Аҳоли зичлиги бўйича энг катта давлат, дунёдаги энг совуқ пойтахт, динозавр қолдиқларига энг бой ҳудуд, чорак аҳолиси ҳалигача кўчманчи бўлиб яшаётган мовий осмон мамлакати – Мўғулистон ҳақида тасаввурларимизни кенгайтирамиз.

Мўғулистоннинг Ўзбекистонга энг яқин ҳудуди бўлмиш Баян Улгий аймоғи Андижоннинг Хонобод туманидан атиги 1620 км узоқликда жойлашган. Бу масофани кўз олдимизга келтириш учун Тошкентдан тахминан Боку, Теҳрон ёки Нью-Деҳлигача бўлган узоқликни тасаввур қилсак бўлади.

Инсоният тарихида дунёнинг туташ ҳудудли энг йирик империясини қура олган Чингизхондан Россия ва Хитой ўртасида бугунги Мўғулистон қолган. У ҳам унчалик кичик давлат эмас, майдони жиҳатидан дунёдаги 18-йирик мамлакат. Аммо Чингизхон империясидан 20 марта кичик.

Мўғулистоннинг ҳозирги ҳудуди Ўзбекистон ҳудудидан 3,5 баробарга, харитаси жуда ўхшаш бўлган қарийб Швейцариядан эса 38 баробарга катта.

Бироқ Мўғул давлати 3,5 миллион аҳолиси билан Ўзбекистон аҳолисидан 10 бараварга, Швейцариядан 2,5 бараварга кам бўлиб, аҳоли зичлиги энг кам давлатлар орасида энг йириги ҳисобланади – ҳар квадрат километр майдонга атиги икки киши тўғри келади.

Тарих ҳақида қисқача

Мўғулистоннинг энг қудратли давлатчилик тарихи шубҳасиз хонлар хони Тимучин, яъни Чингизхон шахси билан боғлиқ. Унгача Мўғулистон ҳудудлари бир муддат хитойлар таъсири остида бўлган, кейинчалик Уйғур ва Турк ҳоқонликлари таркибига кирган. Шу сабабли бугунги мўғулча яшаш тарзида ҳам туркий, ҳам хитойча маданий унсурларни учратасиз. Мўғуллар тарихан туркий халқлар билан ёнма-ён яшаб келишгани сабабли уларнинг ҳам туркий экани ҳақидаги иддаолар баҳс-мунозараларга сабаб бўлса-да, ҳали аниқ бир хулосага келинмаган.

14-асрда мўғуллар салтанати парчалангач, ҳозирги Мўғулистон бошқаруви Юанлар қўлига, деярли уч асрдан кейин Цин давлати таркибига ўтади. Цинлар таъсири остида ҳам қарийб уч аср яшаган мўғуллар 1924 йилда совет иттифоқи таъсирида коммунистик давлатга айланди. 1990 йилгача шу тузум билан ҳамоҳанг бўлган Мўғулистон халқ республикасидаги советча архитектура ва кирилл ёзувининг қўлланиши ҳам собиқ иттифоқ билан ҳамкорлик натижасидир.