Фан-техника | 22:09 / 28.10.2023
52588
6 дақиқада ўқилади

NASA oдамларни ойга олиб чиқмоқчи, стрессни аниқлайдиган пайпоқлар ва билагузукка айланувчи смартфон – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Билагузукка айланувчи смартфон

Lenovo Tech World’23 кўргазмасида Motorola компанияси pOLED FHD+ дисплейига эга концептуал смартфонни тақдим қилди. Уни чинакамига буклаш ва ўраш мумкин. 

Бундай гаджет горизонтал ҳолатда оддий Android телефони каби ишлаши, букилган ҳолда эса стенд гаджетига айланиши мумкин. Уни билакка ўраб қўйса ҳам бўлади. Текис ҳолатда 6,9 дюймли экрандан тўлиқ фойдаланиш мумкин, лекин букланганда фақат 4,6 дюймли қисмини ишлатса бўлади. Смартфоннинг қачон сотувга чиқиши ва нархи ҳақида маълумот берилмаган.

NASA одамларни ойга олиб чиқмоқчи

NASA 2025 йилда одамларни Ойга олиб чиқишни ва у ерда космик станция қуришни режалаштирмоқда. Шунингдек, бир нечта турар жойлардан иборат аҳоли яшаш пунктини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

Фото: NASA

Ушбу лойиҳа 3D макетларни босиб чиқариш билан шуғулланувчи Техаснинг ICON қурилиш компанияси билан биргаликда амалга оширилади. Бугунги кунга қадар лойиҳага 60 млн доллар сармоя киритилди ва прототип синовлари аллақачон бошланган. Хусусан, Ойдаги шароитга яқин муҳитни таъминловчи махсус камера яратилган.

Ақлли пайпоқлар

Британиянинг Milbotix стартапи сунъий интеллектга эга ақлли пайпоқларни тақдим қилди. SmartSocks деб номланган пайпоқлар оддий матодан тикилган. Уларни бемалол кир ювиш машинасида ювиш мумкин, чунки батареяси йўқ.

Фото: Milbotix

Қурилма матосига ўрнатилган датчиклар инсон териси билан алоқа қилганда қувват олади. Алоқа нуқтаси фойдаланувчининг тўпиғи ҳисобланади.

SmartSocks инсонлардаги стресс даражасини ўлчаш учун мўлжалланган бўлиб, қариялар уйлари ва тиббиёт муассасаларидаги беморлар учун фойдали бўлиши айтилмоқда.

Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, синовлар 2024 йил якунланади, шундан сўнг янги технология оммавий сотувга чиқарилади. Дастлабки нархлар ҳали эълон қилинмаган.

Букилувчан парракли трансформер автомобил

Хитойнинг Xpeng AeroHT компанияси келажак автомобилининг иккита прототипини намойиш қилди. Биринчиси «Модел А» деб номланган, ташқи кўриниши бўйича икки эшикли купега ўхшаш. Букланадиган парраклар билан жиҳозланган ва шаффоф эшикларга эга. Орқа томонда LED фаралар ва катта вентиляция тешиклари мавжуд. 

Кўзгу ўрнига камералар ишлатилади. Эшик тутқичлари ҳам йўқ. Ушбу ташқи хусусиятлар парвоз ва ҳаракатланиш пайтида ҳаво қаршилигини камайтириш учун жорий қилинган. 

Фото: Xpeng AeroHT

Асосий хусусият — устки қисмида жойлашган роторлар. Улар саккизта ва корпус ичига яширилиши мумкин, бу эса автомобилни йўлларда ҳайдашда янада ихчам ва хавфсизроқ қилади. Учар машинанинг вазни тахминан 1000 килограммни ташкил қилади. Илгари унинг нархи бир миллион юан (қарийб 1,7 млрд сўм) экани айтилганди.

Фото: Xpeng AeroHT

Иккинчи прототип «Модел Б» номини олган. У биринчи версиядан тубдан фарқ қилади. У ҳаракатланувчи модул (асосий транспорт) ва учувчи дрондан иборат бўлиб, ташқи кўриниши минивен ёки ихчам юк машинасига ўхшайди. 

Футуристик автомобилнинг асосий қисми олтита ғилдиракка эга. Салонда олтита ўриндиқ бор. Электр дрон қўл ва автоматик бошқарувга эга, аммо фақат иккита йўловчига мўлжалланган. 

Gmail’дан овозли хат ёзиш функцияси

Gmail фойдаланувчилар фақат ўз овозини ишлатган ҳолда хабарлар яратиш имконини берувчи «овозли хат ёзиш» функциясини тақдим қилишни режалаштирмоқда. Бунда сунъий интеллект хатни тўлдиради.

Овозли териш функциясини қўшиш саёҳат пайтида ёки учрашувга кетаётганда хабар юбориши керак бўлганлар учун фойдали бўлиши кўзда тутилган.

TikTok видеолар давомийлигини оширади

TikTok фойдаланувчиларга 15 дақиқалик видеоларни юклаш имкониятини беришни синовдан ўтказа бошлади. Компания танлаб олинган ҳудудларда чекланган фойдаланувчилар гуруҳи ўртасида синов ўтказмоқда. Янги вариант иловадаги видео давомийлигини 10 дақиқадан 15 дақиқагача оширади. 

TikTok энг машҳур қисқа видео платформаси сифатида шуҳрат қозонганди, аммо вақт ўтиши билан хизмат узоқроқ форматларни ўзлаштира бошлади. Дастлаб компания 15 сонияли видеоларга рухсат берди, кейинчалик уларнинг узунлиги 60 сонияга етказилди. Феврал ойида компания видеонинг максимал узунлигини 3 дақиқадан 10 дақиқагача оширди. 

Эълон қилинган ўзгариш TikTok платформасини YouTube билан рақобатини янада оширади. Ушбу янгилик билан TikTok одатда YouTube тармоғида контент жойлаштирадиган видео муаллифларини жалб қилмоқчи эканини кўрсатади. 

Xiaomi 14 смартфонлари

Хитойнинг Xiaomi компанияси янги маҳсулотлар тақдимоти доирасида Xiaomi 14 ва Xiaomi 14 Pro смартфонларини намойиш қилди.

Фото: mi.com

Қурилмалар Snapdragon 8 Gen 3 чипи билан жиҳозланган, С8 ёруғлик таратувчи материалга асосланган дисплейга эга. Унинг максимал ёрқинлиги 3000 нит ва зичлиги 422 дюйм/пикселгача. LPTO технологияси 1 дан 120 Гц гача бўлган ўзгарувчан янгиланиш тезлигини таъминлайди.

Xiaomi 14 смартфони 5 Гбит/с гача ўтказиш қобилиятига эга USB 3.2 Gen1 порти билан жиҳозланган, Xiaomi 14 Pro эса USB 3.2 10 Гбит/с улагичга эга. Асосий версиянинг юқори энергия зичлигидаги аккумулятори 4610 мА•соат бўлиб, 90 Вт HyperCharge симли ва 50 Вт симсиз зарядлашни, Pro версиясининг 4880 мА•соат батареяси эса 120 Вт HyperCharge симли зарядлашни қўллаб-қувватлайди. Янги қурилмалар бозорга Xiaomi HyperOS операцион тизими билан чиқади.  

Мавзуга оид