Жаҳон | 21:36 / 05.12.2023
34156
11 дақиқада ўқилади

Зеленский қўмондонлар билан Залужнийни четлаб ўтган ҳолда гаплашмоқда ва йиғилишларда унга пичинг қилмоқда

«Украинская правда» президент ва бош қўмондон ўртасидаги келишмовчилик ҳақида катта мақола тайёрлади.

Украина президенти матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA

Жаҳон нашрлари бир ойдан буён гўёки Украина президенти Володимир Зеленский ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўртасида фронтдаги муваффақиятсиз қарши ҳужум фонида юзага келгани айтилаётган можарони муҳокама қилмоқда. Барчаси Залужнийнинг The Economist нашрига берган интервюсидан бошланганди, унда бош қўмондон уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва йилларга чўзилиши мумкинлигини айтганди. Зеленский бунга жавобан вазиятни умидсиз деб ҳисобламаслигини билдириб, яна бир марта Украина Россия билан сулҳ ва можарони вақтинчага музлатиб қўйиш бўйича музокаралар олиб бормаслигини таъкидлади. Кейинроқ президент сиёсат билан шуғуллана бошлаган ҳарбийлар катта хатога йўл қўяётганини айтди. Кўпчилик буни тўғридан тўғри бош қўмондонга мурожаат сифатида баҳолади. Худди шу The Economist нашри кўп ўтмай Зеленский ва Залужний муносабатларини энди «даҳшатли»дан бошқа сўз билан таърифлаб бўлмаслиги ҳақида ёзди. Президент офисидагилар можаро ҳақидаги хабарларни нонсенс деб атаган. Бу вақтда Залужнийнинг фронтдаги вазият бўйича нуқтайи назарини Киев мэри Виталий Кличко очиқчасига қўллаб-қувватлаб чиқди. Ўз навбатида, президентнинг «Слуга народа» партиясининг Олий Рададаги фракцияси вакили бўлган депутат Маряна Безуглая эса Украина қуролли кучлари қўмондонида 2024 йил учун режа йўқлигини айтиб, уни истеъфога чиқишга чақирди. Украинадаги асосий нашрлардан бири, уруш ва ҳарбий цензура шароитида ҳам мунтазам равишда Украина раҳбарияти танқид қилинган материалларни чоп этиб келаётган «Украинская правда» президент ва бош қўмондон ўртасида нималар бўлаётгани ҳақида ёзди.

«Одамлар Залужнийни илоҳийлаштириб юборган»

«Украинская правда»нинг УҚК бош штабидаги суҳбатдошларига кўра, сиёсатчилар ҳамда ҳарбийлар ўртасидаги рақобат ва можаронинг дастлабки белгилари 2022 йил баҳоридаёқ кўзга ташланганди. Россия босқини авж палласида ўтказилган ижтимоий сўровлар украинларнинг мутлақ кўпчилиги Зеленскийга ишонч билдиришини кўрсатганди — 93 фоиз. Аммо янада кўпроқ фуқаролар — сўралганларнинг 98 фоизи — жамоатчиликка кўриниш беравермайдиган Залужнийни ифода этадиган Украина қуролли кучларини маъқуллаган.

Президент жамоаси вакили маълум қилишича, Зеленскийнинг офиси раҳбари Андрей Ермак ўшандаёқ Залужнийда сиёсий амбициялар бўлиши мумкинлигига эътибор қарата бошлаган. Масалан, бош қўмондон ўз номидаги хайрия жамғармаси ташкил этишига йўл қўйилмаган, Зеленскийнинг офисидагилар бу фонд вақти келиб сиёсий партияга айланиб кетиши мумкин деб ҳисоблашган.

Бундай ихтилофдан кейин Залужний онгли равишда медиадан йироқлашган ва фақат хорижий нашрларда қисқа баёнотлар билан кўриниш берган. Аммо бу унинг машҳурлиги ортишига сабаб бўлиб, «украин жамоатчилигининг феноменал реакцияси»ни юзага келтирган, дея ёзади УП.

«Яқинда айрим хорижий ташкилотлар бизда ҳозир қандай сиёсий бўшлиқлар пайдо бўлганини ўзи учун билиб олиш мақсадида Украинада фокус-гуруҳлар ўтказишди. Содда қилиб айтганда — одамлар Залужнийга сиғинади: „у бизни ҳимоя қилади“, „у болаларимизни асрайди“ қабилида. Шундай тоза иррационал эътиқод», — деган журналистларга юқори мартабали мулозимлардан бири аноним тарзда.

«Рейтинг» гуруҳи декабр ойи бошида ўтказган сўровда маълум бўлишича, Украинада президентлик сайловлари шу кунларда ўтказилса, Володимир Зеленскийга 47,4 фоиз сайловчи, Залужнийга — 30,7 фоиз киши овоз берган бўларди.

УП нашри қайд этишича, тадқиқотнинг тўлиқ натижалари оммага ошкор этилмаган. Фақат битта слайд Зеленский офисига алоқадор деб ҳисобланувчи «Вертикал» телеграм-каналига жойлаштирилган. 

Журналистлар тадқиқот маълумотлари билан тўлиқ танишишган. Унга кўра, иккинчи турда Зеленский 42 фоиз, Залужний эса — 40 фоиз олган бўларди. Шу билан бирга, Залужний бундай электорат қўлловига эришиш учун сиёсий майдонда мутлақо ҳеч нарса қилмаган. «У умуман медияда сиёсий субъект сифатида мавжуд эмас», — дея қайд этади нашр.

«Баъзида Зеленскийда икки хил армия бордек тасаввур уйғонади: Сирский қўмондонлигидаги „яхшилар“ ва Залужнийга бўйсунадиган „ёмонлар“»

Зеленский ва Залужний ўртасидаги кескинлик уруш ва сиёсат аралашуви оқибатида юзага келди, деб ҳисоблайди нашр. «Зеленский сиёсат элементларини армия раҳбариятига, яъни Залужний масъул соҳага олиб кирди. Шу билан бир вақтда, Украина қуролли кучлари бош қўмондони ўзи истамаган ҳолда сиёсий реалликда, яъни президентнинг ҳаётий манфаатлари соҳасида кўзга яққол ташланиб турадиган ҳодисага айланди», — дея ёзади УП.

Вазият Зеленский олий бош қўмондон мақомига эга бўлиш учун нафақат расмий равишда, балки амалда ҳам ҳарбий режалаштириш ва қўмондонлик билан шуғулланишини талаб этади. Шундай қилиб, Зеленский малда турли қўшинлар қўмондонлари билан, масалан, Қуруқлик кучлари қўмондони Олександр Сырский ва Ҳаво кучлари раҳбари Николай Олешчук билан мулоқот қилишнинг параллел механизмларини яратди, деган журналистларга президентга атрофидаги манбалардан бири.

Бир томондан ҳарбийлар билан тўғридан тўғри контакт президентнинг ишини тезлаштиради, аммо бошқа томондан бу Залужнийни айланиб ўтган ҳолда амалга оширилади ва Украина ҚК бош қўмондони ишини издан чиқаради, у расман ўз қўл остида бўлганларнинг маълумотларининг бир қисмини фақат штаб йиғилишларида олиши мумкин, агар олса, дея ёзади «Украинская правда».

«Кўряпсизми, шундай тасаввур борки, Зеленскийда икки хил Украина қуролли кучлари бор: Сирский ва бошқа фаворитлар қўмондонлик қиладиган „яхши“ ва Залужнийга бўйсунадиган „ёмон“. Бу бош қўмондоннинг иштиёқини сўндиради ва асосийси — бутун армияни бошқаришга халақит қилади», — дея журналистга вазиятни тушунтирган президент жамоасидаги суҳбатдош.

Бошқа ихтилоф областлар ҳарбий комиссариатлари раҳбарлари коррупцияда гумонланиб, ёппасига ишдан бўшатилиши тарихи билан боғлиқ. «Давлат тергов бюроси раҳбари [Алексей] Сухачев ёзда штабга келиб, ҳарбий комиссарлар қандай қилиб ишдан бўшатилгани ҳақида ҳисобот бера бошлади. Ва ундан кейин сўз Залужнийга берилди, у эса битта гап билан нуқтасига урди: „Ҳуқуқ-тартибот органларига миннатдорчилик билдираман, коррупция мавзуси муҳим. Аммо мен сафарбарлик бўйича ҳам сўнгги маълумотларни айтмоқчиман“. Бунда эса барча областларда кескин пасайиш қайд этилганди», — деган журналистларга ўша йиғилиш иштирокчиларидан бири аноним тарзда.

«Украинская правда» сўнгги кадрлар ўзгаришларига эътибор қаратган: Украина махсус операциялар кучлари қўмондони Виктор Хоренко ва Тиббиёт кучлари қўмондони Татяна Осташченко истеъфога чиқарилгани, шунингдек, Украина ҚК бирлашган кучлари қўмондони, мамлакат жанубини «таслим қилиш»да (буни норасмий равишда «Залужний иши» деб аташади) гумонланаётган Сергей Наев лавозимдан олиниши мумкинлигига эътибор қаратган. Бу ҳарбийларнинг барчаси бош қўмондон орбитасидагилар бўлиб, уларнинг ишдан бўшатилиши қўмондонлик вертикалида беқарорлик келтириб чиқаради, дея қайд этган УП.

Штаб йиғилишидаги аччиқ ҳазиллар

Зеленский ва Залужний ўртасидаги келишмовчилик Украина ҚК қарши ҳужумидаги муваффақиятсизликлар фонида сезиларли даражада кучайди. Ҳужум ҳаракатлари режаси бош қўмондон бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан тузилган, сиёсий раҳбарият эса уларнинг ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда ғарблик ҳамкорлардан ёрдам сўраб, янги бўлинмаларни қуроллантирган.

Ҳақиқий жанговар ҳаракатлар анча қийин бўлиб чиқди, бунинг учун «енгиб бўлмас ҳарбий шартлар» мавжуд эди: Россия армияси оператив танаффусдан кенг кўламли мудофаага тайёрланиш учун оқилона фойдаланди, Украина қуролли кучларида эса бундай амалиёт учун кучлар анча кам эди ва ғарб ваъда қилган қуролларнинг барчасини ололмади. 

Украина урушни давом эттириш учун янги йилгача ўқ-дориларнинг янги партиялари етказиб берилишига муҳтож. Бунинг учун Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари ҳақида олдиндан билиш керак, аммо Бош штаб ҳозирга қадар сиёсатчиларга 2024 йил учун стратегик режани тақдим этмаган.

УП маълумотига кўра, Бош штаб ҳисоб-китоблари шуни кўрсатадики, президентнинг Украинанинг бутун ҳудудини озод этиш бўйича топшириғини бажариш учун 350-400 миллиард долларлик куч ва воситалар керак бўлади. 1991 йилги чегараларга чиқиш учун бундай режа сиёсий раҳбариятни ҳам, ғарблик ҳамкорларни ҳам қониқтирмайди, дея қайд этади журналистлар.

Бу режанинг айрим тафсилотлари 20 ноябр куни Киевга келган Пентагон раҳбари Ллойд Остинга етказилган. «Остинга 17 миллион снарядга талаб борлиги билдирилган. У, юмшоқ қилиб айтганда, ҳайратга тушган, чунки бутун дунё бўйлаб ҳам шунча снаряд йиғиб бўлмайди», — деган украиналик юқори мартабали амалдорлардан бири.

Манбанинг қўшимча қилишича, Залужний гўёки шахсан АҚШ мудофаа вазирига Зеленский офиси билан муаммолари тўғрисида шикоят қилган. «Кейинроқ Остин бизга Залужний унга қандай халақит берилаётганидан, Офис унақа эмас, бу бунақа эмас, бошқаси бошқалигидан шикоят қилганини айтди. Президент ҳам бу гаплардан хабар топгани тайин. Бу эса ўртадаги ишончни оширмайди», — деган нашр суҳбатдоши.

«Остин келиб кетганидан кейин Зеленский Залужнийни алмаштириш қарорига яқинлашгандек таассурот бор. Штаб йиғилишларида эса, аксинча, баҳслар йўқолган ва ҳазиллар қилиниши бошланган, аммо бу жуда совуқ ва ўйиб оладиган ҳазил. Президент сўрайди: „Нима, биз 200 метрга чекиниб, қаҳрамонларча юриш қиляпмизми?“, Валера эса аччиқланиб сукут сақлайди», — деган нашрга штаб аъзоларидан бири.

Шу билан бирга, Володимир Зеленский жамоаси вакилларининг катта қисми ҳозирги бош қўмондон алмаштирилишига қатъиян қарши.

Бир томондан, Залужнийнинг ўрнини кимдир боса олиши қийин. УҚК қуруқлик кучлари қўмондони Олександр Сирский ягона яққол номзод бўлиб кўринади. Аммо у Украина фуқароларида машҳурликка эришмаган, қолаверса, йўқотишлар билан ҳисоблашмайдиган генерал тамғасидан қутула олмайди.

Аммо Зеленский офиси учун асосий муаммо украин сиёсатида янги «суперюлдуз» пайдо бўлишидир, Залужний истеъфога чиққан заҳоти айнан шундай одамга айланиши муқаррар, дея хулоса қилган «Украинская правда».

Мавзуга оид