Ўзбекистон | 22:00 / 18.11.2023
19470
6 дақиқада ўқилади

“АҚШ Хитойни тийиб туриши учун Тайван жуда қулай восита” – экспертлар билан суҳбат

Узоқ кутилган учрашув, Байден Си Жинпингни Сан-Францискода қарши олди. Музокаралар чоғида икки томон ҳам икки хил мавзуларни ўртага ташлади. Хўш, бу учрашув кутилган натижаларни берадими? Марказий Осиё давлатлари бу курашнинг қайси нуқтасида бўлади? Тайван сабаб икки давлатнинг ҳарбий тўқнашуви содир бўладими? Мавзунинг шу каби нуқталарини таҳлил қилиш учун бугун студиямизга сиёсий таҳлилчилар Улуғбек Ҳасанов, Камолиддин Раббимов ва Хамза Болтаевларни таклиф этдик. ХХР раиси Си Жинпинг ва АҚШ президенти Жо Байден Сан-Франциско яқинида ўтказилган учрашувда икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги тўғридан тўғри алоқа каналларини тиклашга келишиб олди.

— АҚШ ва Хитой раҳбарлари учрашуви кутилган натижаларни берадими?

Улуғбек Ҳасанов: — Натижалари бўлади, албатта. Бу учрашувга бир неча ой давомида тайёрланган, асосий масалалар белгиланган. Халқаро муносабатлар, дипломатияда тасодифий учрашувлар бўлмайди. Барчаси олдиндан режалаштирилади.

Хамза Болтаев: — Бу учрашув олдиндан келишилган, манфаатлар кўриб чиқилган учрашув. Эътиборлиси шундаки, 1 йил олдин Индонезиядаги учрашувдан кейинги учрашув. Индонезиядаги учрашувда келишилган масалаларнинг кўпи амалга ошмади. Шунинг учун мазкур учрашувдаги масалалар ҳам амалга ошиши сўроқ остида, вақт кўрсатади. Лекин учрашув яхши кайфиятда ўтганини кўрдик.

Камолиддин Раббимов: — Бу учрашувдан икки томон ҳам катта натижалар кутгани йўқ эди. Чунки бу икки давлат тирашуви тобора кристаллашиб боряпти. Уларнинг ўртасидаги фундаментал рақобат борган сари кучайиб боради. АҚШнинг ҳар йилги стратегик ҳужжатларида ХХР глобал майдонда АҚШ мавқейи ва манфаати учун таҳдид сифатида кўрилади. Икки томоннинг ҳам ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб олдига қўяётган вазифалари бор.

Хитойнинг ичида вазият мураккаб, ёшлар ишсизлиги юқори. Обама давридан бошланган савдо-иқтисодий урушлар давом этяпти. Украина уруши давом этяпти, Яқин Шарқда Исроил-Фаластин конфликти, шу ҳолатда АҚШга яна бир бошқа муаммо ортиқчалик қилади. Икки тараф ҳам қисқа муддатли тактик вазифаларга эришмоқчи холос.

Улуғбек Ҳасанов: — Бу учрашувга ижобий тус бериш қийин. Чунки таъкидланганидек, бу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик давом этмоқда. Си Жинпинг G20 саммитига бормаган ҳам эди. Ҳиндистон билан бирга янги транспорт коридори лойиҳаси тасдиқланди. Бу лойиҳа Хитойнинг «Бир камар — бир йўл» коридорига муқобил бўлади.

Бу ўринда Марказий Осиё орқали ўтадиган коридор ҳам муҳим. Бизнинг ҳудуддан ўтадиган транспорт коридори орқали Хитойнинг юк етказиш вақти 2 баробарга қисқаради. Ҳозирда 10 фоиз логистика харажатига кетади, Марказий Осиё орқали ўтса, бу қисқаради. Биздаги ривожланган темирйўл тизими орқали тезликни ҳам оширади. Товар етказиш жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

— АҚШ президенти Хитой раҳбари билан бўлган учрашувни аввалги баёнотларга нисбатан илиқ баҳолаш мумкин, лекин Лойд Остин Тайванга ҳарбий ёрдам давом этишини айтди, бу нимани англатади?

— Хамза Болтаев: — АҚШ ва ХХР ўртасида келишувлар, декларатив шартномалар бўлса-да, ўзаро фундаментал ишонч йўқ. Остин баёнотини ҳам ишончсизликка йўйиш мумкин. АҚШ Хитойнинг яхлитлигини таъкидласа-да, бирор конфликт юзага келса, Тайван ўзини ҳимоя қила олиш қобилиятига эга бўлиш керак деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам Тайванга қурол-яроғ сотиш, армия потенциалини оширишни кўзлайди.

Хитой Марказий Осиё минтақасидан ўтувчи коридорга қизиқаётганига яна бир сабаб АҚШ ва Тайван билан эҳтимолий тўқнашувлар пайтида денгиз йўллари Хитой учун хавфли бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам тезроқ бу коридорни ишга туширишга интиляпти.

Камолиддин Раббимов: — Айни пайтда Хитойга ҳам, АҚШга ҳам уруш керакмас,ташвишлари етарли. Тайван Хитойни тийиб туриш учун жуда қулай восита. Бу орол давлат Хитойга қўшилишни истамайди. Хитой кенг имкониятли автономия беришни таклиф этади, аммо буни истамайди Тайван. Бундан ташқари, Тайван демократик давлат ва АҚШ билан тарихан иттифоқчи ҳисобланади.

АҚШ Хитойнинг яхлитлигини тан олиб, Тайван қўшилишига розилигини билдиради, лекин бу жараён тўлақонли Тайван розилиги билан бўлиши керак, дейди. Тайван эса бу нарсага рози бўлмайди.

Хамза Болтаев: — Тайван Хитойни тийиб туриш учун яхши восита дейилди. Тайвандаги аҳолининг муносабати ўзгаряпти сўнгги 5-6 йилда, янги президент сайлангач. Яъни Хитойга нисбатан салбий муносабат ортяпти. Демоқчиманки, Тайван ва Хитой муносабатлари ёмонлашишида фақат Хитой томони айбдор эмас.

Улуғбек Ҳасанов: — Тайван бор экан, АҚШ манфаатлари ҳам у билан бор. АҚШ ва Тайваннинг стратегик хавфсизлик шартномаси бор. АҚШнинг Тайванга муносабати бир асрдан бери ўзгаргани йўқ. 1949 йилда Хитой озод бўлган бўлса-да, 1971 йилгача БМТ Хавфсизлик кенгашида Тайван бўлган. Бу давлатда дунёда энг яхши чиплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 1 трлн 680 млрд долларлик иқтисодиёт бу жуда катта. АҚШ ва Хитой раҳбарлари учрашувидан олдин Тайван билан музокаралар бўлган. Бу ҳаракат Хитойга ҳам бир сигнал, яъни олдин Тайван билан гаплашадиган масалаларимиз бор, демоқчи бўлди. Юқорида айтганимиздек, халқаро муносабатларда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди.

Хамза Болтаев: — АҚШнинг энг катта ҳамкорларидан бири барибир Хитой. Бу бўйича рақамлар ортиб бормоқда йилдан йилга. Хитой билан тирашув турли президентлар ва партиялар даврида ҳам пасаймаяпти. Сўнгги вақтларда технологик рақобат ҳам кучаймоқда. АҚШ Хитойга илғор технологияли чипларни бермасдан, бошқа давлатларга бериб, иттифоқчи давлатлар шакллантирди, булар: Япония, Тайван, Жанубий Корея ва Нидерландия.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид