Бу ҳар куни ўртача 400 дан ортиқ бола ўлаётгани ёки жароҳатланаётганини билдиради, дейилади UNICEF ахборотида. Бундан ташқари, Исроил тарафдан ҳам 30 дан ортиқ болалар ҳаётдан кўз юмган.
«Болаларни ўлдириш ва майиб қилиш, уларни ўғирлаш, касалхоналар ва мактабларга ҳужумлар қилиш ва инсонпарварлик ёрдамини рад этиш – болалар ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир. UNICEF зудлик билан барча томонларни ўт очишни тўхтатишга, инсонпарварлик ёрдамига рухсат беришга ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақиради.
Ҳатто урушларнинг ҳам қоидалари бор. Тинч аҳолини, айниқса болаларни ҳимоя қилиш керак ва уларни ҳар қандай шароитда сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак», – деган UNICEF'нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Аделе Ходр.
Ғазо секторидаги деярли ҳар бир бола вайронагарчилик, тинимсиз ҳужумлар, кўчиш, озиқ-овқат, сув ва дори-дармон каби зарурий эҳтиёжларнинг жиддий танқислигига дучор бўлмоқда.
«Ғазо секторидаги вазият жамоавий виждонимиздаги доғ бўлмоқда. Болалар ўлими ва жароҳати даражаси ҳайратланарли даражада кўп. Бундан ҳам қўрқинчлиси шундаки, агар кескинлик юмшатилмаса ва инсонпарварлик ёрдами, жумладан озиқ-овқат, сув, тиббий буюмлар ва ёнилғи олиб кирилишига рухсат берилмаса, ҳар куни қурбонлар сони ортиб бораверади», деган халқаро ташкилот вакили.
Ёнилғи – Ғазодаги шифохоналар, тузсизлантириш заводлари ва сув насос станциялари каби муҳим объектлар ишлаши учун катта аҳамиятга эга. Исроил Миср билан чегарада жойлашган Рафаҳдан кираётган кичик миқдордаги инсонпарварлик ёрдамлари таркибида ҳудудга ёнилғи ҳам киритилишига рухсат бермаяпти. БМТ расмийлари ҳам агар Ғазога ростдан ёрдам бериш хоҳиши бўлса, кўпроқ гуманитар ёрдам ва ёнилғи бериш кераклигини айтган.
Ёнилғи етишмовчилиги нафақат шифохоналар, балки ҳудудда сув муаммосини ҳам келтириб чиқармоқда. Ғазода денгиз сувидан шўрни ажратиб олувчи инфратузилмаларга зарар етган. Бу эса беморлар ва болалар ифлосланган сув ичишига олиб келмоқда. Натижада касалликлар ва ўлим яна кўпайиши мумкин.
Ғазо секторидаги тинч аҳоли ва болалар билан юзага келган вазиятни ўнглаш учун UNICEF томонларни қуйидагиларга чақирган:

















