Исроилнинг Фаластин ҳудудлари ва халқига қилаётган тажовузи кўп ўн йилликлардан бери давом этмоқда. Лекин салкам 2 миллиард аҳолига эга мусулмон дунёси Исроил давлати ва унинг иттифоқчиларини халқаро қонунчилик доирасида тийиб туришга эриша олмади.
Исроил – шу пайтга қадар БМТнинг резолюцияларида энг кўп қораланган, танқид қилинган давлатлардан бири. Лекин нега мусулмон дунёси Исроилни халқаро ҳуқуқ доирасида инсониятга қарши жиноятлардан тийиб тура олмайди?
Нега мусулмон дунёси, 50 дан ортиқ давлатни қамраб олувчи Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида, 18 та араб давлатини қамраб олувчи Араб давлатлари лигаси ва бошқа кўплаб халқаро бирлашмалар доирасида Исроилни тийиб турувчи ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, дипломатик чораларга эриша олмайди?
11 ноябр куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бир вақтнинг ўзида иккита катта саммит бўлиб ўтди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлар лигаси саммити. Унда 50 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этишди. Саммитнинг асосий мақсади – Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган ва кўплаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган урушини тўхтатиш эди.
Саммитда Ўзбекистон тарафидан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди ва Ғазо секторидаги тинч аҳолига нисбатан бўлаётган жиноятларни қаттиқ қоралади. Шунингдек, саммитда Туркия президенти Эрдўған ҳам нутқ қилиб, “Шарли Эбдо воқеасида дунё лидерлари намойиш ўтказган эди, лекин 11 минг фаластинлик тинч аҳоли ўлдирилди, ҳеч кимнинг парвойи йўқ, мусулмон бўлгани учунми?” деди.
Мусулмон дунёси ва араб ҳамжамиятининг талаблари Исроил томонидан инобатга олиндими? Йўқ, Исроил Ғазо секторида урушни давом эттирмоқда. Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони кескин ошиб бормоқда. Қолаверса, кўплаб араб давлатларида ҳаттоки Фаластинни қўллаб намойишлар ўтказиш тақиқланди. Бу ҳақда гапириш тақиқланган араб монархиялари ҳам бор. Сабаб нима?
Бу – аксарият араб ва мусулмон давлатларидаги ҳокимият табиати, унинг жамият билан, халқ билан муносабатларига бориб тақалади. Мусулмон дунёсида ҳокимиятлар халқ билан, жамият билан узвий ва тизимли боғланмаган. Ҳокимиятлар – халқдан автоном, мустақил корпорациялар сифатида фаолият юритади. Ҳокимиятлар – халқнинг иродаси ҳосиласи эмас, ҳукуматлар жамиятга институтлашган ҳолда боғлиқ эмас. Сайловлар сохта.
Авторитар, нодемократик давлатларда, ҳокимиятлар халқнинг иродаси билан узвий боғлиқ бўлмайди. Аксинча, авторитар ҳокимиятлар, одатда халқдан чўчиб, у билан курашиб яшашади. Шунинг учун ҳам авторитар давлатларда ҳокимиятларнинг энг катта ғам-қайғуси – халқни тийиб туриш, халқ билан яширинча ёки ошкора курашиш бўлади.














