Ахборот технологиялари соҳаси охирги ўн йилликларда улкан трансформацияларни ўз бошидан кечирди ва бутун ҳаётимизни ўзгартириб юборди. Булутли технологиялар, 5G ва интернет, миллиардларни қамраб олган ижтимоий тармоқлар, медианинг ақл бовар қилмас тараққиёти... Бу мислсиз кашфиётларни яна давом эттириш мумкин. Шубҳасиз, бутун дунё миқёсида шов-шув кўтаришга улгурган сунъий интеллект ва у билан боғлиқ ҳолда қалқиб чиққан мутлақо янги йўналишлар бу технологик янгиликларнинг энг чўққиси бўлди.  

Сунъий интеллект ўзи нима? У қандай ишлайди?

Сиз кўриб турган ушбу ускуна сунъий интеллект томонидан бошқарилади. Асосий вазифаси янги дори воситаларини яратиш бўлган бу қурилма протеин, нуклеид, кислота сингари кимёвий моддалар билан молекуляр даражада (“доналаб” деб ўқисангиз ҳам бўлади) ишлайди. Сунъий интеллект тадқиқотларни узлуксиз равишда давом эттирар экан, маълумотларни реал вақт режимида таҳлил қилиб боради. Керакли натижага эришилмагунча миллионлаб вариантдаги турли сценарийларни синаб кўради.

Янги дори яратиш жуда катта меҳнат, вақт ва харажат талаб қиладиган иш. Масалан, протеинлар ёрдамида ўтказиладиган тажрибаларнинг муваффақият кўрсаткичи 10 фоиздан ҳам кам. Ҳар бир омадсиз натижа эса ўртача 30-200 миллион долларга тушади. Аммо сунъий интеллект технологияларининг кириб келиши фармацевтика соҳасида ҳам инқилобий бурилишлар ясамоқда. Илгари ўн йиллаб вақт сарфланган тадқиқотлар машина тафаккури ёрдамида имитация қилиниб, ақл бовар қилмас даражада тез ва энг муҳими, ўта катта харажатларсиз рўёбга чиқариляпти. Суратдаги ускунани ишлаб чиққан Atomwize компанияси 10 йил ичида биофарма соҳасида дунё бўйича етакчилардан бирига айланди. Ўтган йили дори ишлаб чиқарувчи гигант Sanofi у билан 1,2 миллиард долларга тенг шартнома имзолади.

Бу – сунъий интеллект технологиялари яратиб берган имкониятларга битта мисол. Бугунга келиб одамлар аллақачон ушбу кашфиётдан матн (мақола, диссертация ва ҳатто шеър) ёзиш, расм/видео/аудиони қайта ишлаш ва янгиларини яратиш, мураккаб касалликларга диагноз қўйиш, компютер дастурлари ёзиш, корхоналарни бошқариш, маркетинг, суҳбатлашиш, веб-сайтлар яратиш сингари мақсадларда фойдаланмоқда.

Оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, сунъий интеллект (ингл. Artificial intellegence) – компютер тизимларининг шу вақтгача инсонларга хос бўлган ижодкорлик ва интеллектуал фаолиятни бажариш қобилиятидир. У нейрон тармоқлар, машинани ўқитиш (machine learning), табиий тилни қайта ишлаш, когнитив (онгли) ҳисоб-китоблар, компютернинг тасвирни кўриши