Дунё аҳолиси ошиши сабаб 2050 йилда ҳозиргидан кўра 70 фоиз кўпроқ озиқ-овқат етиштиришга тўғри келади. Етмаганига, АҚШда йилдан йилга камроқ ёшлар фермерликни танлаяпти. Ҳозир фермерларнинг ўртача ёши 60 да. Иқлим ўзгариши ҳам етиштирилаётган ҳосилни хавф остига қўймоқда. Бу муаммоларни ҳал қилишда сунъий интеллект фермерларга ёрдам бера олиши мумкин.
Америкалик фермерлар сунъий интеллектни ўзлаштиришда ва уни иш шароитига қўллашда жадаллик билан давом этяпти. Технологиялар қанчалик мураккаб бўлмасин, улар шунчалик зарур ҳамдир.
АҚШ қишлоқ хўжалигида ишчиларнинг етишмаслиги аграр саноат даромади ва ҳосил миқдорига хавф туғдиряпти. Ишловчи қўлларнинг камлиги глобал миқёсда ҳам озиқ-овқат таъминотини хавфга қўяди. Ҳозир ишчи етишмаслигини қишлоқ хўжалиги бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёдаги энг йирик таъминотчи давлат бўлган АҚШга муаммо бўлиб қолмоқда.
Ишчи кучига эҳтиёж
Фермерларнинг қариб бораётгани ҳам асосий муаммолардан бири. Кўпчилик қуёш чиққандан то ботгунча меҳнат қилишни хоҳламайди. Қолаверса, фермерлик узоқ йиллардан бери ота касб бўлиб келган, лекин ёш авлод уни давом эттиришни хоҳламаяпти. Аксинча, улар иш интенсивлиги юқори бўлмаган, яхшироқ тўлайдиган соҳаларда ишлашга хоҳиш билдиришмоқда. Аграр ишларни бажариш билан шуғулланувчи асосий қатлам – мигрантлар ҳам шундай, бошқа яхшироқ даромадли ишларга ўтиб кетишади.
"Меҳнат қилиш зарурати ҳозир биринчи рақамли ташвишимиз. Фермерларнинг ўртача ёши — 60 да", дейди АҚШ фермер хўжалиги федерациясининг ҳукумат ишлари бўйича директори Эмили Бакман. Унинг айтишича, ўзининг отаси ҳам фермер, ёши 70 да бўлишига қарамай, ҳали ҳам далада меҳнат қилади. Унга фақат Эмилининг акаси ёрдам беради холос.
Бакманнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги меҳнат бозори қисқариб бориш билан бирга қимматлашиб ҳам боряпти, ҳосил ҳам камайяпти. Ечим сифатида АҚШ фермерлари роботлар ва СИ воситаларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Технологиялар меҳнат юкини енгиллатишга ёрдам беришидан умид қилиняпти.
Сунъий интеллектга ўтиш
Сунъий интеллектдан фойдаланиш АҚШ фермерлари учун янгилик эмас. Улар бир неча ўн йилликлардан бери СИ технологияларидан фойдаланиб келишади. Фақат охирги йилларда улардан фойдаланиш ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил охиригача аграр корхоналарнинг 87 фоизи сунъий интеллект технологияларидан маълум даражада фойдаланган.

















