомобил йўловчиларнинг мия фаолиятини, юрак уриши, нафас олиши ва терлашини кузатиши мумкин. Ушбу маълумотларга асосланиб, нейрон тармоқ автомобил ичидаги мусиқа ва ёритишни ўзгартиради.

Фото: Nissan

Мазкур концепция қачондан бошлаб амалиётга татбиқ қилина бошлашига аниқлик киритилмаган.

Мониторли кўйлак

Adobe компанияси биргина тугмани босиш орқали рангини ва нақшларини ўзгартира оладиган кийим яратди. Махсус либос Project Promise лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, мослашувчан майда дисплейлардан ташкил топган.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу инновацион ёндашув нафақат мода соҳасида, балки мебел дизайни ва турли объектларни безашда инқилоб ясаши мумкин.

iOS версиясини автоматик янгилаш тизими

Apple компанияси янги iPhone смартфонларини созлаш жараёнини соддалаштирмоқчи. Агар қурилма сотувлар бошланганида харид қилинмаган бўлса, одатда ундан фойдаланишдан олдин, iOS дастурининг сўнгги версиясини янгилаш талаб этилади. Янги тизим Apple дўкони ходимларига қутини очмасдан қурилмага сўнгги дастурни ўрнатиш имконини беради. 

Bloomberg мухбири Марк Гурманнинг хабар беришича, Apple шу мақсадда «симсиз зарядловчи қурилмага ўхшаш жиҳозни» ишлаб чиқмоқда. Ходим дастурни янгиламоқчи бўлса, iPhone солинган қутини ушбу жиҳоз устига қўяди, шунда смартфон ишга тушади ва iOS янги версиясини юклаб олади. Жараён якунлангач, яна ўчади. 

Гурманнинг қўшимча қилишича, бундай ускуналар 2023 йил охиригача дўконларда пайдо бўлади. Гап фақат Apple Store ҳақида кетяптими ёки ваколатли сотувчилар ҳам iPhone смартфонини қутисини очмасдан янгилай оладими, ҳозирча аниқ эмас.

Infiniti QX50 2024

Infiniti QX50 2024  тақдим этилди. Ушбу модел ўтган йилги каби бешта: Pure, Luxe, Sport, Sensor va Autograph комплектацияларида бўлади.

Фото: Infiniti 

Автомобил нархи 42 045 доллардан бошланади. Топ комплектация учун эса 59 095 доллар тўлашга тўғри келади.

Хитой учар таксида одам ташишга рухсат берди

Хитой учувчисиз ҳаво таксиларидан фойдаланган ҳолда йўловчиларни тижорат мақсадида ташишга рухсат берган дунёдаги биринчи давлат бўлди. EH216-S учар автомобилини ишлаб чиққан EHang стартапи шундай рухсатнома олган

Ушбу қурилманинг прототипи 2017 йилда осмонга кўтарилган. Шундан бери компания 40 мингга яқин синов парвозини амалга оширди. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, синов пайтида бортдаги одамлар билан бирорта ҳам фавқулодда вазият юзага келмаган. 

EH216-S — икки кишилик капсулага эга электр октокоптер. Иккала ўриндиқ ҳам йўловчилар учун мўлжалланган, бортда учувчи бўлиши талаб қилинмайди. У вертикал равишда учади ва қўнади. Битта заряд атиги 20 дақиқалик парвоз учун етарли, шунинг учун қурилма ҳали узоқ масофаларга мўлжалланмаган. Аммо қисқа саёҳатлар 135 км/соат тезликда амалга оширилиши мумкин. 

Букланадиган экранли iPad 

Apple ҳам эгилувчан экранли қурилмалар, хусусан, iPad яратиш устида ишлаётган бўлиши мумкин. Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, айни пайтда компания вакиллари етказиб берувчилар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда ва кичик ҳажмдаги ишлаб чиқариш 2024 йил охирида бошланиши мумкин. Планшетнинг техник хусусиятлари ва ўлчами қандай бўлиши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Мавзуга оид