Жаҳон | 23:14 / 16.11.2023
40975
9 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари аҳолиси қанчага кўпайди – кимда қанча ўсиш бўлди?

Бугун дунёнинг аксарият ривожланган давлатларида демографик муаммолар кузатилмоқда. Аҳоли сони камайиб, ҳатто бошқа давлатлардан кўчиб келувчилар ҳам бу бўшлиқни тўлдира олмаяпти. Хўш, Марказий Осиё давлатларида демографик вазият қандай? Ўзбекистон аҳоли сони бўйича дунёда нечанчи ўринда?

Қозоғистон аҳолиси 20 миллион нафарга етди. Бу ҳақда 2023 йил 16 ноябр куни мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.

«Халқимизнинг сони 20 миллионга етди. Барчангизни ушбу муҳим воқеа билан табриклайман. Бахтли оила – миллат фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг гаровидир. Давлат оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни давом эттиради», дейилади Тўқаев эълон қилган хабарда.

Марказий Осиёдаги бешта республиканинг СССР тарқаб кетгандан сўнг демографик кўрсаткичларига қаралса хилма-хилликни кўриш мумкин.

Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистонда аҳоли сони тез суратларда кўпайган. Қирғизистонда ўртача, Қозоғистонда эса кўрсаткичлар анча паст бўлган.

Ҳатто 1990-йиллар ўрталарида мамлакат аҳолиси 2 млн атрофида камайиб кетган. 2015 йилдан сўнг туғилиш кўпайиб, аҳоли сони ҳам шунга ҳамоҳанг ўса бошлади.

Туркманистон эса бу ҳақдаги маълумотларни узоқ йиллардан буён ошкор қилмайди. Умумий ҳисобда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошади.

Қўйида бешта республикада мустақилликдан кейинги содир бўлган демократик вазиятни таҳлил қиламиз.

Марказий Осиё давлатларининг умумий харитаси

Ўзбекистон

1991 йилда 20,4 млн

2023 йилда 36,6 млн

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат ҳисобланади. Ҳозирги пайтда республика аҳолиси 36,6 млн нафарни ташкил этмоқда.

1989 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган ва унда республика аҳолисининг сони 19,7 миллион кишини ташкил этган.

1990 йилда республика аҳолиси 20,2 млн нафар бўлган. 2000 йилда 24,5 млн, 2010 йилда 28 млн, 2020 йилда 33,9 млн нафарга кўпайган.

Статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 2023 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 36 млн 599 минг кишини ташкил этган.

Улардан 18 млн 176 минг нафари аёллар, 18 млн 422 минг нафари эркаклар. Доимий аҳоли таркибидаги эркаклар сони аёллар сонидан 246 минг кишига кўп.

Йил бошидан буён аҳоли сони 574,8 минг кишига ошган ва 2023 йилнинг ўтган ҳар бир ойида ўртача 63,9 минг кишига кўпайган. Ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига кўпаймоқда.

Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудуий тузилиши

Ўзбекистон ҳозирда туғилиш даражаси бўйича МДҲ давлатлари орасида Тожикистон билан бирга юқори ўринларни эгаллайди. Аҳолининг 57 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 32 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 11 фоизи кексалар ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда ўртача умр кўриш 74,3 ёшни ташкил этади, шундан аёлларда 76,6 ёш, эркакларда 72,1 ёш. Мустақиллик йилларида бу кўрсаткич 7,9 йилга ўсган.

Ўзбекистон аҳоли сони бўйича дунё давлатлари орасида 43-ўринни эгаллайди. Республикада аҳоли анча зич яшайди ва 1 километр квадрат ҳудудга 78,7 киши тўғри келади.

Қозоғистон

1991 йилда 16,8 млн

2023 йилда 20 млн

Қўшниларимизда мустақилликдан кейин демографик вазият бироз бошқача бўлган. Қозоғистон аҳолиси 1987 йилда 16 миллиондан ошганди. 1994 йилгача аҳоли кўпаймади ва шу ҳолида турди.

Яъни мамлакатдан кўп сонли руслар, немислар, чеченлар ва бошқа миллатлар кўчиб кетган бўлса, уларнинг ўрнига Россия, Монголия, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан кўплаб қозоқлар кўчиб киришди. Шу тариқа аҳоли сони ўсмаган бўлса ҳам мувозанат сақланди.

Бироқ 1995 йилдан бошлаб негадир аҳоли сони кескин камая бошлади ва 1999 йилга бориб 14 млн нафарга тушиб қолди. 5 йил аҳоли умуман кўпаймади.

2004 йилдан бошлаб одамлар сони жуда паст кўрсаткич билан ўса бошлади ва фақат 2010 йилга келиб 1987 йилдаги натижа, 16 миллионлик марра қайта забт этилди.

Шундан сўнг, мамлакат аҳолиси кичик фарқ билан бўлсада ўсиб келаяпти. Жумладан, 2013 йилда аҳоли сони 17 млн, 2017 йилда 18 млн, 2021 йилда 19 млн нафардан ошди.

2023 йил 16 ноябр куни эса мамлакат раҳбари Қозоғистон аҳолиси сони 20 млн нафарга етганини эълон қилди. Бу кўрсаткич билан Қозоғистон дунё давлатлари орасида 62-ўринни эгаллайди.

Қозоғистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши

Ўзбекистондан фарқли равишда мустақиллик йилларида Қозоғистонда уч марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилган. Дастлабкиси 1999 йилда, иккинчи марта 2009 йилда, сўнггиси 2021 йилда ўтказилган.

Бугун Қозоғистон аҳолисининг 10 млн нафардан ошиқроғини аёллар, қарийб 10 млн нафарини эркаклар ташкил этади. Аёллар эркаклардан қарийб 400 минг нафарга кўп.

Қозоғистонда аҳолининг ўртача умр кўриш ёши 74,4 ёшни, бунда ўртача ёш эркакларда 70,2, аёлларда 78,4 ни ташкил этади.

Қозоғистон ҳудуди жуда катта. Шу сабабли бу ерда аҳоли зичлиги унча юқори эмас. Мамлакат бўйлаб ўртача 1 километр квадратга 7,3 нафар одам тўғри келади.

Тожикистон

1991 йилда 5,3 млн

2023 йилда 10,3 млн

Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича учинчи ўринда Тожикистон жойлашган. Бу давлат ҳудудининг 93 фоизи тоғ, қир ва адирликлардан, 7 фоиз ери текисликда жойлашган. Гарчи уй-жой қуриб, жойлашиш ноқулай ва бўлса ҳам бу давлатда аҳоли сони юқори динамика билан ўсиб келаяпти.

1992 йилда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланди ва у қисман 1997 йилгача давом этди. Талатўплар содир бўлганда мамлакатда яшовчи русийзабонларнинг аксарияти хорижий давлатларга кўчиб кетди.

Маҳаллий халқ вакиллари ҳам Россияга, бир қисми Ўзбекистонга кўчди. Талатўплар тингандан кейин ҳам узоқ йиллар мамлакатда иқтисодий аҳвол жуда ёмон бўлгани учун бундай кўчишлар давом этди.

Шундай бўлса ҳам, Тожикистон аҳолиси кескин ўсиш динамикасини кўрсатиб келмоқда.  Жумладан, 1991 йилда Тожикистон аҳолиси 5,3 млн бўлган. Мамлакат 2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, 10 миллиондан ошди.

1998 йилда аҳоли сони 6 млн нафардан ошган. 2007 йилга келиб 7 млн бўлган. 2014 йилда 8 млн, 2019 йилда 9 млн, 2023 йилда эса 10 млн нафарга етган.

Тожикистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши

Тожикистонда аҳоли анча зич жойлашган. Бу ерда 1 километр квадрат ҳудудга 70,7 киши тўғри келади. Тожикистон аҳоли сони бўйича дунё давлатлари орасида 93-ўринда жойлашган.

2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, Тожикистон аҳолисининг 5 млн 124 минг нафарини аёллар, 4 млн 954 минг нафарини эркаклар ташкил этади.

2022 йилда мамлакатда 305 977 нафар чақалоқ туғилган. 56 188 киши вафот этган. 1991-2023 йиллар оралиғида ҳисобланганда Тожикистон Марказий Осиё республикалари орасида аҳоли сони ўсиши бўйича 1-ўринда туради.

Қирғизистон

1991 йилда 4,4 млн

2023 йилда 7 млн

1991 йил СССР тарқаб кетиши арафасида Қирғизистон аҳолиси 4,4 млн бўлган. Ўша пайтда бу республикадан ҳам жуда кўп русийзабонлар кўчиб кета бошлашган.

Аҳоли сони 5 миллионга етиши учун бу давлатга 13 йил керак бўлди ва 2004 йилда бу марра забт этилди.

Орадан 12 йил ўтиб, 2016 йилда Қирғизистон аҳолиси 6 млн бўлди. 2023 йилда эса 7 миллиондан ошди. Ҳозирда бу давлатда 7 млн 37 минг аҳоли бор. Қирғизистонда 1 километр квадрат ҳудудга 34,5 киши тўғри келади.

Бошқа манбага кўра, республика аҳолиси 2023 йил сўнггигача 6 млн 912 минг нафар бўлади. 2022 йил охирида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш пайтида Қирғизистон аҳолиси 6 млн 936 минг нафар экани аниқланган.

Қирғизистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши

Катта эҳтимол билан республика аҳолиси ҳозирги пайтда 7 млн нафардан ошгани ҳақидаги маълумот тўғри. Қирғизистон аҳоли сони бўйича дунё давлатлари орасида 108-ўринни эгаллайди.

2023 йил 1 январ ҳолатига кўра, Қирғизистон аҳолисининг 3,5 млн нафардан ошиқроғини аёллар, 3,4 млн нафардан ошиқроғини эркаклар ташкил этади.

Марказий Осиёнинг бошқа республикалари каби Қирғизистонда ҳам аҳоли юқори динамика билан ўсмоқда. Шу сабабли 2050 йилгача мамлакат аҳолиси 10 миллиондан ошиши тахмин қилинмоқда.

Туркманистон

1991 йилда 3,7 млн

2023 йилда 6,5-7 млн атрофида

Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича тузилган рўйхатда Туркманистон Қирғизистон билан бирга жойлашган. Бироқ бу давлат узоқ йиллардан буён мамлакат аҳолиси сонини очиқламай келади.

2023 йил июл ойида мамлакат раҳбари Сардор Бердимуҳаммедов 2022 йилда Туркманистонда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш ишларининг якуни бўйича мажлис ўтказганди ва аҳоли сонини очиқлаганди.

Унга кўра, 2022 йил декабр ҳолатида қўшни давлатда 7 млн 57 минг аҳоли яшайди. Бошқа манбаларда Туркманистон аҳолиси 6,3 млн нафардан ошгани келтирилади.

Туркманистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши

Туркманистонда ҳам эркаклар сонидан аёллар сони кўп. Жумладан, мамлакат аҳолисининг 51 фоизини аёллар, 49 фоизини эркаклар ташкил қилади.

Аҳолининг ўртача умр кўриш ёши 68,5 ёш. Бу кўрсаткич эркакларда 65,6, аёлларда 71,6 ёш.

Туркманистон аҳоли сони бўйича дунё давлатлари орасида 114-ўринда жойлашган. Бу ерда аҳоли зичлиги 1 километр квадрат ҳудудга 12,9 нафар одам тўғри келади.

P.S. Юқоридаги маълумотлар билан бошқа манбаларда берилган маълумотларда бироз фарқ бўлиши мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид