Талаба ишлаши ҳақида қонунчиликда нима дейилади?

Талаба ўқишдан бўш вақти бемалол ишлаши мумкин. Меҳнат кодексининг 383-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.

“Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг “Олий таълим тўғрисида”ги низомида кундузги таълимдаги талабалар ўқишдан бўш вақтларида куннинг иккинчи ярмида олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинлиги айтилган. Лекин буни иш берувчилар талабаларга фақат куннинг иккинчи ярмидагина ишлашга рухсат берилган деб тушунмаслиги керак. Чунки бошқа юқори турувчи ва устувор қонун ҳужжатларидаги умумнормалар ҳар қандай шахсларнинг, жумладан, талабаларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳам бирдек эътироф этади.

Талаба нечанчи курсдан таълим олаётган ўз мутахассислиги бўйича ишлаши мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори тегишли низомига кўра, ОТМнинг кундузги, кечки, сиртқи таълим шаклларининг педагогика йўналишларида ўқиётган шахслар 3-курсдан бошлаб ўқишига халақит бермаган ҳолда педагоглик ишини амалга ошириш учун умумтаълим муассасаларида асосий иш жойи сифатида ишга қабул қилиниши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади. Бу ВМнинг 2018 йил 5 январдаги 10-сон қарорида ҳам келтириб ўтилган.

Юридик ва соғлиқни сақлаш соҳаси талабалари-чи?

Президентнинг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорига кўра, юрисконсул ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс, шунингдек, олий таълим муассасасининг юриспруденция мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти ишлаши мумкин.

Президентнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида адвокатура соҳасига ёш кадрларни фаол жалб қилиш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим ташкилотлари юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига адвокатлик тузилмаларида меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб боришга рухсат этилиши белгиланди.