«У ерга бориш — суиқасд билан тенг». Россиялик ҳарбийлар украинларнинг Днипро соҳилидаги плацдарми ҳақида нималар демоқда?
Украина армияси Днипро соҳилининг оккупация остидаги чап соҳилига ёриб кирган. Ўтган ҳафтада украин қўшини Кринки посёлкасини эгаллаганди, сўнгги кунларда эса бу ерга оғир техникаларини ҳам олиб келди. BBC билан гаплашган россиялик ҳарбийлар Кринки атрофидаги жангларни ўз жонига қасд қилиш деб таърифлаган.
Россия армиясидаги манбалар Украина қуролли кучлари нафақат Россия оккупацияси остидаги ҳудудга ўтгани ва Херсон областида Днипро соҳилининг чап соҳилида яхши ҳимояланган ҳудудда илк бор плацдарм ташкил этганини, балки у ерга ҳарбий техникаларини ҳам олиб ўтаётганини тасдиқлади. BBC’нинг Украина қуролли кучларидаги манбасига кўра, Украина ҚК шу нуқтадан нисбатан кенг кўламли юришни бошламоқчи — бу орқали Россия қўшинларини бўлиб ташлаш ва уларнинг таъминот линиясини узиб қўйиш мўлжалланган.
«Ҳа, улар биз томонда. Кринки ҳудудида мустаҳкамланиб олишди. У ерда камида 500 нафар украиналик борлиги аниқ», – деган Россия баталёнларидан бирининг ҳарбийси.
Ҳарбийлар ёриб ўтиш ва Кринкининг эгалланишидан олдин Днипронинг истило остидаги соҳилида Украина қуролли кучларининг бир қанча диверсия-разведка гуруҳлари ҳаракатланганини айтишган. Улар россиялик ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар ёки ФВВ ходимларининг либосларини кийиб олиб, «Газел» ва «Жигули» русумли автомобилларда юришган. «Позицияларимизга жуда яқинлашиб келишган. Бизникилар қараб турганида — уларнинг барчасини йиқитишган», – деган BBC манбаси.
Днипро орқали қилинган шундай ҳужумлардан кейин пиёдалар ҳам дарёни кечиб ўтишган ва Кринки атрофидаги ўрмонзорга киришган. «19, 20, 21 октябр кунлари бу ерда бизни тўзитиб юборишди. Аммо кейин бизга денгиз пиёдаларини ёрдамга юборишди ва биз фақат шу туфайли омон қолдик. У ерда танкларни кўрмадим, улар танкларини нариги соҳилдан Антоновка ҳудудидан ҳайдаб ўтишган. Аммо улар бизнинг бир қанча машиналаримизни ҳам эгаллаб олишган», – деган ҳарбийлардан бири.
Украиналик ҳарбийлар соатига 100 км тезликда ҳаракатланувчи қайиқлардан фойдаланишмоқда, кузда эса кучли туман шароитида уларни кузатиш мураккаб, дейди ҳарбийлардан бири.
Украина қуролли кучлари чап соҳилдан парвоз қилган вертолётлардан ҳам фойдаланмоқда, улар жуда пастлаб учиб, россияликларнинг позицияларини бошқарилмайдиган ракеталар билан ўққа тутмоқда ва кейин ортига қайтиб кетмоқда.
«Аллақачон бир неча киши асир олинган. Бизнинг командир барча ўринбосарлари билан биргаликда қўлга тушган. Бизда вазият оғир. Тунда иккита ротамизни яксон этишди. Украинлар Кринки ҳудудида мустаҳкам ўрнашган ва уларни ҳозирча ортга суриб ташлай олмаймиз. Кунора эмас, ҳар куни алмаштиришсиз навбатчиликдамиз. Одамлар етарли эмас. Қолаверса, барча қўрқувда…»
Бир ҳафта олдин россиялик ҳарбийларнинг рациялари олиб кетилган — дастурий таъминотни янгилаш учун ва шундан буён улар алоқасиз жанг қилишмоқда. «Биз олти кундан буён қўлдан келганча ҳаракатланяпмиз. Кўр-кўрона. Ҳозирда вазият бироз тинчланган, лекин бошқа вақтларда бу ерда ҳамма нарса титраб туради. Блиндаж устига отишади».
Украин ҳарбийлари гуруҳи Днипронинг чап соҳилига ташланаётгани ҳақидаги хабарлар аввал ҳам бўлганди. Аммо чап соҳилда оғир техникалар ҳам пайдо бўлгани ҳақида эндигина гапира бошлашди. Бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари Днипро дарёсини оғир техникалар билан кечиб ўтишдек мураккаб амалиётни амалга ошира олган. Тўғри, ҳозирча ушбу плацдармнинг кўлами, техникалар миқдори ва — асосийси — Украина қуролли кучлари қанчалик узоққа кириб боришни режалаштиргани маълум эмас.
Кринки украин қўшинлари аввалроқ эгаллаб олган Антонов кўприги ҳудудидан шимоли-шарқда жойлашган. Украина қуролли кучлари Кринкига келиши билан Нова Каховка ва Олешкини боғловчи йўл бўйида жойлашган мазкур кичик қишлоқ атрофида «кулранг зона» кенгая бошлади, Россия қўшини вақт ўтган сайин ҳудуд устидан назоратни йўқотмоқда, йўллар эса хавфли бўлиб бормоқда.
Баландликлардаги сезиларли фарқ ҳам вазиятни оғирлаштиради: Днипронинг баландроқ ўнг соҳилига жойлаштирилган украин артиллерияси катта устунликка эга, шу туфайли Россия армияси кенгайиб бораётган плацдармга ёппасига ҳужум уюштира олмайди. Алоҳида пиёдалар роталари билан уюштирилган ҳужумлар эса йўқотишлардан бошқа ҳеч нарса олиб келмайди.
«Ҳозирча ушлаб турган ягона нарса — қамоқ»
Украин ҳарбийлари илк бор 2023 йил августида Россиянинг олдинги чизиқда турган бўлинмалари мудофаасини ёриб ўтганидан кейин барча таътиллар бекор қилинган.
«23-санадан йигитлар билан таътилга чиқишимиз керак эди. Барча ҳужжатлар келишилганди, аммо сўнгги лаҳзада барчаси бекор қилинди. Биз бу ерда энг олдинги чизиқдамиз, вазият ниҳоятда беқарор», — дейди шартнома асосида хизмат қилувчилардан бири. BBC таҳририятидаги аудиохабарга кўра, роталардан бирининг командири камида феврал ойига қадар барча таътиллар бекор қилинишини билдирган — ва ўшанда бир ойда бир киши кетиши мумкин бўлади. Баталёндан сўнгги бор июн ойида таътилга чиқишган.
Айримлар таътил йўқлигида уйга бориб келиш рухсатномасини пулга сотиш билан шуғулланган командирлардан бирини айблаган. «Кўпчилик тўлашга тайёр эди, биз эса йўқ, чунки бу буткул *** [бемаънилик]», — дейди аскар. Аммо BBC бу борада аниқ далил топа олмаган. «Бу ярамас уруш вақтида бундай қилиб бўлмаслигини тушуниши учун нима қилиш керак? — дейди ҳарбийлардан бири. — Мен шундай дейман: бизнинг руҳий ҳолатимиз шундайки, бу яна шундай давом этса, масалани ўзимиз ҳал қилишимиз мумкин. Ҳозирча бундан тийиб турган ягона нарса — қамоқдир».
«Эски позицияларга энди қайтиб кира олмаймиз»
Украинлар бир неча техникани 9 ноябр тонгида амфибиялар орқали Днипронинг чап соҳилига ўтказишган. Бу маълумотни BBC мухбирига олдинги чизиқдаги россиялик ҳарбийларнинг уч нафари тасдиқлаган. «Барча улар понтон кўприкларсиз техникаларни олиб ўта олмайди деб ўйлаганди. Лекин мана, уларда ҳали ҳам кўприк йўқ, аммо улар амфибияларда бир қанча қуролларини дарёдан олиб ўтишди. Тунда бизнинг соҳилга зирҳли техникалар ўтгани аниқ тасдиқланган. Қолаверса, уларда биздан тортиб олинганлари ҳам бор». Ҳарбий Россия армияси айнан қандай машиналарни бой берганига аниқлик киритмаган.
Охирги жангда қўли остидагилар таътилларни пуллашда айблаган командир ва унинг ўринбосарлари йўқолиб қолган.
Россия томонидаги «ҳарбий мухбирлар»нинг телеграм-каналларида 5 ноябр куни, дрон камераси орқали олинган кадрлар тарқалган, унда украинларнинг сузувчи транспортёри трос орқали боғланган «Буцефал» зирҳли транспортёрини оккупация остидаги соҳилга қандай олиб чиқаётгани акс этган.
«Стратегик жиҳатдан Кринкида ҳеч қандай муҳим нарса йўқ. Аммо уларга плацдарм керак, улар уни эгаллашган, кенгайтиришмоқда ва қайтариб беришмоқчи эмас», — деган олдинги чизиқда бўлиб турган ҳарбийлардан бири.
«Биз эса чап соҳилни уларга бера олмаймиз. Гарчи бу тарафда биз чекинганимиз ҳамда ҳудудни бўш қолдириб, Қрим ва Мариуполга йўлак очиб берганимиз ҳақида миш-мишлар юрган бўлса ҳам. Булар фақат миш-миш».
Украина қуролли кучларининг яна иккита жанговар пиёдалар машинаси (БМП) йўқ қилиниши билан якунланган тунги зарбаларидан кейин, украинлар томонидан яксон этилган ротанинг қолган-қутган қисми 9 ноябр куни Кринкидан узоқроққа олиб кетилган. «Ҳозирда вазият нормаллашган. Аммо биз исталган вақтда Кринкига боришга тайёр туришимиз кераклигини айтишмоқда. Бу қандай бўлишини билмайман. Биз энди эски позицияларимизга кира олмаймиз. Менимча, у томонга ҳаракатланиш — ўз жонингга қасд қилиш билан баробар. Ҳозир бу ерда ҳамма ўзида ғайрат топиш учун ичмоқда. Тез орада олдинга бориш кераклигини тушунишади».
«Белидаги оғриқ билан келган пулемётчи»
«Бизнинг ротадан 26 киши қолди, биринчи ротада – 24, иккинчи ротада – 27, учинчи ротада – 20 дан кўпроқ… Ҳар бирида тахминан юз нафардан одам бўлган», — деган BBC билан суҳбатда артиллериячилардан бири.
Унинг хизматдоши ротанинг ёзда олинган фотоларини юборган: машғулот майдонидаги аскарлар, чўқинаётган аскарлар, йўлда кетаётган аскарлар. «Уларнинг деярли барчаси энди йўқ», — дея ёзган у.
Ҳарбийлар Украина ҚК дрони орқали олинган видеони юборишган — у украин телеграм-каналларида тарқалди. Роликда россиялик аскарлар гуруҳи Кринкидан ўрмон томон қочишга урингани акс этган, аммо улар пулемётдан ўққа тутилган. 15 киши тил тортмай ҳалок бўлган, яна икки ярадор устига миномёт билан зарба берилган.
«Кринкидаги бўлинмалар ҳақида қисқача шуни айтишим мумкин: алоқа йўқлиги, артиллерия қўллови йўқлиги, бўлинмаларнинг ҳаракатлари дронлар орқали йўналтирилмаётгани якунда шундай видеоларга олиб келмоқда, бу фейк эмас, — дея бу кадрларни изоҳлаган РФ армияси ҳарбийларидан бири. — Вазият шундай. Теплинский (Ҳаво-десант қўшинларининг собиқ қўмондони, энди эса ─ «Днепр» қўшинлар гуруҳи қўмондони) ўзи айланиб юриб, ҳар бир офицерга нимани қандай қилиш кераклигини кўрсатиб чиқа олмайди, айрим катта бошлиқлар эса бошини кўтариб ишлашни хоҳламайди».
Қўшимча куч ҳақидаги саволга ҳарбийлар буни октябр ойи охиридан буён кутишаётганини маълум қилишган. Айтишларича, шу кунларда уларга пулемётчи юборишган — тўғри, радикулопатия билан оғриган, умуртқасида чурраси бор. «Бели оғриётган, базўр юрган пулемётчи келди. Ўзининг пулемёти тугул, автомат ҳам кўтара олмайди. Унинг белида грижаси бор, тушуняпсизми, грижа ва пулемёт, у *** уни кўтара олмайди *** [тамом] бўлади. Бундайларни ҳужум қилаётганлардан ажратиб бу ерга юборишмоқда. Иккинчиси келди ва унинг дарҳол тутқаноғи тутиб қолди. Шифокорлар уни ўрмондан олиб келишди, ўлишига сал қолган экан», — дейди BBC билан гаплашган яна бир ҳарбий.
«Военкоматда улар қаёққа қараган? Одамларни эпилепсия, грижа билан юборишмоқда, ***, сиз уларни қаерга юборяпсиз, ***?» — дея қўшимча қилади у.
«Бутун мамлакатни нима учун қашшоқликда сақлашгани энди тушунарли»
Ҳозирда РФ мудофаа вазирлиги Кринки яқинида янги рота шакллантирмоқда. Кринкини штурм қилиш учун денгиз пиёдалари ва собиқ маҳбуслар ҳамда жазоланган ҳарбий хизматчилардан иборат «Шторм Z» баталёни юборилади. Штормчиларни қуролдошлари тирик нишонлар деб аташади: «Улар ўлимга маҳкум. Уларни энг олдин юборишади. Душман уларни ўққа тутаётганида бизникилар ўт очиш нуқталарини аниқлашади ва кейин жавоб зарбалари беришади».
Яксон этилган бўлинма ҳарбийлари олисроқдаги позицияларга олиб кетилган. «Умид қиламизки, у ерга бизни эмас, денгиз пиёдалари ва ҳаво-десант кучларини биринчи бўлиб ташлашади, — дейди аскарлардан бири. — Шахсан мен бу ерда нима қилаётганимизни тушунмаяпман. Сиёсатчилар ўз ўйинларини чалкаштириб юборишди, бу туфайли жуда кўплаб ажойиб йигитлар ер остига кетди. Кимлардир дарё бўйида ётибди. Жасадлари уйига ета олмайди. Буларнинг барчаси бўлмағур иш. Атрофда шунча нафрат. Барча бир-биридан нафратланади, нима учун ва нега? Мен бу ерда ҳеч кимга бундай саволни бера олмайман».
У урушга алдов йўли билан тушиб қолганини айтади: «Мен аҳмоқ бўлиб шартнома имзолаганман. Менга пул керак эди, мени алдашди. Олдинги чизиққа юборилмаслигим ва катта пул ишлаб топишимни айтишди. Бир ой ўтмасдан мен Херсон областида эдим».
«Урушга сарфланган пуллар эвазига барчани бахтиёр қилиш мумкин эди. Нормал, яхши таълим олган жамият қуриш мумкин эди, — дея муҳокама қилади у. — Мамлакатни қўғирчоқдек безатиб қўйиш мумкин эди. Энди эса бутун мамлакатни нима учун қашшоқликда сақлаб келишгани тушунарли бўлмоқда. Озгина пул беришса, биз улар учун барча ишни қиламиз. Кўпчилик эса ниманидир тушунишга ҳам улгурмайди. Уларга янгиликларда махсус амалиёт кетаётгани, унинг режалари бажарилаётгани, барчаси жойида экани, ҳаёт давом этаётганини кўрсатишади. Қандайдир дўзахга ўхшайди».
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024