16:11 / 11.11.2023
5621

«Чегара билмас мухбирлар» сунъий интеллект билан ишлаш хартиясини эълон қилди

Хартия муаллифларининг фикрича, 10 та тамойиллар тўплами журналистлар учун сунъий интеллект билан ишлашда ахлоқий йўриқномага айланиши керак. 

Фото: Friedrich Stark/epd-bild/picture alliance

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 16 та ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Сунъий интеллект ва журналистика бўйича Париж хартиясини эълон қилди. У, муаллифларга кўра, сунъий интеллект (СИ) билан ишлашда оммавий ахборот воситаларининг тамойилларини аниқлашга ёрдам беради. Хартия 10 ноябр, жума куни чоп этилди

Фуқаролик жамиятининг турли соҳаларини ифодаловчи ташкилотлар, сунъий интеллект бўйича экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар билан ҳамкорликда 2023 йилнинг июл ойида 10 та тамойил тўплами устида иш бошланган. Хартия RSF томонидан 2021 йилда «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов билан биргаликда тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган журналист Мария Ресса раислигидаги комиссия томонидан ёзилган.

Хартия муаллифлари «бу технологиялар медиа-индустрияни ўзгартиришга тайёр бўлган сунъий интеллект даврида янгиликлар ва маълумотларнинг яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича фундаментал ахлоқий тамойиллар тўпламини белгилаш»ни мақсад қилган. 

Хартиянинг ўнта тамойили 

RSF хартиясининг асосий тамойиллари журналистикада сунъий интеллект тизимларидан фойдаланиш ва ривожлантириш журналист этикасининг асосий қадриятларига, шу жумладан ахборот ишончлилиги, холислик, шахсий дахлсизлик ва манбаларнинг махфийлигини ҳурмат қилишга хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги бандни ўз ичига олади. Инсон фаолияти таҳририятларда марказий ўринда қолиши керак. 

Хартияда журналистиканинг мақсади жамиятга реал ва яратилган контентни фарқлашда ёрдам бериш экани, оммавий ахборот воситаларининг ўзи эса, ҳатто сунъий интеллектдан фойдаланганда ҳам контентнинг келиб чиқишини доимо кўрсатиши ва бунинг учун масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклиги таъкидланган. «Технологик инновациялар тараққиётга автоматик тарзда олиб келмайди: инсониятга чинакам фойда келтириши учун у ахлоқ қоидаларига амал қилиши керак», деб таъкидлаган низом муаллифлари. 

«Париж хартияси - сунъий интеллект ва журналистика бўйича биринчи халқаро ахлоқий йўриқнома. Фактлар ва далиллар, асл ва синтетик контент ўртасидаги аниқ фарқ, таҳририятнинг мустақиллиги ва инсон масъулияти сунъий интеллект даврида матбуотда ишончли янгиликлар ва маълумотларга бўлган ҳуқуқнинг асосий кафолати бўлади», - деди Мария Ресса. 

Top