Ўзбекистон | 00:03 / 30.11.2023
14624
3 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева халқаро саммитда иштирок этди

Қатарда «Сунъий интеллект даврида инсон ижодкорлиги» мавзусига бағишланган анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Қатардаги ХI Таълим бўйича халқаро инновацион саммитда иштирок этди.

Ушбу йирик анжуман 2011 йилдан буён Қатар давлати Таълим, фан ва ижтимоий тараққиёт фонди (Qatar Foundation) раиси, шайха Муза бинт Носир ал-Миснад шафелигида ўтказилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад – сиёсат, тадқиқотлар, етакчилик каби соҳаларда ташаббусларни илгари суриш орқали таълимда инновацион дастурларни яратишдир.

Бу йилги тадбир «Сунъий интеллект даврида инсон ижодкорлиги» мавзусига бағишланди.

29 ноябр куни саммитнинг асосий тадбирларида юқори даражадаги меҳмонлар, жумладан, хорижий давлатлар вазирлари, таълим ва ижтимоий соҳалар экспертлари қатнашди.

Бу саммитдаги иштирок сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир ифодаси бўлди.

PS: Мирзиёева Зироа́т Махму́довна (1964 йил 4 декабрь куни туғилган, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР) – жамоат арбоби, муҳандис-иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг рафиқаси.

Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. 1986 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (ҳозирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети) муҳандис-иқтисодчи ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади. Икки нафар қизи ва бир нафар ўғли бор. Мумтоз ва миллий мусиқани хуш кўради, тарих билан қизиқади.

2020 йилдан буён Ўзбекистонда очиқ ва инклюзив муҳитни яратиш орқали аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш масалалари бўйича қатор хайрия лойиҳаларини амалга ошираётган “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раисидир.

Фонд фаолиятининг устувор йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан иборат. Кўкаламзорлаштириш, ҳаво сифати мониторингини автоматлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар орасида экологик таълимни ривожлантириш, олис ҳудудларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби масалалар бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Ижтимоий ва экологик соҳалардаги долзарб масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида ҳам миллий, ҳам халқаро даражада қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Мавзуга оид